«Бу ер ҳали зўр бўлади!»
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг камида битта шеърини ёд билмайдиган киши йўқ қорақалпоқда. Президентимиз таклифи билан қисқа фурсат ичида Нукус шаҳрида қад кўтарган Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилгани юртдошларимиз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. 216 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда чинакам адабиёт шайдолари таҳсил олмоқда.
— Ўқувчиларни 5-синфдан тест синови асосида ўқишга қабул қилдик, — дейди мактаб директори Фарахат Палимов. — 76 дан юқори балл тўплаган ўғил-қизлар мактабимизда таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳозир 5-, 6-, 7-синфларда жами 150 дан ортиқ ўқувчига маҳоратли, юксак билим ва тажрибага эга, танлов асосида ишга қабул қилинган ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқда.
Уч қаватли таълим муассасасида барча имкониятлар яратилган. Фан, лаборатория, лингафон, чет тили, тил ва адабиёт, информатика хоналари сўнгги замонавий ўқув қуроллари, АКТ воситалари билан таъминланган. Замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозланган спорт залида тўгараклар иш бошлади. Қорақалпоғистоннинг олис туманларидан келиб таҳсил олувчилар кўпчиликни ташкил этгани учун 100 ўринли ётоқхона қурилди. Мактаб-интернатда ўқиш истагини билдирган номзодларнинг кўплиги юртимизда китобхонликка, адабиётга қаратилаётган эътибор бесамар кетмаётганининг ёрқин ифодаси.
— Адабиётга қизиқишим мени янги мактабга етаклади, — дейди 5-синф ўқувчиси Айсулув Жумабоева. — Эртак, ҳикоя ёзишни яхши кўраман. Мақолаларим республикамиздаги болалар нашрларида чоп этилган. Келажакда тил ва адабиётни чуқур ўрганиб, яхши ижодкор бўлиш ниятим бор.
Дарҳақиқат, бу масканга келган ҳар бир ўғил-қизнинг орзуси бор. Адабиётга ошно кўнгилдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Улар доим гўзалликка ошиқ, яхшиликка талпиниб яшайди.
— Ҳозир танлаш имкони юқори, — дейди қораўзаклик ўқувчи Муратбой Жолдасбоевнинг онаси Серегул Даўлетниязова. — Ёшларимиз иқтидор ва қизиқишига қараб, махсус мактабларда таълим олиши мумкин. Бу ўз ўрнида соғлом рақобатни юзага келтиради. Нукусда шундай мактаб очилгани бизни хурсанд этди. Чунки фарзандимизнинг адабиётга қизиқиши юқори эди. Уни шу мактабда ўқитишни жоиз билдик. Туманимиз Нукусга узоқлигини ўйлаб, бошида хавотирлангандик. Ўқувчилар учун ётоқхона қурилгани бу мушкулимизни осон қилди.
Мактабда яратилган шароит билан танишиб, ота-оналарнинг эътирофи тўғри эканига амин бўлдик. Ётоқхона шинам ва қулай. Иссиқ, совуқ сув бор. Дам олиш хонаси, дарс тайёрлайдиган махсус хона, ошхона, хуллас барча имконият яратилган.
Мактабда босмахона ҳам фаолият бошлади. Бу ерда таржимонлик бўйича махсус мактаб яратилиши назарда тутилган. Босмахонада чет тиллардаги адабиётлар қорақалпоқ тилига, қорақалпоқ тилидаги адабиётлар чет тилларга таржима қилиниб, чоп этилади.
Таълим муассасасидаги сўлим боғда ўрнатилган Ибройим Юсупов ҳайкали сиймоси бугунги дориломон кунларга мамнун ҳолда сизни қарши олади. Хаёлга шоирнинг шундай сатри келади: “Бу ер ҳали зўр бўлади!”.
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири