Ўқувчиларимизнинг Таиланддаги муваффақияти
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида яна бир хушхабар эшитдик. Шу йилнинг 14—20 август кунлари Таиланд қироллигининг Чиангме шаҳрида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз 2та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 31 давлатнинг 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилари иштирок этган беллашувда Қоракўл туманидаги 18-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев, шу тумандаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Шаҳбоз Ҳасанов, Яккабоғ туманидаги 37-мактабнинг
7-синф ўқувчиси Шоҳбек Маҳмудов, Китоб туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Элдор Неъматов миллий терма жамоамиз сафида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб узлуксиз таълим сифатини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик кун
сайин ўз самарасини бераётир. Замонавий шароит ва имкониятга эга мактабларда билим олаётган ўғил-қизларимиз бугун юртимиз миқёсидаги билимлар беллашуви, фан олимпиадаси сингари интеллектуал мусобақаларда муваффақиятли қатнашиш билан бирга, халқаро майдонда ҳам ўз салоҳияти ва иқтидорини намоён этиб, юртимиз номини жаҳонга ёймоқда. Жумладан, ўн тўрт йилдан буён мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган математика бўйича халқаро мусобақа ўзбек ўғил-қизларининг билим ва салоҳиятини дунё аҳлига намоён қилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан икки йил олдин Жанубий Кореянинг Тэжон шаҳрида бўлиб ўтган ушбу мусобақада вакилларимиз илк бор қатнашганда ҳам 31 давлатнинг 600 нафарга яқин ўқувчилари орасида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаганди. Ўтган йили Хитойнинг Чанчунь шаҳрида ўтказилган беллашувда ҳам вакилларимиз қўли баланд келиб, 29 давлатнинг 627 нафар ўқувчиси ўртасида яна фахрли иккинчи ўрин соҳиби бўлиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтган эди.
Тажрибада кузатилдики, мусобақада берилаётган масалалар йилдан-йилга мураккаблашиб, ҳақиқий билимдонликка қўйилган талаблар ортиб бормоқда. Шу маънода, вакилларимизнинг дунёнинг 30дан ортиқ ривожланган мамлакатидан келган 600 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчилар орасида совринли ўринни эгаллаши юксак матонат белгисидир.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу мусобақага тайёргарлик ишлари ўтган ўқув йилидан бошланиб, билимлар беллашувининг туман(шаҳар) босқичида 1—5-ўринларни эгаллаган 350 нафардан ортиқ 7-, 8-синф ўқувчилари икки турда сараланди.
— Иккинчи босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритган 23 нафар ўқувчини Тошкент шаҳрида жамлаб, улар орасидан берилган 10та масалани тўғри бажарган тўрт нафар ўқувчи 100 баллик кўрсаткич билан халқаро мусобақада қатнашиш учун миллий терма жамоамизга қабул қилинди, — дейди халқаро тоифадаги ҳакам Шуҳрат Исмоилов. — Иштирокчилар билан бир ой давомида математика фанининг халқаро стандартларга мос масалалар ечимлари устида ишладик. Жараёнда ўқувчилар содда фазовий фигуралар ва уларнинг таркибий қисмларини тасаввур қилиш, шарҳлай олиш, сонларнинг бўлиниш муносабатига ва жуфт-тоқликка оид ностандарт масалаларни еча олиш, мураккаб бўлмаган ясси фигуралар комбинациялари хоссаларидан фойдаланиб, ностандарт геометрик масалаларни ечиш, комбинаторикага оид ностандарт масалаларни еча олиш, арифметик ҳисоб-китоб техникасига оид қизиқарли, ностандарт ва матнли масалаларни еча олиш, симметрияга оид геометрик масалаларни еча олиш компетенцияларини ўзлаштирди. Эътиборлиси, ушбу мусобақа иқтидорли ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятини юқори даражада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, математика фанини ўқитиш методикаларини такомиллаштириш ҳамда таълим муассасаларининг ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартларга мувофиқ янгилашга хизмат қилади.
Халқаро математика мусобақаси икки босқичда — шахсий ва жамоалар ўртасида ўтказилди. Шахсий беллашувда ўқувчиларга 15та масала тақдим этилиб, натижаларга кўра, Элдор Неъматов ва Шаҳбоз Ҳасанов бронза медаль, Жаҳонгир Норбоев ва Шоҳбек Маҳмудов фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Жамоалар беллашувида ўқувчиларга 10та масала берилди. Жамоамиз аъзолари 8та масалани тўлиқ ечиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади ва мусобақа кубоги билан тақдирланди.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири