Коллеждан «ҳайдалган» ўқувчилар мактабда ўқишни қандай тиклайди?
Ж.Мамажонов 9-синфдан кейин Ўзбекистон иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. 1-курсда намунали ўқиган ўқувчи 2-курс 2-семестри(амалиёт дарслари)да кўп дарс қолдирди. Оқибатда коллеж маъмурияти уни курсда қолдирди. Шу йил сентябрда Ж.Мамажонов ўқишини давом эттириш учун коллежга борди. Бироқ коллеж раҳбарияти уни ўқишга қабул қилмади. Сабаб: биринчидан, таълим муассасасида бу ўқув йилида пайвандлаш йўналишида 2-курс йўқ, иккинчидан, 3-курсда ўқишни давом эттириш учун 2-курсни тугатиши керак. Ота-она таълимдан четда қолаётган фарзандини коллеждан олиб мактабга кўчирмоқчи бўлди. Аммо яна қоғозбозлик, сансалорлик...
Шу кунларда касб-ҳунар коллежларида давомати туфайли ўтган ўқув йилларида ўқишдан четлатилган ўқувчиларни мактабга кўчириш жараёни кетмоқда. Бу борада аниқ чора-тадбирлар режаси йўқлиги туфайли ўқувчининг таълимдан четда қолиб кетиш ҳоллари йўқ эмас. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг масъул ходими Шаҳноза Сатторовага мурожаат қилдик.
— Мамлакатимизда вояга етмаганларнинг бепул умумий таълим олиши давлат томонидан кафолатланган. Қонунга барча — педагоглар ҳам, ота-оналар ҳам сўзсиз итоат этиши керак. Ёшларнинг таълим олиши учун шароит яратишга масъулмиз, — дейди Шаҳноза Сатторова. — Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизими жорий этилди. Давомати паст, дарсларни ўзлаштира олмаган, академик қарздорлиги мавжуд ва қониқарсиз баҳолари кўпайиб кетгани учун курсдан қолдирилган коллеж ўқувчилари мажбурий таълимни мактабда давом эттиришга рухсат сўраб мурожаат қила бошлади. Албатта, биз уларнинг таълим олиши тарафдоримиз. Бироқ қўлимизда ўқувчиларни коллеждан мактабга кўчириш ҳақида аниқ меъёрий ҳужжат ёки йўриқнома йўқ. Мактабга келаётган ёшларнинг кимлиги, оилавий муҳити, коллежда нима сабабдан курсда қолдирилгани ҳақидаги маълумотни билишимиз керак-ку...
Шу кунгача ўқишини коллеждан мактабга кўчириш истагидаги кўплаб ўсмирлар мурожаат қилган ва бу жараён ҳамон давом этяпти. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Афзал Абдуллаевнинг ўқиши Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабга кўчириб берилди. 1-Республика тиббиёт коллежи ўқувчиси Робия Убайдуллаева оилавий шароити тўғри келмаётгани боис, ўқишини мактабга кўчиришни сўраб мурожаат қилганди. Мурожаат ҳал этилди. Робия ҳозир Чилонзор туманидаги 79-мактабда таълим оляпти.
— Яшнобод тумани политехника коллежи ўқувчиси ўқишини мактабга кўчириш юзасидан мурожаат қилди, — дейди Шаҳноза Сатторова. — Суриштирсак, у охирги марта апрель ойида коллежга борган. Унинг шу пайтгача нима ишлар билан банд эканини аниқламасдан туриб мактабга қабул қила олмаймиз, ахир. Бу каби ўсмирларни қандай меъёрий ҳужжат асосида мактабга қабул қилиш ҳақида Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирлик Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида низом” ҳамда 2018 йил 23 март¬даги 212-сонли қарори билан тасдиқланган “Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида низом” талаблари асосида ишни ҳал этиш мақсадга мувофиқлигини айтган. Бу ҳужжатларда ўқувчиларни коллеждан мактабга кўчириш бўйича аниқ меъёрлар кўрсатилмаган. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва академик лицейлардан ўқишдан четлаштирилган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдим этилиши белгилангани таъкидланган.
Халқ таълими вазирлиги тавсияси асосида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари мактабларга қабул қилиняпти. Ўқишини мактабга кўчирмоқчи бўлганлар тегишли ҳужжатлар билан бирга туман(шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиядан маълумотнома олиб келиши зарур. Улар ҳақида батафсил маълумот олиш, оилавий аҳволи билан танишиш мақсадида мактаб директорлари, ўқитувчи ва психологларга аниқ кўрсатмалар берилган. Аммо ўқишни кўчириш жараёнидаги айрим кишиларнинг масъулиятни ҳис қилмаслиги ва сансалорлик оқибатида ўқувчилар таълим олишдан анча вақт узилиб қоляпти. Бу борада нафақат халқ таълими, балки касб-ҳунар таълими ходимлари ҳам вазифасига масъулият билан ёндашиши зарур.
Ота-оналар “Коллежда курс¬дан курсга қолиб кетиб, улғайиб қолган йигит-қизлар вояга етмаган ўқувчилар билан бир синфда ўқиши қанчалик тўғри?” дея ҳақли савол беришмоқда. Яқинда 22 ёшли аёл бир неча йил олдин коллежда тўхтаб қолган ўқишини мактабда давом эттирмоқчи экани ҳақида мурожаат қилган. У турмушга чиқиб, фарзандли ҳам бўлган. Бошқармага яна бир 21 ёшли йигит ҳам ана шундай мурожаат билан келган. Айтишича, 2 йил олдин коллежда курс¬да қолган, кейин ўқишнинг имкони бўлмаган — коллеж ёпилган. Айни пайтда бош бошқарма таълимдан узилиб қолган бундай ёшларни экстернат (тезлаштирилган) тарзда ўқитиш тизимини жорий этишни режалаштирмоқда.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби Исмоил Турсунов ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш масаласи ҳақида гапирар экан, бу жараённинг мураккаблашишида ота-оналарнинг “хизмати” катта эканини таъкидлади.
— Ўқийман, ўзим қизиққан касбни эгаллайман, деган киши қайси таълим муассасасида бўлмасин ўзига керакли билимни олади. Дарсга бормасдан курсдан-курсга қолиб кетаётган, ўз йўлини тополмаётган ёшларимизга тўғри йўналишни, аввало, оилада беришимиз зарур. Айрим ота-оналар фарзандининг ўқишга бормаётганини кўриб, кўрмасликка олади. “Бир амаллаб диплом олса бўлди. Кейин бирон иш ёки олий таълим муассасасига жойлаштириб қўяман”, деган ўй билан фарзанди келажагига бефарқ бўлади. Ўқишга бормаган ўсмир эса давомати пастлиги сабаб курсда қолади. Айрим ота-оналарни тегишли қонунлар бўйича маъмурий жавобгарликка ҳам тортдик. Ўз вақтида хулоса чиқармай, афсус чеккан кишиларни ҳам кўрдик. Туманимизда 9 та коллеж, 4 та академик лицей бор. Педагоглар билан ҳамкорлик — ишимиз мазмуни. Шу боис, ўқитувчилар билан тез-тез учрашиб, фикр-мулоҳаза алмашишга ҳаракат қиламиз. Таълим муассасалари раҳбарияти дарсга келмаётган, курсда қолган ёки тарбияси эътиборталаб ўқувчилар ҳақида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни ҳам ўз вақтида хабардор қилиб туриши лозим. Шунда фаолиятимиз янада жонланар эди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири