Йилнинг энг яхши психологи
Шу йилнинг 17—19 май кунлари умумтаълим мактабларининг амалиётчи психологлари орасидан илғор, ташаббускор ва ижодкорларини аниқлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши психологи” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Танловда 14 та ҳудуддан келган олий маълумотли, камида уч йиллик иш тажрибасига эга амалиётчилар қизғин рақобат руҳида беллашди.
Биринчи куни иштирокчилар Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги профилли меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида 1 соат мобайнида психологик-педагогик ҳамда таълимга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бўйича 50 та саволга жавоб бергач, 2-турда “Муаммоли вазият”дан чиқишга ҳаракат қилишди. Бунда муаммонинг ечимини топишда касбий маҳорат, мижоз билан ишлаш усулининг янгилиги, психологик хизмат йўналишлари қай даражада қамраб олингани, масала ечимида замонавий технологиялар, қўшимча методикалардан фойдаланиш ва асосийси — натижавийлиги мезон қилиб олинди.
— “7-синф ўқувчиси синф раҳбарининг столи тагига пақилдоқ ташлаши” муаммоли вазиятига ечим изладим, — дейди Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги 9-мактаб психологи Низомиддин Абдуллаев. — “Муаммоли вазият”дан чиқиш бўйича чора-тадбирлар режамда энг натижавий чора бу — консемиум усули бўлди. Бунда ота-она — мактаб — ўқувчи учлигининг масъулияти оширилади.
Танловнинг иккинчи кунида иштирокчилар ихтиёрий равишда танлаб олинган тренинг машғулотига электрон ишланма яратишди. 2 соатга мўлжалланган ишланмада фойдаланилган кўргазмали воситаларнинг тўғри танланиши, жараёнда барча ўқувчилар иштирокининг таъминланиши, вақтнинг тўғри тақсимланиши, интернет маълумотларини самарали қўллаши ҳакамлар эътиборидан четда қолмади.
— Аввалгиларга нисбатан бу йил иштирокчилар таркиби ёшарганини таъкидлаш зарур, — дейди Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис маркази бўлим бошлиғи Лимона Аҳмедова. — Эндиликда чекка туманлардан ҳам республика босқичигача етиб келган психологлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Бу йилги қатнашчиларнинг деярли 80 фоизи психология йўналишида олий маълумотга эга.
Охирги куни Яккасарой туманидаги 319-мактабда уч тур бўйича 40 балдан юқори натижа кўрсатган 9 нафар иштирокчи нотаниш синфда тайёрлаган ишланмаси бўйича тренинг машғулоти ўтди.
— “Шахслараро муносабатларда қийинчиликка учрайдиган болалар билан ишлаш” мавзусида тренинг олиб бордим, — дейди Хоразм вилояти вакиласи Дилрабо Рўзметова. — Жараёнда имкон қадар ўқувчиларни янги инновацион методлар билан тренинг мақсадига қизиқтиришга ҳаракат қилдим. Муаммони тушунарли қўйганим сабабли ўқувчилар фаол бўлиб, мунозарага киришди. Шу сабаб уятчан, фикрини билдиришга қийналадиган ўқувчилар ҳам ўзини эркин тутди, фикрларини бемалол билдирди.
Танлов якунига кўра 1-ўрин Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 15-мактаб психологи Иқболой Турғуновага насиб этди. Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 326-мактаб психологи Умида Сапарова иккинчи ва Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 53-мактаб психологи Нодирахон Шарипова учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек “Энг креатив психолог”, “Энг самимий психолог”, “Энг маҳоратли психолог”, “Замонавий психолог”, “Психологик тренинг устаси”, “Энг изланувчан психолог”, “Энг яхши тарғиботчи”, “Энг жозибали психолог”, “Энг ташаббускор психолог”, “Энг фаол психолог”, “Энг ғайратли психолог” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири