Ҳаётбахш ва дастуриламал маъруза
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Билимли авлод — буюк келажакнинг, тадбиркор халқ — фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” мавзусидаги маърузасида барча соҳаларда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, халқимиз турмуш шароити яхшиланаётгани, иқтисодиётимиз рақобатбардошлиги мустаҳкамланиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалаётгани билан бир қаторда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳақида куюнчаклик билан сўзлади.
Ҳеч бир давлатда халқнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар тез ва осон ўтмаган. Бундан йигирма етти йил муқаддам халқимиз асрлар давомида орзу қилган миллий истиқлолимиз, жонажон юртимизнинг тараққиёт йўли, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш йўлида бошланган ислоҳотлар давлатимиз эътибори марказидаги устувор мезонга айлангани, бу масалаларнинг аҳамияти кун сайин ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Конституция куни муносабати билан Президент фармонига кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди. Бундан ташқари, халқимизга хос бўлган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида турли жамоат ташкилотлари кафиллиги билан 993 нафар фуқаро жазодан озод этилди, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 маҳкум оиласи бағрига қайтарилди. Бу — катта рақам! Шу ўринда маҳкум шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш масаласи турибди. Бош қомусимизда барча фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу жиҳатдан жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизими жорий этилиши катта янгилик бўлди.
Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг сайлаш ҳуқуқини чекловчи нормалар келгусида халқаро меъёрлар асосида қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.
Биз, ўқитувчилар мамлакатимиз эртаси бўлган ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланамиз. Келажакда ёш авлоднинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва қандай касб-кор эгаси бўлишида педагогларнинг алоҳида ўрни бор.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида мактабгача, умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим тизимида олиб борилаётган ишларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, халқ таълими соҳасидаги таълим стандартлари ва ўқитиш услубларини илғор хорижий тажрибалар асосида, ўқувчининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг ташкил этилиши мамлакатимиз тараққиёти учун истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини оширишда айни муддаодир.
Ишсизлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий муаммо. Ишсиз одамнинг ўзига, оиласига ва маҳалласига, жамиятга келтирадиган зарарини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Жорий йилда қабул қилинган “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” дастурлари доирасида аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун катта имтиёзлар берилмоқда. Конституциямизнинг бош мақсади халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишдан иборат. Яхши яшаш учун Бош қомусимиз ва қонунларга итоаткорлик, фуқаролик вазифаларимизни сидқидилдан бажаришимиз зарур. Бу масъулиятни ҳар биримиз теран ҳис этишимиз керак.
Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фуқароларнинг давлатимиз фаолиятига ишончи гаровидир. Бу жараёнда жамоатчилик назоратининг кучи, таъсири ва ўрни беқиёс. Келгуси йилдан бошлаб, “Жамоат фикри” порталининг ишга туширилиши давлат бошқарувининг ҳар томонлама шаффоф, адолатли ва халқчил юритилишига хизмат қилиши шубҳасиз. Президент маърузасида депутат ва сенаторларнинг бевосита жойларга чиқиб, аҳоли муаммоларини тизимли равишда чуқур ўрганиб боришлари лозимлигига эътибор қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, маърузада кўтарилган ҳар бир масала бўйича юқори натижаларга эришиш учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган маррамизга етамиз.
Феруза ҒАФФОРОВА, Самарқанд шаҳридаги 6-мактабнинг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби