Янги "Энг яхши дарс ишланмаси" танлови
ўқитувчиларни ижодкорликка, ўз маҳоратини намоён этишга чорлайди
Дарс ишланмаси 45 дақиқалик машғулотнинг қай даражада мазмунли ва юқори савияда ўтишини белгиловчи, таълим-тарбия сифатини кафолатловчи асосий омиллардан биридир. Бусиз дарсни олдиндан режалаштириб ёки тасаввур этиб бўлмайди. Дарс ишланмасининг сифати ва савияси эса педагогнинг маҳоратига боғлиқ. Ҳар куни бир неча бор дуч келинадиган бу вазифага педагоглар турлича ёндашади, кўплаб илғор услуб ва методлардан фойдаланади. Уларнинг меҳнатлари туфайли дарс санъат асари даражасига кўтарилиб, ўқувчилар давлат таълим стандартларида белгиланган билим, кўникма ва малакаларни тўлиқ эгаллайди.
Айтиш жоизки, барча талабларга жавоб берадиган намунали дарс ишланмалари яратиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш масаласи таълим-тарбия тизимида доимо долзарб бўлиб келган. Бугунги кунда халқ таълими тизимида педагогларга амалий кўмак бўладиган методик материаллар тайёрлаш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", "Йилнинг энг яхши мактаб директори", "Йилнинг энг яхши методисти", "Йилнинг энг яхши мактаб психологи" каби кўрик-танловлар шулар жумласидандир. Халқ таълими вазирининг тизимдаги таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида "Энг яхши дарс ишланмаси" кўрик-танловини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилиниб, жорий йилдан эътиборан мазкур танловни ўтказиш йўлга қўйилаётгани соҳада ўзига хос янгилик бўлди. Халқ таълими вазирлиги раҳбарлигида Республика таълим маркази, Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ҳамда "Ma’rifat"—"Учитель Узбекистана" газеталари ҳамкорлигида ташкил қилинаётган мазкур икки босқичли танлов га ҳужжатлар шу йилнинг 1 февралидан 10 мартигача қабул қилинади.
"Энг яхши дарс ишланмаси" кўрик-танлови қандай ташкил этилиши ва ўтказилиш жараёни тўғрисида Халқ таълими вазирлигининг таълим стандартларини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Маъруф Ваҳобов га бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.
— Аввало, кўрик-танловнинг мақсади ва аҳамиятига тўхталиб ўтсангиз.
— Ўқитувчи дарс мақсадига эришиш учун мавзуга мос илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа воситалари, кўргазмали ва дидактик материаллар, адабиётлардан унумли фойдаланиши, ўқув материаллари ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун уларнинг психо-физиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда илғор педагогик технология ва усулларни ўринли қўллаши зарур. Бунда, айниқса, ёш ўқитувчилар алоҳида кўмакка, кўрсатмага эҳтиёж сезади. Янги танлов дарс ишланмасини яратиш бўйича ўзига хос намуна мактабини яратиш ва бу жараёнда барча ўқитувчиларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида эълон қилингани билан долзарб аҳамиятга эга. Жараёнда юқори малакали ўқитувчилар аниқланиши, ўзига хос тажрибалар юзага чиқиши табиий. Энг муҳими, ўқитувчиларни инновацион фаолиятга жалб этиш, соғлом рақобат муҳитига киришиш, ижодкорлигини намойиш этиш учун муҳит яратилади. Кўрик-танлов низомида белгиланган мақсадлар ҳам шуни кўрсатади: ўқитувчиларнинг касбий компетентлилиги ва маҳоратини ошириш; дарслар сифатини ошириш; илмий-методик талабларга мос дарс ишланмаларини яратиш орқали ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш; дарс жараёнини илмий-методик асосланган ҳолда олиб боришни ривожлантириш; методик ишланмаларнинг электрон банкини, ўқитувчиларнинг онлайн мулоқотларини ташкил этиш ва ҳоказо.
— "Энг яхши дарс ишланмаси" кўрик-танловида иштирок этиш ва ўтказиш тартиблари қандай?
— Танловда халқ таълими тизимидаги барча умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчилари якка ҳолда иштирок этиши мумкин. Қатнашувчиларнинг ёши ва иш стажи чегараланмайди. Иштирокчиларнинг дарс ишланмалари "Халқ таълими вазирлигининг кўрик-танловлар тизими — http://tanlov.uzedu.uz/ манзилига мактаб кабинети орқали онлайн тарзда юборилади.
Кўрик-танлов Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти ва ахборот-таълим портали орқали икки босқичда амалга оширилади.
Иштирок этишни хоҳлаган ўқитувчилар дарс ишланмаларини 2016 йил 1 февралдан 10 мартга қадар ўзи фаолият юритаётган мактаб кабинети орқали онлайн шаклда тақдим этади. Юбориладиган дарс ишланмаси ва иловаларнинг умумий ҳажми 50 MBдан ошмаслиги лозим.
