Биргаликда тил ўрганамиз
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан Шайхонтоҳур туманидаги 320-мактабда “Келинг, биргаликда чет тилларни ўрганамиз!” шиори остида фестиваль ўтказилди.
Унда иштирок этган Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Давлат тест маркази ҳамда ЎзДЖТУ қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази вакиллари бу каби тадбирлар таълим муассасаларида чет тилларни ўқитишнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот бериш билан бирга, илғор ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашишига ҳам хизмат қилишини таъкидлади.
— Фестивалнинг муҳим жиҳатларидан бири илғор тажрибали ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилгани бўлди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази методисти Нигора Икромова. — Машғулотларни кузатиш асносида чет тили ўқитувчиларининг ўз устида мунтазам изланаётгани, таълим жараёнига ижодий ёндашаётганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, хорижда малака ошириб қайтган бир гуруҳ чет тили ўқитувчиларининг сафар таассуротлари, ўрганган тажриба ва методикалари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Маҳорат дарсларини кузатган Чилонзор туманидаги 281-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Маҳбуба Жўраева ўз таассуротларини шундай ифодалайди:
— Ҳамкасбларимнинг ўндан ортиқ машғулотини кузатиб, келгусида педагогик фаолиятим учун асқотадиган кўплаб илғор тажрибалар билан танишдим. Бир-биридан қизиқарли, болаларни толиқтирмайдиган усулларни тажрибам асосида бойитиб, қўллаб кўришга аҳд қилдим.
Тадбирда ўқувчилар чет тилида ижро этган куй-қўшиқ ва саҳна кўринишлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири
В.ГРАНКИН олган суратлар.