Халқ таълими тизимидаги ўзгаришлар ўз самарасини бермоқда
Юртимизда мактабнинг ёш авлод камолотида тутган беқиёс ўрнини тўғри баҳолаган ҳолда таълим соҳасини ислоҳ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йил 23 июнда Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор ва 17 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг масъул шахслар иштирокида ўтказган йиғилишида халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, тизимни бошқаришда сифат, адолат, шаффофлик тамойилларига асосланиш масаласи кўриб чиқилди.
Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида педагог ходимлар қатор имтиёз ва қулайликларга эга бўлди. Жумладан, 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик маоши 1,1, юқори синф ўқитувчилариники ўртача 1,24, директор ва унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники 1,1 бараварга оширилди. Яна 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилар учун 1,1 бараварга оширилиши кўзда тутилди. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсия ёшидаги ўқитувчилар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда ҳам пенсиясини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди.
Қарорга биноан ўқитувчиларни туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги ишларга жалб этишнинг тақиқлангани катта янгилик бўлди. Эндиликда педагоглар касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ҳам жалб қилинмаяпти. Халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш бекор қилингани, ўқитувчидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ҳамда қўшимча маълумотларни талаб қилишга чек қўйилгани муаллимларни зиммасидаги ортиқча юкдан халос қилди.
Ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти берилади. Педагог ходимларга қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойлар, автокредит ва истеъмол кредитларини имтиёзли равишда бериш тартиби ишлаб чиқилди. Шу билан бир қаторда 2018—2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар” хиёбонлари барпо этилади.
Ўқитувчилар малакасини ошириш тизимида ҳам жиддий янгиликларга қўл урилди. Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизимида раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида илк бор мактаб директорлари учун 144 соатлик менежерлик курси иш бошлади. 2018 йил 29 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги томонидан “Краудфандинг” (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси — Mfond.uz ишга туширилди. Платформа ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилиб, маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради. Mfond ҳомийлик платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, мактабнинг собиқ ўқувчилари мактабларга ҳомийлик қилишлари мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click каби маҳаллий ва Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.
Халқ таълими тизимида илк бор “Бахтли мактаб” лойиҳаси жорий этилмоқда. Унга кўра, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан таянч-тренер мактаб танлаб олинди. Жами 14 та мактабда махсус малакали психолог ва педагоглар жамоаси иш олиб боради. Ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида ишлаш йўлга қўйилади. Ҳудудларда ташкил этилган таянч-тренер мактаблар келгусида ўзига хос “Бахтли мактаб” лойиҳаси ва “Мустаҳкам оила” тренинг дас¬тури тажрибасини оммалаштириш бўйича тренинг марказига айланиши кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлиги ва “Дневник.ру” компанияси мактабларда электрон журналлар ва кундаликларни жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришгани ҳам ўзига хос янгиликдир. Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш жараёнида “Дневник.ру”нинг Ўзбекистондаги вакили — “Kundalik” компанияси иштирок этмоқда. “Kundalik” лойиҳаси Ўзбекистондаги мактабларда фанларни ўзлаштириш даражаси ва давоматни қайд этиш тизимини жорий этишга қаратилган.
Тизим онлайн тарзда ўқитувчиларнинг дарсларини режалаштириш, дарс жадвалларини тузиш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ва давоматини электрон журнал ва кундаликларда қайд этиб бориш, шунингдек, таълим бошқарув органлари ва муассасаларга статистик ҳисоботларни шакл¬лантириш учун хизмат қилади.
Шунингдек, ахборот технологияларига оид таълим дастурларини яратиш ва мактабларда жорий этиш, болаларга ахборот технологиялари бўйича билим берувчи тренер ва ўқитувчиларни тайёрлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги «Oracle» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Бу ислоҳотлар натижасида ўқитувчиларнинг ишга бўлган муносабати ўзгарди, касбига меҳри ортди. Жамиятда педагог нуфузини юксалтиришга дастлабки қадамлар қўйилди. Охирги 4 ойда 13 мингга яқин эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Ўқитувчилар мавсумий ишларга жалб қилинмаётгани сабабли, улар кўп вақтини фарзандлар таълим-тарбиясига қаратмоқда.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