Мактаб формаси — тенглик тимсоли
Жамиятда турли соҳа вакиллари фаолият юритади. Айримларининг эгнидаги иш кийимига қараб, қайси касб эгаси эканини осонгина билиш мумкин. Чунки кийим танитувчи белги бўлиб, соҳибининг феъл-атвори, қизиқишлари, диди, қандай тоифадан эканлигидан ташқари, нима билан шуғулланишини ҳам билдириб туради. Ўқувчиларнинг мактаб формаси ҳам худди шундай.
Бироқ мактаб формаси борасида дунё миқёсида аниқ бир бичимга амал қилинмайди. Бу масалада мутахассислар ва ота-оналарнинг фикри турлича. Кимлардир уни керак деб ҳисобласа, бошқалар мажбурий форма боланинг шахс сифатида эркин ривожланишига тўсқинлик қилади, дейди. Улар орасида «ўқувчи формаси» ҳатто собиқ иттифоқ даврида оммалашган «анъана» деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Тарихга назар ташланса, ўқувчиларнинг бир хил либос кийиб юриши илк бор 1834 йили Россияда жорий этилган экан. Шу йили мамлакатда оддий одамлар учун алоҳида кўринишдаги мундирлар яратиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Натижада барча гимназия ўқувчилари ҳамда талабалар учун махсус мундирлар тикилади. Шундан бошлаб ўқувчи ва талаба йигитлар ҳарбийлар ҳамда оддий эркаклар кўйлаги бирикувидан ҳосил бўлган костюм кия бошлайди. Ҳатто айрим болалар бу костюмни дарсдан кейин ҳам эгнидан ечмай юрган.
Сал кейинроқ аёллар ҳам таълимга фаол жалб этилиб, мактабларда ўқувчи қизларнинг сони ортиб борди. Аммо қизлар учун форма 1896 йилдагина қатъий жорий этилган. У кундалик либослардан фарқли, оддий ва сипо кўринишдаги, тиззадан узун, жигарранг тусда эди. Унинг бор-йўқ безаги оқ энсиз ёқа ва манжет бўлган. Кўйлакнинг олд томонидаги этак эса аксессуар вазифасини бажарган. Қизлар катта мамнуният билан кийган бу формани ўрта ёшли кишилар ҳозир ҳам жуда яхши эслайди.
Кейинчалик мактаб формаси оммалашди. Ҳар бир давлат унга турли ўзгартиришлар киритди. Либосни ўз анъаналари, миллий рамзлари асосида яратди. Натижада дунё бозорларида ниҳоятда чиройли, замонавий, ўзига хос дизайндаги мактаб либослари пайдо бўлди.
Мутахассисларнинг аксарияти мактабларда барча ўқувчилар учун кийиш мажбурий бўлган форма жорий этиш тарафдори. Чунки мактаб формаси боланинг ўқувчи эканини, унинг таълим муассасасидаги асосий вазифаси билим олишдан иборатлигини эслатиб туради. Яна у болада қатъий тартиб ва интизомга бўйсуниш жиҳатларини тарбиялаб, ўқувчилар орасида тенглик ва бирдамликни сақлашга хизмат қилади. Мактабда барча ўқувчиларнинг тенг мавқеда бўлиши уларнинг ортиқча нарсаларга чалғимаслигида жуда муҳим. Аксинча ҳолатда эса бой оиланинг фарзанди ҳар куни ҳар хил либосда келиши ўртаҳол оила боласига салбий таъсир кўрсатиши, ўзини дўстларидан четга торта бошлаши, энг ёмони, ўқишдан кўнгли қолиб кетиши мумкин. Ягона мактаб формаси эса ижтимоий табақалашувни йўққа чиқаради.
Шу маънода ҳар хил тоифа инсонларга бирдек ёқадиган мактаб формасини яратиш осон эмас. У таълим муассасасининг имижини кўрсатиши билан бирга, миллий анъаналаримизга ҳам асосланиши керак. Дунёдаги аксарият мамлакатларда мактаб формаси ортиқча деталларсиз, классик усулда тикилган костюм-шим, қизлар учун юбка, кўйлак ва нимчадан иборат. Ҳар бир давлат форманинг бичими, ранги ва қўшимча деталларини танлашда юқоридаги стандарт, ва албатта, ўз рамзлари, тимсоллари, ҳудудининг иқлими, синфхона ичидаги ҳарорат каби мезонларни инобатга олади. Шунингдек, ўқувчи формаси қулай, сипо бўлиши ва ҳаво ўтказадиган табиий матодан тикилиши талаб этилади.
Мактаб формасига Шарқий ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида қизиқиш баланд. Одатда, пастки қисми тўқ, юқори қисми ёрқин ранг¬да тикиладиган мактаб формалари қулай ва бежирим кўриниши билан дунёдаги энг чиройли формалар қаторида туради.
Масалан, японлар ўзининг замонавий ҳамда ўзига хос дизайндаги мактаб формаси билан чинакамига фахрланади. Ўқувчиларнинг айримлари уни ҳатто таътил вақти ҳам ечмайди. Мамлакатдаги деярли барча мактабларда форма мажбурий жорий этилган бўлиб, ўғил болалар шим ҳамда тик ёқа ва тугмали костюм кўринишидаги «гакуран» кияди. Қизлар эса узун гольфи, қат-қат бурамали калта юбка, костюм ҳамда оқ блузка(енгил матодан тикилган кофта)да юради. Айниқса, қизлар оёққа қолипдек ёпишиб турадиган узун гольфини хуш кўради. Гольфи оёққа ярашиб туриши учун қизлар уни сумкасида доим олиб юрадиган махсус елим ёрдамида ёпиштиради. Шунингдек, япон ўқувчи қизлари орасида яна «сейлор фуку» (денгизчи костюми) ҳам жуда машҳур. У Осиё давлатларидаги энг чиройли форма бўлиб, шу либосда суратга тушган ўқувчи қизлар замонавий журналлар муқовасини безайди.
Замонавийлик борасида Жанубий Корея ҳам Япониядан қолишмайди. Мамлакатдаги барча мактабларда форма кийиш мажбурий этиб белгиланган. Аммо уларнинг бичими, ранги ва дизайнини танлаш ҳар бир таълим муассасаси ихтиёрида. Кўпинча мактаб раҳбарияти формаларни тикиш учун машҳур фирмаларга буюртма беради. Шу боис, Жанубий Кореяда замонавий мактаб формалари доим расмда бўлади. Бу ерда ҳатто машҳурлар ва модельерлар ҳам мактаб формасида суратга тушишни маъқул кўради. Ўқувчиларни-ку, айтмаса ҳам бўлади, улар одатда кўйлак, блейзер (бир ёки икки тугмали пиджак) бўйинбоғ, қизлар юбка, ўғил болалар кулранг шимдан иборат мактаб либосини бажонидил кийиб юради.
Кубада ҳам ўқувчилар таълим даргоҳида махсус формада юриши қатъий белгиланган. Бу ерда форманинг ранглар жамланмасини танлаш ихтиёрий, аммо қизларнинг сарафан кийиши, ўғил болаларнинг эса бўйинбоғ тақиши мажбурий саналади.
Очиғини айтганда, барча мактаб формалари ҳам биз ўйлагандек классик услубда бўлмайди. Масалан, Вьетнамда ўқувчилар миллий либослари — аозайда юради. Оқ шим ва узун оқ халат кийган ўқувчилар тиббиёт ходимларини ёдга солади. Аммо айтишларича, бу кийим ўғил-қизлар учун кўп томонлама ўнғай бўлиб, айниқса, велосипед минишга қулай экан.
Шри-Ланка аҳолиси ҳам оқ рангнинг ишқибози. Бу ерда мактаб ўқувчилари оппоқ матодан тикилган, тиззадан тушиб турадиган кўйлак кийиб, турли рангдаги бўйинбоғлар тақиб юради. Қизиғи, бу маҳаллий иқлим шароитига сира мос келмайди. Чунки ушбу тропик ўлкада тўпланадиган катта миқдордаги чанг ва ғубор оппоқ формани бир кунда кирлантиради.
Мактаб формасига африкаликларнинг меҳри баланд. Қора қитъада мактабга форма кийиб боришнинг ўзи катта байрам. Чунки бундай имконият ҳамма африкаликда ҳам йўқ. Фарзандининг ёрқин рангли кийимлар кийиб, ҳар куни мактабга қатнашидан ота-оналар ҳам завқланади. Таълим муассасаларига исталган рангдаги кўйлакда бориш мумкин, муҳими, у озода ва оддий бўлса бас. Ҳатто Гана ва Замбиядаги мактаблар раҳбарияти ўқувчиларнинг турли рангларда кийиниши уларнинг ўзлаштириш қобилиятини янада оширади, деб ҳисоблайди.
Бутанда форма сўзи ўз номича «форма» деб аталади. Улар ҳатто бу сўзни ўз тилларига ўгирмаган. Мамлакатда ўқувчилар мактаб ва бошқа жамоат жойларида асосан анъанавий либосларида юради. Ўғил болалар кийими «гхо», қизларники эса «кира» деб аталади. Ҳар иккаласининг ҳам кўриниши уйда кийиладиган халатни эслатади.
Судан қонунларига кўра, ўқувчилар мактаб формасини кийиши шарт. Ҳар бир ҳудуддаги мактаб формаси ранги ва бичимига кўра бир-биридан фарқ қилади. Мусулмон анъаналарига кўра, юқори синф ўқувчилари, албатта, бош ки¬йимда юришлари лозим. Ўғил болалар учун мактаб формаси сифатида оқ шалвар жорий этилган.
Индонезияда кўпчилик аҳоли эътиқодига кўра мусулмон бўлса-да, пайшанба ва жума кунлари мамлакатнинг миллий матоси — батикадан тикилган либосларда юришади. Либосга исталган расм ва безакларни тушириш мумкин. Одатда, уларни ўқувчиларнинг ўзи ёки ота-онаси ўйлаб топади. Рангли бўйинбоғ ва шляпаларни фақат расмий маросимларда кийиш мумкин.
Австралияда ўқувчилар формаси мавсумга қараб турли ранг ва бичимда тикилади. Бу ерда ўғил болалар 13 ёшгача калта шим (шорти), ундан катталар шим кияди. Тепа қисмига эса костюм ёки жемпер кийиш мумкин. Аммо ўқувчиларнинг барчаси ёшидан қатъи назар, шляпа кийиб юриши шарт.
Колумбияда ҳам мактаб формаси масаласига жиддий қаралади. Бу ерда ўғил болалар шим ва енги узун кўйлак, қизлар эса тиззагача тушадиган юбка, футболка ва нимчада юради. Кўйлакнинг чап тарафига ўқув муассасаси рамзи туширилиб, у боланинг қайси мактабда ўқишини билдириб туради.
Машҳур дизайнерлар фикрича, Англиянинг анъанавий мактаб формаси дунёда тенгсиз ҳисобланади. Классик, ишбилармонлик кўринишини акс эттирувчи услубдаги мактаб формаси нафақат мамлакат ичида, балки жаҳонда алоҳида эътироф этилади. У ўқувчиларни жиддий ва салобатли кўрсатиши билан ажралиб туради. Туманли Альбионда ўқувчи формаси номигагина тақдим этилмайди, ҳар бир детали устида алоҳида ишланади. У бутун бошли кийимлар жамланмасидан иборат бўлиб, устки кийим, пойабзал, пайпоқ, ҳатто, қизлар учун гольфини ҳам ўз ичига олади.
Англиядаги ҳар бир обрўли таълим муассасаси ўз логотипига эга бўлиб, у белги ёки ёрлиқ тарзида мактаб формасига ёпиштирилади. Айрим ўқув даргоҳларида ёрлиқ тасвири бўйинбоққа туширилади.
Яна бир эътиборли жиҳати, Англияда табақалашув қанчалик сезиларли бўлмасин, у мактабга дахл қилолмайди, яъни болалар мактаб формасини кийгач, тенглашади. Фақатгина билими ва салоҳияти, интизоми ҳамда одоби билан ўқувчилар ажралиб туради, эътибор қозонади. Улар учун олий мақсад — аъло баҳоларга ўқиш, сифатли таълим олиш. Ҳар бир жамиятда ота-оналар ва жамоатчилик айнан мана шу сифат учун курашмоғи, интилмоғи лозим.
Ирода ТОШМАТОВА тайёрлади.