Халқ таълими вазири ўринбосари мактабларга сифати паст кўмир етказилаётганини айтди
Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назировнинг айтишича, мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати паст, ярмидан кўпи кукун ёки нам брикетлардан иборат. У бу ҳақда Turon24га берган интервьюсида маълум қилди.
Отабек Назировнинг таъкидлашича, мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришга ҳокимликлар ёрдам бериши керак, чунки мазкур вазифа маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган, бунинг учун уларга маблағ ҳам ажратилган. “Кўмир ва брикетлар етказиб берилишини назорат қилишга вилоят халқ таълими бошқармалари, кўмирни етказиб бериш учун эса “Ўзбеккўмир” масъул ҳисобланади. Бироқ кўмирнинг сифатини текширишга вилоят халқ таълими бошқармаларининг имконияти йўқ, Марказлаштирилган харид бўлгани учун жойлардаги бошқармаларимизда кўмирнинг сифатини текширишга ваколат йўқ”, – дейди халқ таълими вазири ўринбосари.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати ўрганилган. Аксар ҳолларда унинг сифати жуда паст бўлиб чиққан. Отабек Назировнинг айтишича, кўмирнинг ярмидан кўпи кукун ёки нам брикетлардан иборат. “Чунки қуритишга вақт йўқ, шу боис, брикетлар мактабларга нам ҳолатда етказилаётган ҳолатлар мавжуд. Ўз кўзим билан кўрганимни айтсам, Миришкор туманидаги бир нечта мактабларда кўмирнинг, брикетларнинг сифатини ўргандик. Ёндириб кўрдик. Яхши ёнмади. Сабабини ўрганганимизда брикет нам ҳолатда экани, кўмирнинг сифати яхши эмаслиги маълум бўлди”, – дейди у.
Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иловасида мактабларга етказиб бериладиган кўмирга аниқ талаблар қўйилган. Унга кўра, кўмирнинг куллик даражаси 17 фоиздан ошмаслиги, фракцияси эса 50 миллиметрдан кичик бўлмаслиги керак.
“Шунга қарамасдан мазкур талабларга жавоб бермайдиган кўмир келаяпти. Бунда кимни айбдор қиламиз? “Ўзбеккўмир”дагиларнинг айтишича, Ўзбекистоннинг ўзида унақа кўмир кам. Кўмирнинг сифатини, талабга мувофиқлигини текшириб олиши керак бўлган вилоят халқ таълими бошқармаларида бунинг учун жиҳозлар ҳам, логистика тизими ҳам йўқ, мутахассислар ҳам йўқ. Бу бўйича мутахассисларни ишга олишга маблағ керак. Бунга рухсатни олиб, тегишли органлар билан келишгунча жуда кўп вақт кетаркан. Қарор қабул қилиш тартиби жудаям марказлаштириб юборилган”, – дейди халқ таълими вазири ўринбосари.