«Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси»
ўқувчини барча фанлар бўйича ДТС талабларини бажаришга чорлайди
Халқ таълими тизимида ўтказиладиган билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, “Инглиз тили билимдонлари” каби интеллектуал мусобақалар ўқувчиларнинг муайян фанлардан эгаллаган билимларини аниқлайди. Ўқувчилар орасида соғлом рақобатни, ўзига ишонч ва билимини янада бойитишга рағбатлантирадиган бундай тадбирларда нафақат ғолиб ўқувчилар эътироф этилади, балки ўқитувчилар меҳнати, жамоа фаолиятини баҳолаш имкони пайдо бўлади.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг 8-синф ўқувчилари ўртасида ДТСга асосланган фанлар мажмуаси бўйича “Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси”ни ўтказиш юзасидан тайёрланган лойиҳани тажриба-синовдан ўтказиш буйруғига кўра пойтахтимизнинг Учтепа ва Чилонзор туманидаги мактабларда ўқув йили давомида тегишли амалий ишлар бажарилди. Юқоридаги танловлар қатори “Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси” ҳам мактабларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, ўқувчилар эгаллаётган билим, кўникма, малакаларни холисона баҳолаш билан бирга уларнинг биргина фандан чуқур билимга эга бўлишини эмас, балки ўқув дастуридаги барча фанларни ДТС даражасида ўзлаштиришини назорат қилиши билан аҳамиятлидир.
Уч босқич — мактаб, туман, вилоят(шаҳар)да ўтказилиши назарда тутилган “Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси” Учтепа туманидаги 23та, Чилонзор туманидаги 20та мактабда тажриба-синовдан ўтказилди. Бунда малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ДТС талаблари асосида уч хил мураккаблик даражаси бўйича 4та блок (1-блок — она тили, математика, география, 2-блок — рус тили, физика, тарих, 3-блок — инглиз тили, кимё, иқтисодий билим асослари, 4-блок — давлат ва ҳуқуқ асослари, информатика, биология)даги фанларнинг ҳар бирига 10 тадан тест саволлари банки яратилди. Икки кун давом этадиган жараёнда битта блок тест топшириқларига жавоб бериш учун 75 дақиқа фурсат берилиб, уч соатлик танаффус эълон қилинди.
Биринчи саралаш босқичида 8-синф ўқувчилари барча фанлар бўйича топшириқларни бажаргач, энг юқори кўрсаткичга эришган 15 нафар ўқувчидан иборат мактаб жамоаси шакллантирилди.
— Учтепа тумани мисолида оладиган бўлсак, 23та мактаб жамоаси беллашди, — дейди лойиҳа муаллифи, туман ХТМФМТТЭБ мутахассиси, физика-математика фанлари номзоди Ўктам Худоёров. — Жараёнда берилган содда тестлар — ўқувчилар эгаллаган умумий билимларни, ўрта мураккаб тестлар — билим-кўникмаларни, мураккаб тестлар — билим-кўникма-малакаларни аниқлашга асос бўлди. Якунда 229-мактаб ўқувчилари ғолиб деб топилди. Шунингдек, 283-, 287-, 238-мактаб ўқувчиларининг ҳам фанлардан ўзлаштириши ижобийлигини кузатдик. Умумий таҳлил натижаларига кўра қай бир фандан қайси ўқитувчининг маҳорати етарли ёки аксинча эканлиги ўқувчи билимига нисбатан аниқланди. Бунда нафақат мактаб, ҳатто синфлар кесимида ҳам мониторинг олиб бориш имкони туғилди. Умумий равишда ўқувчиларнинг айнан бир блок ва бир фан кесимида ўзлаштириши ўрганилганида, бўшлиқлар ва намунали жиҳатлар диаграмма ойнасида акс этди.
Иштирокчиларнинг она тили, инглиз тили ва информатика фанларидан ўзлаштириши нисбатан юқорилиги кўзга ташланди. Бу ҳолат ушбу фанлар ўқитувчиларининг маҳорати, ўқувчиларга пухта билим бераётгани, мактабларда мазкур йўналишдаги услубий бирлашмалар жонли фаолият олиб борилаётганини далиллайди.
Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билим даражасини ўрганиш асносида мавжуд бўшлиқларни бартараф этиб, бу борадаги тажрибаларни оммалаштириш бўйича механизм йўлга қўйилган. “Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси” ҳам ана шу мақсадга хизмат қиладиган ташаббус сифатида маҳоратли педагоглар томонидан ижобий кутиб олинди.
— “Комплекс фанлар жамоавий олимпиадаси” ўқувчининг барча ўқув фанларидан ДТС талабларига жавоб бериш даражасини баҳолаши билан афзалдир, — дейди Учтепа тумани ХТМФМТТЭБ она тили ва адабиёт ҳамда ўзбек тили фанлари методисти Нилуфар Йўлдошева. — Бу танлов иқтидорли, барча йўналишларда қобилиятли ўқувчиларни аниқлайди. Шунингдек, ўқувчи ва ўқитувчилар орасида “биринчи, иккинчи ёки охирги даражали фан” деган нотўғри тушунча шаклланишининг олдини олади. Биз туман босқичи якунига кўра она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг рейтингини чиқаришга муваффақ бўлдик.
Эксперт-мутахассисларнинг фикрига кўра ушбу беллашувнинг ҳар бир иштирокчиси ўзлаштириш даражаси 50 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Шундагина мактаб ўқувчиси ДТС талаблари бўйича таълим олаётган, билим, кўникма ва малакага эга бўлаётган ҳамда вақтини бекор ўтказмаётган бўлади. Мабодо бундан паст кўрсаткич аниқланадиган бўлса, тегишли фан ўқитувчилари маҳоратини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.
Тажриба-синов жараёнида ўқувчиларнинг фаоллашгани ва фанлардан яхши ўқишга ҳаракат қилаётгани, ўқитувчиларнинг эса ўз устида ишлашга иштиёқи ортгани кузатилди. Демак, бу ташаббусни янада такомиллаштирган ҳолда амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири