2019 йил бошидан бешта мактабда ваучер молиялаштириш тизими синовдан ўтказила бошлайди
2019 йилнинг январидан Мирзо Улуғбек туманидаги бешта мактабда ўқувчиларнинг сонига қараб мактабларни ваучер молиялаштириш тизими синовдан ўтказила бошлайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров Turon24га берган интервьюсида маълум қилди.
“Аҳоли жон бошига ваучер молиялаштириш деган схема бор. Мактабларга ўқувчиларнинг сонига қараб пул ажратилади. Таъмирлашга, ойликка ва ҳоказо. Ҳозирги тартибда унақа эмас. Айни пайтда мактаблар 2019 йил учун сметада ўзларига керакли маблағни сўраши мумкин. Оладими-йўқми, бу энди туман молия ҳамда халқ таълими бўлимларига боғлиқ. Бизда икки юзтача халқ таълими ва молия бўлимлари бор, уларнинг ҳаммасини назорат қилиш қийин. Биз таклиф қилаётганимиз – янги моделни (яъни, ваучер молиялаштириш тизими) жорий этиш. Бунга ҳам менимча, ярим йил – бир йил кетади. Мазкур моделни 2019 йилнинг январидан Мирзо Улуғбек туманидаги бешта мактабда синовдан ўтказишни бошлашимиз керак”, – дейди у.
Халқ таълими вазири ўринбосарининг билдиришича, ҳар бир мактабнинг ўқувчилар сонига, қурилган йилига, яъни эски-янгилигига қараб давлат томонидан маблағ ажратилади. Ажратилган пул мактабнинг директорига туман халқ таълими бўлимлари томонидан берилади. “Бу мактабларнинг директорига ҳам манфаатли бўлади. Ўқувчилар сони қанча ошса, шунча кўп маблағ шу мактабга ажратилади. Бу эса раҳбарларга рағбат бўлади. Мактаблар ажратилган маблағларни смета доирасида мустақил тасарруф этиш имконига эга бўлади”, – дейди Отабек Назиров.
Халқ таълими вазири ўринбосари айни пайтда Молия вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда ваучер молиялаштириш тизимини жорий этиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, мактабларни молиялаштиришнинг ҳозирги тизими шаффоф эмас, қолаверса, кўп ҳолларда мактабларга керакли пул берилмайди. “Янги тизимда эса ажратиладиган маблағнинг сарфланиши очиқ бўлади, шаффофлик кафолатланади, ажратиладиган маблағнинг мақсадли сарфланиши таъминланади. Ваучер молиялаштириш тизими йўлга қўйилса, кўп пул тежалиши ҳам мумкин”, – дейди Отабек Назиров.
https://t.me/marifatgazetasi