Билим ва бошқарув маҳорати уйғунлиги
Директорнинг раҳбарлик маҳорати, жонкуяр ва ташаббускорлиги мактабда соғлом таълимий ва тарбиявий муҳитни қарор топтиради. Айниқса, директорнинг етакчилик қобилияти педагогик жамоа ва ўқувчиларнинг ютуқларида яққол намоён бўлади. Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови шундай фидойи, янгиликка интилувчан, илғор фикрлайдиган энг сара раҳбарларни аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш ва тажрибаларини оммалаштиришда муҳим мезон бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда ўқув-тарбия жараёнига энг сўнгги янгиликларни татбиқ этган ҳолда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ҳисса қўшаётган, истиқболли лойиҳалари билан тизимдаги мавжуд муаммоларни ҳал этиб, муайян ютуқларга эришаётган мактаб директорлари талайгина.
Мазкур танловда уларнинг илғор иш тажрибалари, маҳорати холис баҳоланишдан ташқари, бошқа ҳудуддан иштирок этаётган ҳамкасблари билан учрашувлар, ўзаро мулоқотларда янада такомиллашяпти. Хусусан, “Йилнинг энг яхши мактаб директори–2015” кўрик-танловининг республика босқичида ҳам бу жиҳат кўзга яққол ташланиб турди. Кўрик-танлов пойтахтимиздаги 144-умумтаълим мактабида “Маҳоратли бошқарув — таълим самарадорлиги омили” шиори остида ўтказилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, умумтаълим мактабларини замонавий дарслик, ўқув анжомлари ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Педагогларга қўйилаётган талаб эса битта: бугунги шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўғил-қизларимизга ДТС талаблари даражасида пухта билим бериш, баркамол авлодни тарбиялаш. Бу жараёнда мактаб раҳбарининг масъулияти кўпроқ. Чунки у таълим жараёнининг иштирокчиси сифатида бевосита ўқиш, ўқитиш ишларини кузатади, таҳлил қилади, муносиб хулоса чиқаради.
Бу йилги танловда республикамиздаги 679 нафар ихтисослаштирилган ва умумтаълим мактаблари директори “Келажак мактаби” концепцияси билан иштирок этгани ёш авлодга муносиб таълим-тарбия бериш ҳисси жўш урган педагоглар сафи кенгайиб бораётганини ифодалайди. Улар орасидан 56 нафар раҳбарнинг илғор ғоялари танлаб олиниб, ишлаётган мактабларининг фаолияти ўрганилди. Якунда намунали деб топилган иштирокчилар кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 27 нафар директор қатнашиб, уч тур бўйича билим, маҳорат ва тажрибасини синовдан ўтказди.
Дастлабки шартга кўра иштирокчилар бир соатлик дарсни кузатиб, педагогик, психологик, дидактик жиҳатдан таҳлил қилиб бердилар. Таҳлилда асосий эътибор ўқитувчининг вақтдан қай даражада самарали фойдалангани, интерфаол методлар ва АКТни қўллагани, мавзунинг очиб берилиши, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат, баҳолаш усуллари, дарсда барчанинг фаоллиги таъминланганига эътибор қаратилди.
Мактаб директори ўз лавозим вазифасига кўра, педагогик кенгашнинг раиси ҳисобланиб, кун тартибидаги мавзуга биноан йиғилишга тайёргарлик кўради ва ўтказади. Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилашга бағишланган кейинги турда иштирокчиларнинг бошқарувчилик маҳорати синовдан ўтказилди. Белгиланган уч соат вақт мобайнида иштирокчиларга педагогик кенгаш сценарий ва баёнини ёзиб топшириш вазифаси юклатилди.
Сўнгги шарт директорлардаги ташаббускорлик, тадбиркорлик ва янгиликка интилувчанлик хислатларини намоён этди. “Келажак мактаби” концепцияси тақдимотига бағишланган ушбу турда иштирокчилар ўзи фаолият олиб бораётган мактабнинг келгусида қандай бўлиши лозимлиги хусусидаги лойиҳаларини тақдим этдилар. Инновацион ғоялар билан бойитилган лойиҳаларда мактаб фаолиятининг турли жиҳатлари қамраб олингани кўзга яққол ташланди. Директорлар қўшимча даромад топиш орқали мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаол ўқитувчи ва ўқувчиларни рағбатлантириш, ўқувчиларга ноанъанавий усуллар ёрдамида пухта билим бериш, сифатли методик хизматни йўлга қўйиш бўйича таклифлар беришган.
— Танлов қизғин ва муросасиз руҳда кечиб, қатор илғор тажрибалар, таклифлар юзага қалқиб чиқди, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти проректори Шукур Пўлатов. — Иштирокчиларнинг аксарияти юқори бошқарувчанлик маҳоратига, ўз қатъий фикри, истиқбол режаларига эга экани, фикрларини дадил ҳимоя қилаётгани танловнинг савиясини кўтарди. «Келажак мактаби» лойиҳаси доирасида раҳбарлар томонидан бугунги кунда мактабларда учраётган муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул, реал усуллари тавсия этилди. Бу ғолибларни аниқлашда анча мушкуллик туғдирди. Ғолиб ва рағбатлантирувчи ўрин соҳиби бўлган директорларнинг жамғарган баллари ўртасида катта фарқ сезилмагани шундан далолат беради. Жараёнда аниқланган энг илғор тажрибалар республика миқёсида оммалаштириш учун тавсия этилди.
Танлов низомига кўра, якунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан бир нафардан иштирокчи “Йилнинг энг яхши мактаб директори” сифатида эътироф этилди. Ғолиблар биринчи даражали диплом, Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва пул мукофотлари, фаол иштирокчилар эса рағбатлантирувчи дипломлар билан тақдирланди.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар .