Мактаб ярмаркалари узоқни яқин, мушкулни осон қилади
Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолмоқда. Айни дамда кўпчилик ота-оналар фарзандларига ўқув қуроллари, мактаб формаси харид қилиш ҳаракати билан банд.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 июлдаги “Республиканинг барча ҳудудларида мактаб ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари”га бағишланган мажлиси қарорига кўра, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўқувчиларни асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси билан таъминлашда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябрига қадар жойларда мактаб ярмаркалари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб ярмаркаларини ташкил этиш бўйича ўтказилган медиа-тур давомида Халқ таълими вазири У.Иноятов бу ҳақда батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, юртимиз бўйлаб 1325 та мактаб ярмаркаси ташкил этилади. Ярмаркаларнинг асосий қисми, яъни 927 тасининг фаолияти умумий ўрта таълим мактабларида йўлга қўйилиб, уларга ҳудудлардаги 5685 та таълим муассасаси бириктирилади. Шунингдек, ярмаркаларнинг 205 таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 193 таси аҳоли гавжум бўлган бозорларда ташкил қилинади. Натижада 6 миллион 152 минг нафардан зиёд ўқувчиларнинг асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар олишида қулайликлар яратилади.
Мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви йўлга қўйилади. Жойларда ташкил этиладиган савдо нуқталарига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Ўздавкитоб-таъминотсавдо”, “Шарқ зиёкори” МЧЖ ва “Шарқ” компанияси етказиб беради.
Ярмаркалар фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилмоқда. Ярмаркалар ташкил этиладиган таълим муассасаларининг ҳовли фойеларида алоҳида жойлар ажратилиб, зарур жавонлар билан жиҳозланмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ ходимлари медиа-тур доирасида Олмазор туманидаги 243-мактабда ташкил этилган намунавий мактаб ярмаркаси билан таништирилди.
— Набирам бу йил 1-синфга чиқади, — дейди ярмаркага келган Марғуба Ҳакимова. — Анчадан буён мактаб формаси қандай бўлади, деб қизиқиб сўрайверарди. Мактаб ярмаркаси ташкил этилганини эшитиб, борайлик, дея ҳеч тинч¬лик бермади. Набирамга мактабда жорий этилган қизлар формаси — тўқ қизил рангдаги юбка, оқ кофта ва тўқ қизил рангли нимча жуда манзур бўлди. Кийимлар саломатликка зарар етказмайдиган, табиий пахта матосидан тикилган. Муҳими, бичимида қизларнинг ҳаёли-иболи кўринишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Айтиш жоиз, ярмаркаларда сотиладиган маҳсулотлар нархининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик, ўқув анжомларининг сифатини назорат қилиш, тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди идоралар томонидан доимий назорат ишлари олиб борилади.
Шу куни “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида ҳам ўқув қуроллари, адабиётлар, болалар кийим-кечаклари ҳамда пойабзаллар Республика кўргазмаси ўз ишини бошлади. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда.
— Фарзандларим Шайхонтоҳур туманидаги 34-мактабнинг 8-, 9-синфида таҳсил олади, — дейди ота-оналардан бири Ирода Соатова. — Мактабда ота-оналар қўмитаси раисиман. Мактаб маъмурияти билан келишган ҳолда 4 нафар ўқувчини вакил сифатида кўргазмага олиб келдим. Мактаб формаларини болалар кийиб кўришди. Ярашган, маъқул келган либосларни танладик. Ўқитувчилар ва ота-оналар билан кенгашиб, мактаб ўқувчилари учун бир хил форма тикиб бериш бўйича ишлаб чиқарувчиларга буюртма бермоқчимиз. Чунки маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар қўлидан тўғридан-тўғри харид қилиш биз, ота-оналарга анча арзон тушади. Қолаверса, мактабдаги барча ўқувчида бир хил форма жорий қилинса, кимўзарга кийиниш, айниқса, қизлар орасида кийимларини кўз-кўз қилиш ҳолатларига ўрин қолмайди.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири