Энди мактабда пул йиғилмайди
Ўтган ўқув йили бошида пойтахтимиздаги мактабларнинг бирида таҳсил олаётган 7-синф ўқувчисининг онаси таҳририятга шикоят билан қўнғироқ қилди:
— Фарзандим ўқиётган мактаб янги ўқув йили арафасида капитал таъмирланди. Шунга яраша барча қулайлик яратилди. Синфхоналарда техник воситалар етарли. Аммо ўқув йили бошиданоқ гулга, кўчатга, синф фондига, пардага деб пул йиғиш авж олди. Очиғини айтсам, ўзим коллежда дарс бераман. Бу йил дарс соатлари камайиб, маош ҳам шунга яраша қисқарди. Ёлғиз она бўлсам-да, фарзандимни етарлича таъминлаб келардим. Шу сафар қўлим калталик қилиб қолди. Синф раҳбарига қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Ўқитувчи тушунгандек бўлди. Аммо эртаси куни ишдан келсам, қизим тушкун кайфиятда. Маълум бўлишича, синф раҳбари маҳалламизга келиб, қўни-қўшнилардан мен ҳақимда суриштирибди. “Бу аёл кам таъминланганми?” деган саволга “Йўқ, унинг моддий аҳволи яхши” деган жавобни олган. Шундан сўнг ҳамкасбига мени “тўкин-сочин ҳаёт кечирса-да, ўзини кам таъминланганлар сафига қўшяпти”, дебди. Ҳамкасбининг фарзанди эса қизимга синфдош экан. У синфдошлари орасида қизимга икки ўқитувчи ўртасидаги суҳбатни айтиб берибди. Изтиробга тушган қизим мактабга боришни, ўқишни истамай қолди. Яхши гапириб, руҳини кўтариб, мактабга жўнатдим. Аммо аввалгидан-да хафа қиёфада қайтди. Ўқитувчиси унга яхши муносабатда бўлмабди...
Таълим-тарбия жуда нозик жараён. Мактаб ҳаётидаги ҳар бир янги воқелик, ташаббус ва ҳаракат ўқувчига таъсир кўрсатиши назардан четда қолмаслиги керак. Илм масканида ҳар хил эҳтиёжлар учун ота-она ва ўқитувчи ўртасида нақд пул муомаласи мана шундай салбий ҳолатларни келтириб чиқариши тайин.
Тан олиш керак, мактаб ўқувчиларга қулай шарт-шароит яратишда ота-оналар ва ҳомийлар ёрдамига эҳтиёж сезади. Мисол учун, бўр, қўл ювиш воситалари, ичимлик суви, оқ қоғоз, рангли қоғоз, баннерларга маблағ керак. Ўтган йиллар мобайнида бу каби пуллар васийлик кенгашлари орқали йиғиларди. Аммо тизим мукаммал эмаслиги юқоридаги каби салбий ҳолатларга сабаб бўлди. Гарчи ҳужжатда мактаб эҳтиёжига зарур маблағ кенгаш томонидан ихтиёрий йиғилиши ва сарф этилиши белгиланган бўлса-да, аксарият мактабларда ота-оналардан пул йиғиш мажбурий тус олди. Қурби етган ҳам, етмаган ҳам синф, мактаб фондига ва бошқа эҳтиёжларга пул бериши шарт бўлиб қолди. Табиийки, бу ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилиб, муассаса фаолиятига ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, юридик шахс мақомисиз кузатув кенгашлари ташкил этилди. Мактабларда ўқитувчи ва ота-она ўртасида нақд пул муомаласига чек қўйилди.
— Фарзандим Юнусобод туманидаги 122-мактабда таҳсил олади, — дейди тошкентлик Марҳабо Қуронова. — Таълим муассасасига моддий ёрдам кўрсатсак, бу фарзандларимиз келажаги учун фойда. Аммо ўтган йиллар мобайнида кўплаб мактабларда турли сабаблар билан барча она-оналардан ёппасига (кам таъминланган оилаларни истисно қилган ҳолда) мажбурий пул йиғилиши мактаб ва ўқитувчи обрўсига путур етказди. Янги ўқув йили мактабимиз учун қувончли бошланди. Таълим муассасаси капитал таъмирланди, шароитлар яхшиланди. Ўқув йили бошида ота-оналар мажлисида биз ҳам молиявий кўмак кўрсатмоқчи бўлдик. Синф раҳбари ташаббусимизни қўллаб-қувватлади. Бунинг учун янги тизим асосида ҳомий ота-оналар мактабга керакли нарсаларни ўзлари олиб беришаётганини айтди. Пул маблағи бериш фақат банк орқали амалга оширилишини таъкидлади. Энди куни узайтирилган гуруҳ учун белгиланган миқдордаги пулни ҳам банк орқали тўлаб, чекни мактаб маъмуриятига олиб бориб беряпмиз.Чилонзор туманидаги 181-мактаб ўқитувчиси Дилором Жалилованинг айтишича, бу муассасада ҳам ижара дарсликлари учун белгиланган тўловларни банк орқали амалга ошириш йўлга қўйилибди.
— Чеклар тўғридан-тўғри мактаб кутубхоначисига олиб келинди, — дейди Дилором Жалилова. — Очиғи, бу тартиб ўқитувчиларга ҳам маъқул бўлди. Ҳадеб ўқувчилардан пул сўраш бизга ҳам ёқмасди. Ота-оналар мажлиси шу мавзу атрофида ўтиб кетарди.
Таълим муассасаларида ҳомийлар билан ишлаш тажрибасининг оммалаштирилаётгани, бюджетдан ташқари маблағ топиш механизми ўз-ўзидан мажбурий пул йиғиш иллатига барҳам берди. Эътиборлиси, Халқ таълими вазирлиги бу жараёнда ўзига хос креатив ёндашувга қўл урмоқда. Мисол учун, 2018 йилнинг 29 сентябрь куни вазирлик томонидан мактабларга ҳомийлик маблағларини жалб қилиш учун Мfond.uz платформаси ишга туширилди. Эндиликда Мfond.uz платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, собиқ битирувчилар таълим муассасасига моддий ёрдам кўрсатиши мумкин. Ундаги маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилик таъминланади.
Таълим тизимидаги бундай ташаббуслар ота-она, ўқитувчи учун қулайлик яратиш, ўқувчининг сифатли билим олиш имкониятини оширишга қаратилмоқда. Шундай бўлса-да, ҳамон айрим мактабларда ислоҳотларни яхши тушунмаслик оқибатида синф, мактаб фонди, дарсликлар ижараси ва бошқа сабаблар билан ота-оналардан пул йиғиш ҳолатларидан воз кечилмаётгани маълум бўляпти. Бу ўша мактаб маъмуриятининг таълим тизимидаги ислоҳотлардан хабардор эмаслиги ёки уларнинг аҳамиятини илғаб ололмаётганидан далолат беради. Ўзгариш ва ислоҳотларни жараёнга татбиқ этиш учун тизимда фаолият юритаётган барча мутахассислар бирдек ҳаракат қилиши, муҳитга мослашиши мақсадга мувофиқ. Таълим маскани кўплаб масалаларда она-оналар ва ҳомийлар ёрдамига эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёжлар инобатга олиниб, илм масканига давлат бюджетидан ташқари маблағ киритилишининг қонуний, ишончли, шаффоф тизими яратилди. Энди уни тўғри ташкил этишда, аввало, мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчиларнинг барчаси амалиётда қўллаб келган эски одатдан воз кечиши лозим. Ота-оналарга Mfond.uz платформаси ҳақида маълумот бериш, ҳомийликни ана шу тизим орқали амалга ошириш қулай эканлигини тушунтириш ва ҳомийлар билан ишлаш тажрибасини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири