Микроҳудуд ёхуд ўқитувчилар нега сарсон бўлмоқда?
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ, педагог кадрлар обрўсини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда
Бундан ташқари, Халқ таълими вазири 2018 йил 10 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқларини ўқитувчилардан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари педагогик юкламалар бўйича ҳисобот ва қўшимча маълумотларни талаб қилмаслик, ўқитувчиларга турли маънавий-маърифий тадбирлар учун ҳисобот, баённома, фотоальбом тайёрлатмаслик, синф раҳбарларини ўқувчиларнинг уйларига юбормаслик юзасидан қатъий огоҳлантирди. Афсуски, шунга қарамай жойларда ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар қулоққа чалинмоқда.
Зеро, бу камчиликлар умумтаълим мактабларида кўп йиллар давомида шаклланиб, тизимни ич-ичидан емириб келган. Жумладан, ўқитувчининг микроҳудуддаги норасмий фаолияти ҳам таълим сифатига салбий таъсир этаётган омиллардан ҳисобланади.
Педагоглар асосий вазифаси қолиб, жамоат ишлари билан банд бўлмоқда. Дарсдан сўнг бўш ўзлаштирувчи ва иқтидорли болалар билан қўшимча шуғулланиш, эртанги дарсига тайёргарлик кўриш, ўз устида ишлашга ҳар куни ҳам имкон топа олмаяпти. Аксарият педагоглар билан суҳбатлашганимизда улар ўзига ажратилган микроҳудудни соатлаб айланиши, ҳар бир кирган хонадонидан прописка, туғилганлик, ўқишга кирганлик, битирганлик каби ҳолатларни қайд этиши лозимлигини таъкидлади.
— Мен ҳудудимиздаги 36 та хонадонни назорат қилиб бораман, — дейди пойтахтимиздаги 278-мактаб ўқитувчиси Рухшона Норқулова. — Бир йилда икки марта назорат олиб борилади. Аммо ҳар бир назорат кўп вақт талаб этади. Чунки ўқитувчи ўзига бириктирилган хонадонларни бир кунда айланиб чиқолмайди. Баъзи хонадон эгалари ишда бўлишади, баъзилари сафарда. Табиийки, маълумот олиш учун ўқитувчи бир неча бор келишга мажбур бўлади. Айримлар эса нега маълумот беришим керак, деб ҳатто эшикни очмайди. Қисқаси, ким қайси мактабда ўқиётгани, яшаш жойини ўзгартиргани каби маълумотларни йиғиш оз вақт талаб қилмайди! Ўтган йилларда ҳар бир хонадонда нечта бола борлиги, таҳсил олаётган мактаби рўйхатга олинарди. Энди ҳудудда яшовчиларнинг нечтаси доимий, неч¬таси вақтинчалик рўйхатда туриши, мактабда ўқийдиганлар, МТМга борадиганлар сони, таълим муассасаси кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, ҳар йили нечта чақалоқ туғилгани, жинси, миллати ҳам қайд этилади. Микроҳудудимизда яшайдиган, аммо бошқа ҳудуддаги мактабда ўқиётган болаларнинг барчасини алоҳида рўйхатга оламиз. Камига уларнинг мактабига бориб, муҳр ва имзо ҳам қўйдириб келишга мажбурмиз. Бундай ортиқча юкламалар педагогни чарчатмайдими? Жамиятимизда ўқитувчиларнинг нуфузини оширишга эътибор қаратилаётган пайтда уларнинг эшикма-эшик юриб, баъзан ўринсиз дакки эшитиши, ҳақоратларга дуч келиши ислоҳотлар натижасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Афсуски, кўп йиллардан буён ўқитувчилар микроҳудуд назоратини ўз касбининг бир қисми сифатида қабул қилиб келади. Бу ҳам мажбурий меҳнатнинг бир туридир аслида. Натижада ўқувчига пухта таълим бериш, ўз устида ишлаш, қўшимча бадиий ва илмий адабиёт, даврий нашрларни ўқиш, маданий ҳордиқ чиқаришга вақт ажрата олмаяпти. Бу ўз навбатида таълим сифатига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
— Микроҳудуд назоратини мен раҳбарлик қилаётган педагогик жамоа ҳам ҳеч бир эътирозсиз бажариб келади, — дейди Тошкент туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори Дилноза Аҳмедова. — Лекин бу “эътироз билдирмаслик” замирида раҳбарга ҳурмат, ҳамкасбларидан ажралиб қолмаслик, ўзини “яхши кадр” сифатида намойиш этиш истаги ётади. Буни раҳбар сифатида ходимларимнинг юз-кўзидаги ифодадан дарров англаб оламан. Кўп марта ўзимга “Микроҳудуд назорати бизга керакми?”, “Агар керак бўлса, бу ишни ўқитувчини сарсон қилмайдиган тарзда ташкил этишнинг иложи йўқми?” каби мазмундаги саволни бериб кўрганман. Мактабимиз ҳудудига Қорасарой, Аҳиллик ва Тинчлик МФЙ қамраб олинган. Уларда 1238 хонадон мавжуд. Тинчлик МФЙдаги 60 нафар ўқувчи тумандаги бошқа мактабларга боради. Ҳудудда мактабимизда таҳсил оладиганлар озчиликни ташкил этади. Бу ҳам шу жойни назорат қиладиган ўқитувчилар учун катта оворагарчиликка сабаб бўлмоқда. Чунки ўқитувчи маҳаллада яшайдиган ҳар бир боланинг мактабига бориб, маълумотнома олиб келиши керак. 48 нафар педагогнинг ҳар бири 40 та хонадонни ўрганади. Бир йилда икки марта назорат олиб борилса-да, бу бир ёки икки кун маҳаллаларни айланиш билан битадиган иш эмас. Қолаверса, хонадонларни айланиш ўқитувчилар учун катта муаммоларни, қи¬йинчиликларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик оилалар қонуний рўйхатда турган манзилда истиқомат қилмайди. Натижада ўқитувчи рўйхатда бору, аслида маҳаллада яшамайдиган хонадон эгаларини қандай бўлмасин излаб топиши, маълумот олиши, улардаги ўзгаришларни дафтарга қайд этиб бориши лозим.
Микроҳудудимиздаги айрим оилалар фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинмаган. Йиллар давомида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бу муаммо бола 7 ёшга тўлиши билан ўқитувчининг гарданига тушади. Энди у 7 ёшли болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун йўл-йўриқ излай бошлайди.
Сабаби, бола бу ҳужжатсиз таълим муассасасига қабул қилинмайди. Микроҳудудда яшовчи болаларнинг вақтида таълимга жалб қилинмагани учун эса мактаб жавобгар. Шу боис, микроҳудудни назорат қилиш бўйича янги тизим ишлаб чиқиш керак.
Ўқитувчилар масаланинг ноқулайликлари ҳақида гапириш баробарида бир қанча таклифларни ҳам ўртага ташлади. Жумладан, Тошкент туманидаги 17-мактаб директори Дилноза Аҳмедованинг фикрича, маҳалла фуқаролар йиғинида микроҳудуд назорати билан шуғулланувчи штат ташкил этилса, бу иш МФЙ зиммасига юкланса, тўғри бўлади.
Рухшона Норқулова эса болаларнинг мактабда таълим олиши биринчи навбатда ота-онани ташвишлантириши, ўйлантириши керак, деб ҳисоблайди. Фарзандига янги кийим, ўйинчоқ сотиб олиш учун соатлаб бозорда, дўконда юришга вақт топган ота-она озроқ вақтини боласини мактаб рўйхатига қўйишга ажратиши керак. Ҳудудни назорат қилиш мактаб зиммасида қолган тақдирда ҳам, фарзанд дунё¬га келган вақтдан оз фурсат ўтибоқ, ота-она боланинг туғилганлигини қайд эттириб қўйиши лозим. Шу тариқа, унинг МТМда тарбияланаётгани (МТМ рақами), қайси мактабда ўқий бошлагани, битиргани каби маълумотлар ҳам ота-она томонидан киритиб борилади.
— Бугун бу жараёнларни ҳам онлайн тарзда амалга ошириш мумкин, — дейди Юқори Чирчиқ туманидаги 33-мактаб ўқитувчиси Дилноза Норматова. — Бунинг учун электрон тизим жорий этиб, барча қайдлар ота-оналар томонидан ўз вақтида киритиб борилиши лозим.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири