Ўқитувчи ҳаммага беш баҳо қўйди
Бошланғич таълим боланинг жисмоний ва психологик ривожланишидаги асосий давр ҳисобланади. Сергели туманидаги 300-ИДУМда бошланғич таълимда фанлар бўйича ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим муассасасида "Сен барчасига қодирсан" шиори остида "Маҳорат дарслари" ўтказиш анъанага айланган.
Олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Малика Носирова таълим рус тилида олиб бориладиган синфда ташкил этган очиқ дарс ҳам қизиқарли бўлди.
Парталарга нон ва нон маҳсулотлари териб қўйилган. Болажонларга "Хлеб — всему голова" ҳамда "Хлопок — белое золото" мавзусида дарс ўтилаётган эди. Қўл кўтариб, ўқитувчи саволларига сабрсизлик билан жавоб беришга интилаётган болажонларга разм соламан. Синфда ўзбек, рус, корейс, қозоқ, озарбойжон, арман ва бошқа миллат вакилларининг фарзандлари таълим олади. Аммо барча ўғил болаларнинг бошида ўзбекча дўппи, чиройли ўрилган сочлари елкасига тушган қизчаларнинг бошида эса ироқи дўппи.
Ҳар бир ўқувчининг олдида китоб, пластилин, мавзуга доир суратлар жамланган. Доска ёнида монитор, ўқитувчи мавзу бўйича савол-жавоб қилаётганида, албатта, мультимедиа ускуналаридан фойдаланади. Эътиборимни тортган яна бир жиҳат — дарсда Малика Носирова билан бирга расм ўқитувчиси Лайло Охунова, мусиқа ўқитувчиси Асал Алимхўжаева, ёрдамчи ўқитувчи Наргиза Носированинг иштироки бўлди. Уларнинг қандай вазифа бажаришини дарс давомида билиб олдим.
Синфда ўқувчилар уч гуруҳга — "Билимдон", "Донишманд", "Ақллилар" жамоасига бўлинган. Жамоа аъзоларига ўқитувчининг саволларига берган жавобига қараб, гулдор қоғоз шаклида балл берилади. Ёрдамчи ўқитувчи Наргиза Носирова балларни жамоалар номи тагига ёзиб боряпти.
"Нон — ризқ-рўзимиз" мавзусидаги саволларга ўқувчилар бийрон-бийрон жавоб беришди, кейин уларнинг ҳар бири олдида турган суратлар жамланмасини очиб, буғдой унидан қандай нон маҳсулотлари тайёрланиши кўрсатилган расмларни кетма-кетликда қоғозга елимлаб чиқишди. Бу ишда расм ўқитувчиси Лайло Охунова кўмак берди. Шундан кейин нон билан боғлиқ топишмоқларга ўтилди. Доскага чиққан ўқувчи мониторда пайдо бўлган топишмоқлар билан танишди ва тўғри деб топилган жумла устига таёқчани теккизди. Жавоб тўғри бўлса, бунга ҳам бир балдан берилди.
Шундан кейин Малика Носированинг таклифи билан барча ўқувчилар ўринларидан туриб, "Ўзбекистон" қўшиғини куйлаб, рақсга тушди. Бунда мусиқа ўқитувчиси Асал Алимхўжаева қўмаклашди. Очиқ дарс якунида таклиф этилган меҳмонлар ўз таассуротини билдирди.
— Очиқ дарсга таклиф қилганларингиздан жуда миннатдорман, — дейди рус миллий маданий марказининг мактаб сектори бошқаруви аъзоси Галина Жестовских. — Уларнинг замонавий, интерфаол усулларда сабоқ олаётгани мени жуда қувонтирди. Болакайларнинг 3-4 ой ичида шунча билим ва кўникмага эга бўлиши — ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнати натижаси, сабр ва чидам билан берган сабоқларининг маҳсулидир. Яқинда рус миллий маданий марказида Янги йил байрами ташкил қиляпмиз, болажонларни ушбу байрамга таклиф этаман.
— Ўғлим Билол Аҳмаджонов рус тилида сабоқ бериладиган боғчага борган, тилни яхши ўзлаштирган, — дейди Юлдуз Ғафурова. — Ўзининг хоҳишига қараб, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабга бердик. Ўзлаштириши яхши, барча фанлардан аъло баҳога ўқияпти. Биз, ота-оналар ҳамма вақт синф раҳбари билан мулоқотда бўлиб турамиз, бир-биримизга кўмаклашамиз. Бугунги очиқ дарсга ҳам кўплаб ота-оналар келди, дарсда фаол қатнашган фарзандларимизнинг ҳозиржавоблигидан қувондик.
— Мен Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ишлайман, — дейди Дилмурод Ҳусанов. — Қизим Дурдона Баҳодирова шу синфда ўқийди. Ишим кўп бўлишига қарамай, очиқ дарсга келдим. Гувоҳ бўлганингиздек, бу ерда ҳар бир дарс сифатли ва қизиқарли ўтилади, кўп нарса болаларнинг эсида қолади.
— Ўғил-қизларимизга пухта билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиз, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Дўстлик" ордени соҳибаси Нателла Кази. — Бошланғич таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитиш жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиш борасида иш тажрибамиз катта. Ўқитувчилар дарсга ижодкорлик билан ёндашиш, жараёнга илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида дарсликлардан ташқари, методик қўлланма ва уларнинг мультимедиали иловаларидан кенг фойдаланмоқда.
Мультимедиа иловаларини ҳар бир дарсда қўллаш натижасида ўқувчиларда мустақил, ижодий фикрлаш янада ривожланади. Бу борада миллий қадриятларга ҳам алоҳида урғу берилади.
Ўқувчиларда мустақил билим олиш, бошланғич тадқиқотларни амалга ошириш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган "Муаммоли таълим технологияси", "Лойиҳа-тадқиқот технологияси", "Ҳамкорлик технологияси" каби усуллардан ҳам фойдаланилмоқда.
Мактабда 2005 йили "Кичик академия" ташкил этилган. У тўрт йўналишда иш олиб боради. Фанларга қизиқувчи ўқувчилар илмий-амалий фаолият юритишга йўналтирилади. Билимлар беллашуви, фан олимпиадаларига тайёргарлик кўришда кўмаклашади. Ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари ва ютуқларини оммалаштиришга ёрдамлашади. Ёш тадқиқотчилар йўналишида эса кичик илмий иш ва ихтиролар яратишда ёрдам кўрсатади. Спорт ва маданият соҳасига қизиқувчи ўқувчиларнинг иқтидорини тарбиялаб, тадбир, мусобақа, танловларда муносиб иштирок этишга шарт-шароит яратиб беради. Ҳар ўқув йили охирида академиянинг илмий-амалий фестивали ўтказилади.
Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Давлат геология музейи, Юнус Ражабий уй-музейи, Сергели туманидаги "Бобур саноат сервис" МЧЖ корхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Очиқ дарс якунида ҳар бир гуруҳнинг йиққан бали ҳисобланиб, натижа эълон қилинди. Жамоа аъзоларининг фаол иштироки ва ҳозиржавоблиги инобатга олиниб, синф раҳбари, олий тоифали ўқитувчи Малика Носирова уларнинг ҳаммасига "5" баҳо қўйди.
Нурулло ОСТОНОВ