Кўплаб муаммоларга ечим топилди
Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг 4—5 июль кунлари Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда амалий фанлар ўқитувчиларининг республика форуми ўтказилди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 250 нафар ўқитувчи, методист, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари иштирок этган мазкур тадбир ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилиш, таълим жараёнига илғор тажрибаларни жорий этиш ва тизимдаги муаммоларни бартараф қилишга бағишланди.
Ўқувчиларни аждодларимизнинг бой маънавий меросидан бохабар этиш, улар қалбини санъатга ошно этиш ўқитувчидан юксак маҳорат ва малака талаб этади. Бу борада умумтаълим тизимида амалий фанларни сифатли ўқитиш ва тарбиявий ишларни тизимли ташкил этиш долзарб вазифа ҳисобланади.
— Форум доирасида эришилган ютуқлар, кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти таҳлил этилиб, муаммоларга ечим изланаётгани келгусида таълим тизимини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади, — дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов. — Бугунги кун барчамиздан янгича ишлаш, кенг фикрлашни тақозо этмоқда. Боланинг асосий фазилатлари шаклланадиган мактаб ёшида бақувват, билимдон, хушфеъл ва меҳнатсевар бўлиб улғайишида амалий фан ўқитувчилари тажриба ва маҳоратини юксалтириш муҳим. Ҳар уч йилда малака оширишга келган ўқитувчи ўзига аввалдан таниш бўлган тажриба ва кўникмаларни эмас, замонавий талабларга мос тарзда янгича методларни мунтазам ўзлаштиришига эришиш муҳим вазифаларимиздан. Вақти-вақти билан малака ошириш тизимидаги тренер ўқитувчиларни ҳам қайта тайёрлаш, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги маълумотларга эга бўлишини таъминлаш керак.
Умумтаълим мактабларидаги жами йиллик 9078 дарс соатининг 1560 соати амалий фанларга ажратилган. Ҳар бир фаннинг сифатли ўқитилиши, биринчи галда ўқитувчининг малакаси, маҳорати ва зарур методик қўлланмаларга боғлиқ. Форумда амалий фанларни ўқитишдаги шу каби муаммолар ва уларнинг ечими хусусида фикрлашилди. Cоҳага доир дарслик ва қўшимча қўлланмалар етишмаcлиги ҳам айтилди. Кейинги пайтларда бу фанлар мазмунан такомиллаштирилиб, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларига мос сифатли дарсликлар, ўқувчиларнинг амалий билим, кўникма ва малакаларини бойитувчи тасвирий санъат, мусиқа, технология, жисмоний тарбия ва психология йўналишларида методик таъминот манбалари яратилишига катта эътибор қаратилмоқда.
— Машғулотларда одатий мавзу ва маълумотлар такрорланмаслиги учун фаннинг асосий мақсад ва мазмунини белгиловчи янгича усулларга таяниш, яъни, методик кўмак лозим, — дейди Республика таълим маркази директори Ислом Зокиров. — Амалий фанлар йўналишида айрим синфлар учун дарсликлар, материаллар, ўқув-методик қўлланмалар яратиш борасида соҳа ходимлари ва мутахассислари зиммасига катта вазифалар юкланган. Жумладан, янги ўқув йилида 1-, 4-, 7-, 8-синфлар учун “Жисмоний тарбия”, 1-, 4-, 6-, 7-синф “Технология”, 6-синф “Тасвирий санъат” дарслиги янгиланяпти. 7-синф “Тасвирий санъат”, 1-, 4-, 6-, 7-синф мусиқа дарслиги такомиллаштирилмоқда. Қолаверса, янги дарсликларга ақл гимнастикаси бўлган шахмат сирларини ўқитиш ҳам қўшилди. Келгусида технология фани бўйича замонавий талабларга мос тарзда ўзгартирилган 8—9-синф дарслигини яратиш кўзда тутилган.
