Аср билан юзлашган журнал
Педагогларнинг билим ва тажрибасини оширишда газета ва журналларнинг ўрни катта. Айниқса, таълим тизимини кенг ёритиб келаётган нашрлар ўқитувчиларнинг фаолиятини ташкил этишда муҳим кўмакчи. Ана шундай нашрлардан бири "Халқ таълими" илмий-методик журналидир. Бу йил мазкур нашр ташкил этилганига 100 йил тўлди. Республикамизнинг отахон нашри бундан роппа-роса бир аср аввал — 1918 йили "Маориф" номи билан чиқа бошлаган эди.
Журнал номи 1925 йилга келиб "Маориф ва ўқитғучи" деб ўзгартирилди. Журналнинг 1925—1930 йиллардаги сонларида биринчи муҳаррирлардан Давлат Ризоев, Отажон Ҳошимов, Шокир Сулаймон, Фитрат, Боту, Элбек, Булат Солиев, Анқабой, ўози Олим, Шариф Муртазин каби ўнлаб буюк инсонлар миллатимизни маърифатли этиш йўлида катта хизмат қилди.
"Маориф ва ўқитғучи" ойномасининг 1925—1927 йиллари нашр қилинган сонларида "Кичик болаларда ақлнинг ўсиши", "Оила масаласи", "Таълим ва тарбия ишлари", "Ўлкада бўлган эски асарларга доир нарсаларни эсга олиш тўғрисида", "Тарбия ғоялари", "Дарслик масаласи" каби ўнлаб мақолалар эълон қилинди.
Журнал 1934 йилдан "Политехник мактаб ва педагогика", 1937 йилдан "Совет педагогикаси" 1991 йилдан "Халқ таълими" номи билан нашр этилмоқда.
Мустақиллик йиллари журнал ҳар жиҳатдан ривожланди, моддий-техник базаси тубдан яхшиланди. Журналнинг малакали ходимлари таълим тизимидаги ўзгаришлар, таълим-тарбияга оид илмий-методик мақолалар, методик тавсиялар, фанларни ўқитиш бўйича илғор тажрибаларни мунтазам чоп этиб борди. Таълим-тарбия жараёнидаги ўзгаришлар, муаммо ва камчиликлар бўйича танқидий-таҳлилий материаллар тайёрланди. Педагоглар журнал саҳифалари орқали таълим тизимига оид янги қонун ва қарорлар билан мунтазам танишиб борди. 2015 йилдан "Халқ таълими" илмий-методик журналининг илова нашри — "Халқ таълими ахборотномаси" нашр этила бошланди.
Журналларнинг олдинги сонларида инсон ва табиат, наботот ҳамда ҳайвонот оламининг уйғунлиги масалалари таълим-тарбия билан боғлаб ўрганилган бўлса, сўнгги йилларда ёшларни миллий маънавиятимизга, қадриятларимизга зид турли унсурлар — "Оммавий маданият", экстремизм ва фундаментализм таҳдидларидан асраш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди. Демак, журнал саҳифаларида бундан бир аср аввал ҳам, ҳозир ҳам маориф тизими учун зарур масалалар таҳлилий тарзда атрофлича ёритилмоқда.
Журнал саҳифаларида педагогика ва психология соҳаларида илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларнинг назарий ғоялари, методик ёндашувлари, илмий хулосалари мунтазам бериб борилмоқда. Бу омил мазкур тадқиқотларни педагогик жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш, тавсия этилаётган самарали методларни таълим амалиётига жорий қилишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтади.
Ҳозирги кунда журналда "Таълим ва тарбия назарияси", "Таълим ва тарбия методикаси", "Таълим сифати: мазмун ва моҳият", "Замонавий таълим технологиялари", "Таълимда менежмент", "Таълимда маркетинг", "Таълимда мониторинг", "Касб-ҳунарга йўналтириш", "Ҳуқуқ ва ҳуқуқий тарбия", "Жисмоний тарбия ва спорт", "Таълимда иқтисодиёт ва молиялаштириш", "Малака ошириш ва қайта тайёрлаш", "Устоз-шогирд мактаби", "Мусиқа ва санъат таълими", "Мактабгача таълим", "Таълимда социология ва статистика", "Экологик таълим", "Таълимда инновациялар", "Таълимни информатизациялаш", "Таълимда ахборот ресурслари", "Масофавий таълим", "Психология", "Халқаро тажриба ва таълим интеграцияси", "Қиёсий педагогика", "Коррекцион педагогика", "Таълим тарихи", "Тажриба мактаби", "Медиатаълимнинг ташкилий-педагогик шарт-шароитларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш", "Илмий-педагогик ва ўқув-методик нашрлар орқали ахборот хавфсизлигини ташкил эттириш", "Ўзбекистонда мустақиллик йиллари давридаги педагогик тадқиқотларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш" каби рукнларда материаллар бериб бориляпти.
"Халқ таълими" нашри педагогика фанлари бўйича фан доктори илмий даражасига талабгорларнинг диссертация ишлари юзасидан илмий мақолалар эълон қилиниши зарур бўлган журналлар рўйхатига киритилган. Мухтасар айтганда, халқимизга, элимизга зиё тарқатишдек эзгу ишни, масъулиятли ва шарафли вазифани ўз зиммасига олган журнал мазмуни янада бойиб, турли мавзудаги туркум таҳлилий мақолалар билан келажак авлодга ҳам хизмат қилади.
Сарвар МАҲМУДОВ, «Халқ таълими» илмий-методик журнали бош муҳаррири