Келиб тушган аризалар биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларида тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан 11 мартдан 31 мартга қадар танлов сайти орқали баҳоланади. Ҳар бир фан йўналиши бўйича энг юқори балл олган беш нафар иштирокчи кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.
Иккинчи босқичда ҳакамлар 1 апрелдан 20 апрелга қадар ҳудудлар бўйича энг юқори балл тўплаган дарс ишланмаларини баҳолайди.
— Юбориладиган дарс ишланмаларига қандай талаблар қўйилади?
— Танловда ҳар бир иштирокчи 45 дақиқага мўлжаллаб яратган фақат битта дарс ишланмаси билан қатнашиши мумкин. Тақдим этилган ишланма давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурига мос, олдин турли манбаларда нашр этилмаган, муаллифлик ҳуқуқи бузилмаган бўлиши шарт. Зарур ҳолларда манбалар кўриб чиқилиши учун дарс ишланмасида келтирилган адабий ва иллюстратив материаллар қаердан олингани аниқ кўрсатилиши лозим.
Материаллар электрон шаклда MS Word (2003) матн муҳарририда, Times New Roman шрифтида, кегль-14, ҳошия ўлчовлари: чап томони 2 см , қолган томонлари 1,5 см бўлган ҳолда ўзбек ва рус тилларида (чет тилларни ўқитишга оид дарс ишланмаси инглиз, немис, француз тилларида), 1,5 интервалда 6 бетдан ошмаган ҳолда тақдим этилади.
Титул варағида: иштирокчининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими, туман(шаҳар), вилоят; фаннинг номи, синфи, дарс ишланмасининг мавзуси, ўқувчилар сони (тақдим этилаётган дарс ишланмаси синфда қанча ўқувчига мўлжаллангани); иштирокчининг электрон почта манзили (.UZ доменида очилган бўлиши лозим); тақдим этилган дарс ишланмасининг қисқача аннотацияси қайд этилади.
Дарс ишланмасига кўргазмали материаллар ҳам илова қилиниши мумкин. Тақдимотлар, мультимедиа иловалари алоҳида файлда юборилади. Фойдаланилган адабиётлар, интернет ресурсларининг манзили ишланманинг охирида кўрсатилади. Юборилаётган материаллар архивланиб, иштирокчининг исм-фамилияси билан номланган ҳолда юборилиши лозим (архив формати .zip ёки .rar).
— Баҳолашда қандай мезонлар эътиборга олиниши ўқитувчиларни қизиқтиради.
— Ўқитувчиларнинг ишларини баҳолашда дарс ишланмасига қўйиладиган барча талаблар инобатга олинади. Хусусан, дарс мақсадларининг тўғри қўйилгани, шакли ва тури, босқичларнинг мантиқий изчиллиги, тарбиявий ва ижтимоий-педагогик аҳамияти, методик янгилиги, фойдаланиш учун қулайлиги, ўқувчиларда зарур билимлар ҳамда ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга йўналганлиги, кўргазмали воситалар компетенцияларни шакллантиришга йўналганлиги, кўргазмали ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилгани каби 11та йўналиш бўйича 100 баллик тизимда баҳоланади.
— Меҳнат мукофотсиз қолмайди, албатта. Ғолибларни қандай рағбат кутаётганини ҳам айтиб ўтсангиз.
— Низомга кўра, танлов 25 апрелда якунланиб, натижалар http://tanlov.uzedu.uz веб-сайти, http://eduportal.uz ахборот-таълим портали ҳамда "Ma'rifat" ва "Учитель Узбекистана" газеталарида эълон қилинади . Ҳар бир фандан уч нафардан ғолиб аниқланиб, 1-, 2-, 3-даражали диплом билан тақдирланади. "Энг яхши дарс ишланмаси" номинацияси ғолиби бўлган материаллар ва уларнинг муаллифлари ҳақидаги маълумотлар Халқ таълими вазирлигининг ахборот-таълим порталига жойлаштирилади.
Кўрик-танловда иштирок этишни хоҳловчилар http://tanlov.uzedu.uz/ ва http://eduportal.uz ахборот-таълим портали орқали "Энг яхши дарс ишланмаси" кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида низом матни билан батафсил танишишлари мумкин.
Ўқувчилар ДТСда белгиланган юкламаларни тўлиқ ўзлаштирган дарс сифатли дарсдир. Бундай машғулотни ўтиш ўқитувчининг пухта тайёргарлиги, маҳорати ва, албатта, намунали дарс ишланмасини ярата олишига боғлиқ. Демак, азиз ўқитувчилар, ҳар бирингиз танловда иштирок этиб, ўз педагогик маҳоратингиз ва тажрибангизни намоён этишингиз мумкин.
«Ma’rifat» мухбири Насиба ЭРХОНОВА суҳбатлашди.