Форумнинг ялпи ва шўъба йиғилишларида педагогика олий таълим муассасаларида амалий фанлардан етук мутахассислар тайёрлашнинг долзарб масалалари, ёшлар онгига болаликдан мусиқа илмини сингдириш, мусиқа маданиятини юксалтиришда янгича ёндашувлар, ўқувчиларда медиамаданиятни шакллантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. — Ўғил-қизларимиз келажакда самимий, меҳр-мурувватли, мард ва тўғрисўз бўлиб улғайиши учун уларни ёшлик давридан санъатга йўналтириш лозим, — дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси профессори, 5-синф “Мусиқа маданияти” дарслиги муаллифи Аваз Мансуров. — Боиси, шу пайтда боланинг ҳиссиётлари шаклланади. Аммо бу фанни ўқитиш бўйича кўплаб муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда. Мисол учун, чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларида мусиқий асбоб-ускуналар етишмайди. Айрим жойларда ўқитувчилар нота орқали куй басталаш ва қўшиқларни ёдлатишга қийналмоқда. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида эса ўқувчиларни махсус фанга йўналтириш учун мусиқа дарси икки ҳафтада бир соат ўтилаётган ҳолатларни ҳам учратамиз. Инглиз тили, математика ёки филологияга ихтисослаштирилган синфлар қатори мусиқа ва технологияга йўналтирилган махсус синфлар фаолияти йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Кун давомида иш олиб борган шўъба йиғилишлари қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Жумладан, жисмоний тарбия фанини ўқитишнинг долзарб вазифаларига бағишланган шўъбада шахмат тарихи; мусиқа маданияти шўъбасида опера жанрини ахборот технологияларидан фойдаланиб ўргатиш; янгидан яратилган “Технология” дарслигини қўллаш орқали ўқувчиларда таянч ва фанга оид компетенцияларни шакл¬лантириш хусусида фикр юритилди.
— Шу пайтгача жисмоний тарбия фанини ўқитишда мактабимиздаги шарт-шароитдан келиб чиқиб, мавзуларни ўзимиз, тахминий белгилардик, — дейди Ўртачирчиқ туманидаги 72-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нафиса Ҳакимова. — Янги ўқув йилида давлат таълим стандартлари асосида тизимли равишда ишлаб, АКТ ёрдамида ўқувчилар билимини мустаҳкамлаймиз. Аммо фанга доир методик материаллар ва қўлланмалар етишмайди. Форумнинг шўъба йиғилишларида шу каби муаммолар ўртага ташланди ҳамда унинг ечимлари хусусида фикрлашдик. Мисол учун, ўзим интернет сайтларидан изланиб, “Фронтал”, “Оқим” усуллари орқали синфдаги барча болаларни жамлаб, машқ олиб бораман. Машғулот жараёнида спортга иштиёқи бор болалар кўзга ташланади. Улар билан алоҳида шуғулланаман. Форумда бу тажрибам ҳамкасбларимга маъқул келди. Шўъба йиғилиши иштирокчилари профессор-ўқитувчилар, дарслик муаллифларининг маърузаларини тинглаб, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.
“Тасвирий санъат ва чизмачилик фанларини ўқитишнинг долзарб вазифалари” мавзусидаги йиғилиш ҳам қизғин кечди. Иштирокчилар таълим жараёнидаги айрим муаммоларга биргаликда ечим излашди. Тасвирий санъатни ўргатишдаги муаммолар, жумладан, муҳим воқелик ва портрет чизишни ўргатишда оддий дарс услубига таяниб қолмаслик зарурлиги айтилди. Шу боис, янги дарсликларда фан асосчиларининг маш¬ҳур рассомлар томонидан ишланган портретлари берилганига эътибор қаратилди. Машғулот фан ўқитувчиларини баҳсга чорлади. Расм ва чизмачилик хонаси деворига кўргазмалар, портретлар, шаклларни меъёридан ортиқ осмаслик, бу ўқувчи диққатини жамлашига халақит қилмаслиги, синф жиҳозлари ўқувчи ёши ва дарснинг мазмунига мос келиши зарурлиги таъкидланди.
— Янги “Тасвирий санъат” дарсликларига ўқувчиларда амалий ва мулоқот компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган методлар киритилди, — дейди дарсликлар муаллифи Ас¬қарали Сулаймонов. — Ўғил-қизларимизнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни мус¬тақил тасвирлашга ундаш ва дунёқарашини кенгайтириш муҳим. Шунинг учун бироз мураккаб бўлган расм чизиш босқичини тушунтиришда махсус жадваллар ёрдамига таянилади. Масалан, 7-синф дарслигидаги “Ёруғ ва соя муносабати” мавзусида шакл ҳосил қилишни тушунтириш керак.
Форум якунида фанлар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Илғор тажрибалар оммалаштириш учун тавсия этилиб, 117 та маъруза тезислар тўпламига киритилди. Тажрибали фан ўқитувчилари вазирликнинг тармоқ мукофоти — “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шу билан амалий фанлар бўйича республика форуми якунланди. Аммо мазкур фанларни ўқитиш, дарс сифат ва самарадорлигини ошириш борасидаги мунозаралар юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка туманлардаги таълим муассасаларида ҳам давом этади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири