Энг маҳоратлиларгина ғолиб бўла олди
Маҳорат синовларда тобланади. Шу йил 13-15 сентябрь кунлари "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2017" кўрик-танловининг республика босқичига етиб келган 68 нафар ўқитувчи она тили ва адабиёт, ўзбек тили, бошланғич таълим, биология ва география фанларидан билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.
Иштирокчилар биринчи турда онлайн тарзда тест синовлари топширди. Баҳолаш жараёнини мониторда кузатиб бориш имконига эга бўлди.
Афсуски, айрим педагоглар етарли балл тўплай олмагани учун шу босқичдаёқ иштирокини тўхтатди. Натижада иккинчи ва учинчи турда камчилик ўқитувчилар ғолиблик учун курашди. Учинчи шартгача бошланғич таълим ва биология ўқитувчиларининг 4 нафаригина етиб келган бўлса, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг 6, ўзбек тили ўқитувчиларининг 11 нафари электрон тарзда ноанъанавий усулдаги дарс ишланма яратиш имкониятига муяссар бўлди. Янги педагогик ҳамда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш борасида бошланғич синф ўқитувчиларининг 2 нафари — Хоразм ва Фарғона вилояти вакилигина синовдан муваффақиятли ўтган. География фани йўналишида эса сўнгги шартда Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Жиззах вилояти вакилларигина қолишган бўлса, биология фанидан Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах вилояти вакиллари очиқ дарс ўтиш имкониятини қўлга киритди, холос.
Бу ҳолатни Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Ўғилой Юсупова қуйидагича изоҳлади:
— 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб энг ташаббускор, маҳоратли, фидойи педагогларни аниқлаш, тажрибасини оммалаштириш, таълим жараёнига татбиқ этиш мақсадида иштирокчилар билими такомиллашган шартлар асосида синалмоқда. Энди республикамиздаги барча фан ўқитувчилари маълумоти ўрта ёки олийлиги, иш стажи, ёшидан қатъи назар, танловда қатнашиши таъминланмоқда. Бу эса биринчи турда тақдим этилган саволлар ва йўналишлар бўйича ўқитувчилар билимида қандай бўшлиқлар борлигини, барча мактаблар ва фанлар йўналишида самарадорликни аниқлаш имконини берди. Мисол учун, май ойида ўтказилган танловнинг республика босқичида кимё ва миллий истиқлол ғояси (6 нафар), немис (4 нафар) ва француз (3 нафар) тили фанларидан самарадорлик пастлиги аниқланган эди. Ечим сифатида юртимиздаги барча кимё фани ўқитувчилари Республика таълим маркази мутахассислари томонидан 24 соатлик ўқув курсида масофавий ўқитилди.
Умумий қилиб айтганда, барча фанлардан онлайн-тест, савол-жавоб, ёзма иш ва дарс ишланма яратиш шартларидан муваффақиятли ўтган 15 нафар ўқитувчигина якуний — очиқ дарс ўтиш шартида беллашди.
— Танловнинг сўнгги шартигача етиб келганим мен учун катта натижа бўлди, — дейди Боғот туманидаги 3-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Санобар Ражабова. — Жорий йилда танлов низомига ўзгартириш киритилгани бизга янада қулайлик яратиш билан бирга кенг билим ва маҳорат ҳам талаб этди. Онлайн-тест, ёзма иш, АКТдан фойдаланган ҳолда дарс ишланма тақдимотини яратиш ҳамда белгиланган мавзу бўйича дарс ўтиш танловни анча такомиллаштирган.
Аудиторияда кузатув камераларининг ўрнатилгани танловнинг холис ўтишини таъминлади. Ҳайъат аъзолари иштирокчиларни низом асосида ҳаққоний баҳолаб борди. Она тили ва адабиёт фани бўйича ҳакамлар ҳайъати раиси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев иштирокчиларнинг муваффақияти ҳамда йўл қўйган хатолари ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
— Танловнинг мезонлари жуда мураккаб эмас. Аммо иштирокчиларнинг танлов шартларида қийналиб қолгани кўзга яққол ташланди. Аксарият ўқитувчилар билими мактаб дарслиги билан чекланиб қолган. Аслида бугунги кун педагоги замон билан ҳамнафас қадам ташламоғи, дарсликдан ташқари бадиий ва қўшимча адабиётларни ҳам мутолаа қилмоғи лозим. Зеро, ўз устида тинимсиз ишлаш нафақат танлов қатнашчилари, балки замонамизнинг ҳар бир педагогидан талаб қилинадиган асосий шартдир. Иштирокчилар орасида изланувчан, билимдон ва интилувчан устозлар кўплиги танловда рақобатни янада оширди. Мисол учун, Китоб туманидаги 1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Д.Бердиеванинг дарс ўтиши барчага манзур бўлди. Ёш муаллима дарсни ноанъанавий тарзда ташкил этиб, барча турларда ўз маҳоратини намоён эта олди.
Танловда биология фани бўйича иштирок этган Шаҳрихон туманидаги 62-мактаб ўқитувчиси Фахриддин Давронов 8-синф ўқувчиларига "Одам танасининг тузилиши ва функцияси. Ҳужайралар шакли ва кўпайиши. Ҳужайранинг кимёвий таркибий қисмлари" мавзусида дарс ўтиб берди.
— Бегона мактабда нотаниш синф ўқувчиларига дарс ўтиш муаллимдан катта маҳорат талаб этади, — дейди Фахриддин Давронов. — Бу жараёнда ўқувчиларнинг билимли эканлиги менга катта ёрдам берди. Ўғил-қизлар мавзуни осон ўзлаштириб, дарсда фаол иштирок этди. Шу боис улар билан ишлаш мураккаб кечмади. Айниқса, микроскоп билан, шунингдек, интерфаол методлар орқали ўқувчилар билан ишлаш осон кечди.
Дарс ўтиш жараёнида ўқитувчиларнинг камчиликлари ҳам кузатилди. Масалан, орқа парталардаги ўқувчилар дарсга фаол жалб этилмагани, дарслик билан ишламагани, педтехнологияларни қўллашда хатоликка йўл қўйгани эътиборга олинди.
Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар яқинлашди. Қизғин ва кескин рақобат муҳитида бешта фан йўналишида энг кучлилар аниқланди. Унга кўра, она тили ва адабиёт фанидан Китоб туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Дилноза Бердиева, ўзбек тили фанидан Олмалиқ шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси Муқаддам Йўлдошева бошланғич таълим йўналиши бўйича Фарғона шаҳридаги 15-мактаб ўқитувчиси Қумрихон Маматхонова, география фанидан Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактаб ўқитувчиси Жаҳонгир Исматов ва биология фанидан Жондор туманидаги 49-ИДУМ ўқитувчиси Садоқат Қўчқорова ғолиб деб топилди.
Насиба ЭРХОНОВА,
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари