Натижа самара билан белгиланади
Ўқитувчи меҳнатининг маҳсули натижа билан белгиланади. Ҳар бир дарс ўқувчига янги маълумот берса ва фикрларини теранлаштирса кўзланган мақсадга эришилади. Шу сабаб илғор, ижодкор ва ташаббускор ўқитувчиларни аниқлаш, улар тажрибасини оммалаштириш мақсадида ўтказиладиган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида педагоглар маҳорати ҳар томонлама синалади.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида биринчи тур — тест синовларида мутахассислик саволларига жавоб берган педагоглар, ёзма иш ёзиб, билимини намойиш этди. Сўнгги турда эса қуръа ташлаш йўли билан танланган мавзуда намунали дарслар нотаниш синф ва мавзуда ўтказилди.
— Ўқитувчи меҳнатининг маҳсулини кўрса, руҳи кўтарилади, ишига сидқидилдан ёндашади, — дейди танловнинг шаҳар босқичида физика фанидан ғолибликни қўлга киритган Сергели туманидаги 6-ИДУМ ўқитувчиси Моҳидил Йўлдошева. — Ҳар бир дарсни амалий ўтказишга ҳаракат қиламан. Ўқувчиларим физик қонуниятни англаб, таҳлил этганини, билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этганини кўрсам янада кўпроқ изланаман. Шу сабаб “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида ўтган очиқ дарсимни ҳам амалий тарзда олиб бордим.
Б.РИЗОҚУЛОВ