Дарсликдан ташқари билимнинг “зиёни”
Биология фани ўқитувчисиман. Ҳар йили ўқувчиларим билан билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадасига астойдил тайёргарлик кўрамиз. Ўтган йили ҳам билимлар беллашувига жиддий тайёргарлик кўрган бўлсак-да, 3-босқичда ўқувчимга паст балл қўйишди. Ёзма ишда савол жавобига “қўшимча маълумотларни киритгани учун”, дея (тагига чизиб белгилаб беришган) бали камайтирилибди. Ўшанда йиғлаб келган ўқувчимни қандай овутишни билмадим.
Шу воқеадан кейин кўп йиллардан буён дилимда сақлаб келаётган гапларни ёзишга аҳд қилдим. Биз ўқитувчилар ўқувчиларга нима учун билим берамиз? Нега мактабларда қўшимча тўгараклар ташкиллаштирганмиз? Мақсад — ўқувчини фанга қизиқтириш, дея бонг урамиз? У ҳолда ўқувчи дарсликдаги мавзу билан чекланиб, айиқнинг массасини, қаерда яшашини, нима билан озиқланишини билса етаркан-да? Илмталаб болаларни дарсликдан ташқари манбалардаги қизиқарли маълумотлар билан қуроллантирсагу, улар билими юқоридаги каби нохолис баҳоланса, буни қандай изоҳлаш мумкин?
Шу пайтгача биология фанини ўқитишда жуда кўп муаммоларга дуч келганман. Фан хонасида керакли жиҳозларнинг етишмаслиги, дарсликдаги камчиликлар, айниқса, қўшимча маълумотнинг камлигидан азият чекканмиз. Дарсликлардан ташқари ҳеч қандай қўшимча методик қўлланма йўқлиги ҳам катта муаммо. Масалан, қўшни давлатларда педагоглар мукаммал ишланган методик қўлланмалардан фойдаланади. Ундаги ҳар хил вазифалар, жадваллар, расмлар, мавзуга доир бошқотирмалар ўқувчиларни мустақил изланишга ундайди. Қўшимча маълумотлар қанча кўп бўлса, ўқувчининг фанга қизиқиши янада ортиши тажрибада синалган.
Биология фанида масалалар ечиш бўйича топшириқлар мавжуд. Аммо у фақат 9-синфдагина ўргатилади. Унгача ўқувчи биологияда масалалар борлигидан мутлақо бехабар (ҳатто баъзи коллеж, лицей ўқувчилари ҳам) бўлади. Биологиядан ҳам математика, физика, кимё фанлари каби масала ва машқлар тўплами яратилса, ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам енгиллик бўларди. Масала ечиш кўникмасини 5-синфда ўтиладиган ботаника фанидан бошлаш зарур.
Мисол: мутахассисларнинг аниқ¬лашича, секвоядендрон деб аталувчи ўсимликнинг битта қуббасида 200 та уруғ мавжуд. Лекин жуда енгил бўлиб, 196000 таси 1 кг ни ташкил этади. Ҳисобланг, 1 кг уруғ нечта қуббада етилади? Жавоб: 980 қуббада.
Агар ўқувчи бу каби масалаларни кичик синфлардаёқ ечишни ўрганиб борса, 9-синфга ўтганда қийналмайди.
Ўқувчилар эгаллаган билимни тарозига соладиган билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадасига тайёрланишда кўпроқ дарсликдан ташқари маълумотлар — интернет манбалари, энциклопедияларга таянаман. Аммо баъзида шунча жон куйдириб меҳнат қилсангу юқоридаги каби муносабатга дуч келсанг, меҳнатингга ачиниб кетасан. Ўқитувчига кенг имкониятлар эшиги очилаётган даврда дарсликлар масаласи ҳам, ўқитувчига қўшимча методик ёрдам берадиган қўлланмалар ҳам эътибордан четда қолмаслигини истардим.
Бахтигул ТАЛХАНБАЕВА, Тахтакўпир туманидаги 3-ИДУМ ўқитувчиси