Мактабдаги иссиқхона
Халқимизда «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» деган пурмаъно нақл бор. Андижон вилояти Избоскан туманидаги 15-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати жамоаси айни мақолга амал қилиб кам бўлмади. 350 ўқувчи таълим-тарбия олаётган илм масканида талайгина ибратли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, 2014 йили мактаб-интернат ҳовлисида кичик иссиқхона ташкил этилиб, помидор ва бодринг кўчатлари парвариши йўлга қўйилганди. Сидқидилдан қилинган меҳнат тез орада ўз самарасини берди. Уч йил давомида 50 миллион сўмлик соф даромад олинди.
— Ботаника, биология, меҳнат таълими фанларидан тегишли амалий машғулотлар иссиқхонамизда ўтказилаётир. Ўқувчиларнинг жараёнда бевосита иштирок этиши улар қалбида табиатга меҳр, меҳнатсеварлик туйғуларини ривожлантирмоқда, — дейди муассаса директори Муҳайёхон Шодмоналиева. — Иссиқхонадан олинган даромаднинг бир қисмига ўқув маскани учун 16 та ноутбук, 2 та совуткич ва 6 дона телевизор харид қилинди. Фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида фаол иштирок этган ўқувчиларни тақдирлаяпмиз, ходимлар ва ўқувчилар учун бепул тушликлар ташкил қилинган. Ўтган йил ҳисобида мактаб ҳудудига 50 дан ортиқ манзарали дарахт, 10 минг мавсумий ва 500 туп кўп йиллик гул кўчатлари экилди. Аҳамиятли жиҳати, барчасини ўз иссиқхонамизда етиштирганмиз.
Ноябрь ойида жамоа лимонарий яратишга киришиб, иситиш мосламаларисиз «термос» усулида бунёд этилган жойда 25 туп лимон кўчатини парвариш қила бошлади. Уч йиллик цитрус ниҳоллар атрофи шудгорланиб, истеъмолда фойдали кўкатлар уруғи сепилди.
Бу каби ишларни оммалаштириш мақсадида мактаб-интернатда кўргазмали ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбирда тумандаги барча таълим муассасалари вакиллари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирок этди. Семинар давомида йиғилганларга лимон кўчатларини парвариш қилишда «термос» усулини қўллашга доир тавсиялар берилди. Ҳозир тумандаги 50 дан зиёд таълим муассасалари, маҳалладаги 60 та хонадон эгалари янги услубда иссиқхоналар бунёд этиб, лимонарий ташкил этишга киришган.
Элмурод ЭРМАТОВ
Андижон вилояти