«Маҳорат дарслари»
Иқтидорли ўқувчиларимизнинг математика фани бўйича сўнгги икки йиллик натижаларига кўз ташлаймиз: 2014 йили Жанубий Кореянинг Тэджон шаҳрида бўлиб ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада республикамиз жамоаси илк бор қатнашиб, 31 давлатнинг 600 нафарга яқин ўқувчилари орасида юксак билим ва заковатга эга эканини намоён этди. Тўрт нафар вакилимиз 10 та масаладан 8 тасини ечиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
2015 йили Хитойнинг Чанчунь шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро мусобақада 29 давлатнинг 627 нафар иқтидорли ўқувчиси орасида терма жамоамиз вакиллари яна фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтди.
Булар мактаб ўқувчиларининг кўрсаткичлари. Бундай муваффақиятлар ёш авлоднинг муносиб билим олиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилаётгани самарасидир. Ёшларимиз ақл-заковатда ҳеч кимдан кам эмаслигини халқаро майдонда бот-бот исбот этаётгани эндиликда бундан-да юксак натижаларни қайд этиш, аждодларга хос билим-тафаккури билан дунё аҳлини яна ҳайратга солиш фурсати етганидан далолатдир. Бунинг учун билим, кўникма ва малакалари етарли ўқитувчилар гуруҳини шакллантириш ва уларнинг маҳоратини чархлаш орқали ёш иқтидорларни аниқлаш, қобилиятини ривожлантириш талаб этилади. Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Маҳорат дарслари” тадбири ҳам айни шу мақсадга қаратилди.
Шу йилнинг 4—8 январь кунлари пойтахтимиздаги 172-мактабда ўтказилган машғулотларга математика фанидан халқаро фан олимпиадалари ҳайъат аъзоси Шуҳрат Исмоилов раҳбарлик қилди. “Маҳорат дарслари”га Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадалари, билимлар беллашувида юқори натижаларни кўрсатаётган икки нафардан математика фани ўқитувчилари жалб қилинди.
— Халқаро математика мусобақасида қатнашувчи ўқувчиларни билимлар беллашуви аниқлаб беради, — дейди Шуҳрат Исмоилов. — Шундан сўнг, мусобақага бир ой қолганда уларга ДТСда белгиланган билимлардан ташқари, халқаро талаблар асосида мураккаблиги юқори бўлган алгебра, геометрия, сонлар назарияси, математик мантиқ, комбинаторика ва тўпламлар назариясига оид масалаларни якка тартибда ва жамоа таркибида ечиш усулларини ўргатишга киришардик. Бу муддат халқаро эътирофга сазовор бўлиш учун камлик қилади. Бугунги машғулотлар математиканинг мураккаблиги юқори бўлган мавзуларини билимлар беллашувида иштирок этаётган ўқувчиларга ҳозирданоқ ўргатиб боришга замин яратади. Шунда ўқувчиларимиз бу йил Таиландда ўтказилиши кутилаётган халқаро мусобақада ҳам ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиб, ишончни оқлайди, деган умиддамиз.
Ўқувчиларни халқаро танловларга тайёрлаш методикасига бағишланган “Маҳорат дарслари”да ўқитувчилар бир кунда 8 соат — 4 соат маҳоратни ошириш, яна 4 соат мустақил иш дарсларида қатнашди.
— Ўтган йилги халқаро мусобақада терма жамоамиз сафида ўқувчим Жаҳонгир Тўраев ҳам қатнашиб, совринли ўринни эгаллаганди. Мусобақадан кейинги суҳбатлар, мулоҳазаларда аён бўлдики, биз халқаро майдонга чиқаётган ўқувчиларимиз билан янада кўпроқ шуғулланишимиз, энг мураккаб мавзуларни тушунтиришимиз, масалаларни осон усуллар билан ечиш йўлларини ўргатишимиз керак экан, — дейди Каттақўрғон шаҳридаги 17-ИДУМ ўқитувчиси Инобат Фармонова. — “Маҳорат дарслари” машғулотларида айни шу йўналишдаги методларни ўзлаштирдик. Бу эса уммон каби кенг бўлган математика фани сирларини ўқувчиларга янада чуқур ва пухта ўргатишимизда асқотади. Тадбир доирасида Инҳа университетида ташкил этилган фестивалда ҳам қатнашиб, Жанубий Кореядан келган математик олимларнинг тажрибаларини ўрганиш имконига эга бўлдик.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири