Илғор мактаб директори
Замон қаҳрамони аслида ким? Айни замонда ўзига ишониб топширилган вазифани сидқидилдан бажариб келаётган, ҳаётини миллатнинг бир кемтигини тўлдиришга сарфлаётган одамлар-да! Улар — жимгина ишлаётган, жимгина фидо бўлаётган инсонлар! «Ватанимизнинг буюк келажагига ўз ҳиссамни қўшиб келаётганимдан бахтиёрлик туйғулари қалбимда жўш урмоқда» қабилидаги гаплар уларнинг тилидан чиқмайди. Биз айтаётган қаҳрамонларнинг кўпчилиги ёнгинангизда, сиз билан ҳамнафас яшаётган, ишлаётган ўқитувчи ва мураббийлардир.
Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Дилфуза Садриддинова ҳамкасбларининг ҳурматига, ўқувчиларнинг меҳрига эришган раҳбарлардан. У 2004 йилдан буён шу даргоҳда меҳнат қилиб келмоқда. АҚШда "Мактаб бошқаруви" йўналишида малака ошириб қайтган директор етакчилигида "Таълим-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш: муаммо ва ечимлар", "Ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларида мактабдан ташқари ишлар самарадорлигини ошириш" мавзуларида республика конференциялари ўтказилиб, муассаса фаолияти мамлакат миқёсида оммалаштирилган. "Йилнинг энг яхши мактаб директори — 2012" кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган. "Фанлараро интеграция", "Мониторинг маркази нима беради?", "Мактабда замонавий бошқарув" номли методик усуллари амалиётга татбиқ қилинган. Мактаб "Энг обод таълим муасcасаси" кўрик-танловида ҳам ғолиб бўлган.
Бу даргоҳда таълимни ривожлантиришда етакчи давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Муассаса қошида инглиз тилидаги адабиётлар базасини шакллантириш мақсадида директор ташаббуси билан АҚШ ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Натижада мактаб кутубхонаси чет тиллардаги кўп сонли китоблар билан бойиди.
Дилфуза Садриддинова янги ўқув йилида яна бир янгиликка қўл урди. Мактабда ўқув жараёнини онлайн назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув йўлга қўйилди. Энди директор ўз хонасида туриб синф¬лардаги дарс жараёнини кузатиши мумкин.
— Бюджетдан ташқари топилган маблағ ҳисобига мактаб ҳудуди ва синфхоналар кузатув камералари билан таъминланди. Дарс¬ни монитор орқали кузатишнинг қулай томони кўп. Очиқ дарс¬да синфхонадаги кузатувчилар ўқитувчини ҳаяжонлантиради. Онлайн дарс назоратида педагог эркин ҳаракат қилади. Бутун диққатини болалар билан мулоқотга қаратиб, мавзуни содда ва тушунарли тарзда етказишга интилади. Ахборот-коммуникация воситалари, кўргазмали қурол ва тарқатма материаллар, қўшимча адабиёт ва тест саволлари мавзуни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу бевосита ўқувчилар эгаллаётган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлайди, эгаллаган билимини ҳаётда мустақил қўллай олиш лаёқатини оширади, — дейди Дилфуза Садриддинова.
Муассасада 1041 нафар ўқувчи аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили йўналишига ихтисослаштирилган 30 та синфда таҳсил олади. 95 нафар педагогнинг барчаси олий маълумотли. 12 нафари олий, 14 нафари биринчи тоифали мутахассис. Дарс ва маш¬ғулотларни замонавий талаб асосида ташкил этаётган ўқитувчилар сони кўпаймоқда. Уларнинг тажрибаси шаҳар ва вилоят миқёсида оммалашмоқда. "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018" кўрик-танловининг республика босқичида тарих фани ўқитувчиси Шуҳрат Маматқулов учинчи ўринни қўлга киритди. Мактабда "Интеллектуал келажак" кичик илмий-тадқиқот академияси ташкил этилган. Унга 500 нафар ўқувчи аъзо бўлиб, турли мавзуда изланиш олиб бормоқда. Бу ҳаракатлар натижасида ўқувчиларнинг билим самарадорлиги кейинги 3 йилда 78 фоиздан 84 фоизга ўсди. Мактабда ўтказиладиган илмий конференцияларда ўқувчиларнинг изланиши китоб ҳолида чоп этиб келинмоқда. Ўз навбатида педагоглар меҳнати ҳам рағбатлантирилмоқда. Мисол учун, ўтган ўқув йилида 37 нафар педагогга 15 – 40 фоизгача устама белгиланди, 48 нафар педагог рағбатлантирилиб, 11 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.
Мактаб жамоаси собиқ ўқувчилари билан ҳам ғурурланса арзийди. МДҲ ташкилоти Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев шу мактабда таҳсил олган. Собиқ ўқувчи мактаб кутубхонасини рус тилидаги ўқув қўлланмалар ва бадиий адабиёт билан бойитишга яқиндан кўмак бермоқда. Директорнинг таъкидлашича, Сергей Лебедев Ўзбекистонга ҳар ташрифи чоғида ўзининг қадрдон мактабига келади. Унинг фарзандлари ҳам бу масканга тез-тез келиб туради.
Мактабда 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган муассасани ривожлантириш бўйича режа ишлаб чиқилган. Дастур мактаб ва жамоа қурилиш тизимини такомиллаштириш, мактабда қонун устуворлигини таъминлаш, молия-хўжалик фаолиятини ривожлантириш каби йўналишлардан иборат. Бюджетдан ташқари қўшимча маблағ топишга ҳам аҳамият берилади. Ошхонанинг ижара ҳақи, турли пуллик тўгараклардан тушаётган маблағлар мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ўқувчилар ва изланувчан педагогларни рағбатлантиришга йўналтирилмоқда.
"Мактаб ҳам катта рўзғордай гап. Кундалик эҳтиёжлар, мактабни ободонлаштириш, тозалик-санитария ишлари учун ҳам юқоридан маблағ кутиб туриш ярамайди, директор йўқдан йўндиришни ҳам билиши керак", дейди ташаббускор раҳбар.
Абдусаттор СОДИҚОВ