Эзгулик бунёдкори
Ўқитувчиларга эзгулик бунёдкори, дея таъриф беришади. Аслида ҳам устоз мактабга қадам қўйган ҳар бир ўқувчига билим бериш билан бирга меҳр улашади. Тарбиядаги икки муҳим устун — маърифат ва меҳр оғушида улғайган фарзандлар эса эзгу ғоялар тарғиботчиси бўлиб вояга етади.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 273-мактабда ҳам ана шундай устозлардан бири — Наргиза Нурматова бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия беради. Ўқитувчининг эндигина 1-синфда ўқишни бошлаган жажжи қалб соҳибларига мавзуларни қизиқарли ўтиши ҳамкасблари, ота-оналар томонидан эътироф этилади. Хусусан, ёзув дарсини ўзи яратган педагогик технология асосида олиб бориши қўлига эндигина қалам тутган ўқувчилар ҳуснихатининг равон ва текис бўлишини таъминлаяпти.
— Ёзув — ўқувчининг юзи, — дейди Наргиза Нурматова. — Шунинг учун 1-синфда ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиб, ёзув техникасини ўргатиш самарали эканига тажрибамда амин бўлдим.
Интилувчан устоз 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан севимли ўқувчилари тақдим этган гулдастага боқиб ўзининг беҳад бахтиёрлигини бот-бот такрорлайди. Зеро, шогирдлар ишончи — устоз учун улкан бахт.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири