Қишга тайёргарлик нега кечикмоқда?
Кузнинг ўртасида ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши барчамизни сергаклантириб, куз-қиш мавсумига ким қандай тайёргарлик кўрганини синовдан ўтказиб олди. Қаерда ҳозирлик якунига етмаган ёки бу ишга эътиборсизлик билан қаралган бўлса, мутасаддиларнинг “пайтавасига қурт тушди”.
Халқимизда “қиш ғамини ёзда е” деган доно нақл бежиз айтилмаган. Буни Чуст тумани халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳам яхши билади. Аммо билган бошқаю, уққан бошқа. Тумандаги айрим таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани кишида шундай тасаввур уйғотади. Масалан, 37-мактабда қиш тараддуди ниҳоясига етмаган. Ўқув биноларини иситиш тизими, ўрнатилган кичик қозонлар юқори босим остида синовдан ўтказилмаган. Аслида мактабга 52 тонна кўмир ёқилғиси ажратилган бўлса-да, амалда унинг 29 тоннаси келтирилган, холос. Қолган 22 тонна 870 кг брикет муассасага етказиб берилмаган. Синфхоналарни ёритиш тизимидаги камчиликлар ҳам бартараф этилмаган, лампочкалар етишмайди. Айрим хоналарда куйган электр чироқлари алмаштирилмаган. Мактаб спорт зали ёмғирли кунлардан анча азият чеккани шифт ва деворларда қолган асоратлардан ҳам маълум. Лекин чакки ўтадиган том таъмирланмаган.
Мактаб ҳовлисига ўрнатилган паст кучланишли трансформатор қутисининг эшиклари йўқ, электр тақсимлагич шкаф ҳам очиқ ҳолда. Бу эса ёғин-сочинли кунларда фавқулодда ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин. Дераза ойналарининг бутлиги, плёнка билан тўсилиши хонада ҳарорат мўътадиллигини таъминлайди. Лекин плёнка, скотч, пахта ва рейка каби зарур воситалар захираси яратилмаган. Муассасада куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар режаси билан танишишнинг имкони бўлмади. Чунки мактаб директори Дилшод Рисқулов туман ҳокимлигига йиғилишга кетган экан.
Хоналарнинг мавсумга тайёр эмаслиги ўқувчиларнинг давоматига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Синф журналлари вақтида тўлдирилмаган. 9 октябрь — ҳафтанинг биринчи кунидаи 7-“А” синфда 6, 7-“Б” синфда 7, 9-“А” синфда 11 нафар, 9-“Б” синфда 4 ва 10-синфда 11 нафар ўқувчи дарсларда иштирок этмагани аниқланди.
Чуст шаҳридаги 4-мактабда ҳам қиш-қировли кунларга тайёргарлик ишлари ўлда-жўлда. 10 та кичик иситиш печидан 2 таси яроқсиз. Қолганлари ҳам қаровдан ўтказилмаган ва синалмаган. Кўмир захираси яратилмаган. Режадаги 35 тонна ўрнига 26 тонна 434 кг. кўмир олинган, холос. Синфхоналарда ёритиш чироқлари етишмайди, баъзиларида умуман йўқ.
Мактаб директори Алишер Бегматовнинг изоҳича, кичик иситиш печларини юқори кучланишлиларига алмаштириш, мактаб ташқи девори ва ҳожатхонасини таъмирлаш учун зарур маблағ сўраб, Чуст тумани молия бўлимига бир неча бор ёзма мурожаат қилган. Бироқ мурожаатлар жавобсиз қолган. Туман молия бўлими ходими Ибратали Тўхтасиновдан бу саволга тайинли жавоб ололмадик. Мурожаатлар ёзилган хатларни қабул қилиб олган ходимнинг имзоси, санаси бор, лекин молия бўлимида қайд этилмаган.
— 2016 йил 24 декабрдаги 169-, жорий йилнинг 12 январидаги 168-, 16 майдаги 125-, 24 июлдаги 145-ва 147-сонли мурожаат хатларимизга ҳеч қандай жавоб қайтарилмади, — дейди мактаб директори Алишер Бегматов. — Иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Қиш кунлари ҳарорат тушиб кетса, ўқувчилар давомати пасаяди, турли юқумли касалликлар тарқалади. Бунинг устига қиш кунлари электр энергиясидаги узилишлар таълим жараёнида АКТ¬ни қўллашга халақит бермоқда.
Туманнинг Варзик қишлоғидаги 19-ИДУМИда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмаган. Ёритиш тизими талаб даражасида эмас, чироқлар етишмайди. Муассаса мослаштирилган бинода жойлашган, ўқувчилар ётоқхонасининг қизлар учун мўлжалланган биноси бир неча йил муқаддам ҳашар йўли билан тикланган. Ётоқхонада ҳарорат, намлик меъёрида эмас. Бино орқасидан ариқ ўтгани учун деворлар захлаб кетган.
Мактаб-интернат директори Низомжон Жўраевнинг таъкидлашича, бу ерда замонавий ётоқхонага эҳтиёж бор.
— Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилганмиз. Келгуси йилги қурилиш ишлари режасига киритиш учун таклиф тайёрланган, — дейди Низомжон Жўраев. — Очиғи, бизга ўқувчилар ётоқхонаси учун, ўқитувчилар хонаси ва ошхона учун янги мебель жуда зарур. Буюртма берилган. Яқин кунларда бу масала ижобий ечим топишига умид қиляпмиз.
Чуст тумани халқ таълими бўлими раҳбарлари муаммо ва камчиликлардан хабардорми, деган савол билан уларга юзландик. Мутасаддилар вилоят халқ таълими бошқармасининг янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги буйруғини фақатгина ижро учун қабул қилиш билан чекланган кўринади. Июнь-август (сентябрда ҳам) ойларида мазкур масалалар бўйича 3 марта йиғилиш ўтказилган. Йиғилишлар баённомаси ва қабул қилинган қарорлар матни билан танишиб, ажабтовур ҳолатга гувоҳ бўлдик. Халқ таълими бўлими томонидан шу йилнинг 11 июнида ўтказилган йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши муассасалар мисолида таҳлил этилган ва тегишли қарор қабул қилинган. 11 августда ўтказилган иккинчи йиғилиш баённомаси ва қарорида ҳам, санани ҳисобга олмаганда, худди шу такрорланган — биринчи йиғилишда ёзилган баённома ҳамда қарор матнидаги биронта ҳам ҳарф ўзгармай такроран буйруқ чиқарилган. Ҳатто уни назорат қилувчи мутасадди — халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Д.Асроловнинг исм-фамилияси ҳам ўзгармаган. Бу бир хиллик сабаби сўралганда Д.Асролов 11 июндаги йиғилишда қатнашмаганини, чунки бу вақтда туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари лавозимига тайинланмаганини билдирди. Ўринбосар август ойида иш фаолиятини бошлаган бўлса, унинг исм-фамилияси июнь ойида бўлган йиғилиш баёни ва қарорида нега кўрсатилгани таажжубланарли...
Кўриниб турганидек, тумандаги айрим таълим муассасаларида мавсумга тайёргарлик қониқарсиз аҳволда. Туман бўйича қаттиқ ёқилғи — кўмир ва брикет жамғариш кечикмоқда. Чуст тумани халқ таълими бўлими мутахассиси Муроджон Шариповнинг изоҳича, қаттиқ ёқилғининг қолган қисми брикет ҳолида муассасаларга етказилади. Аммо таъминот негадир тўхтаб турибди. Бу ёқда эса қиш эшик қоқмоқда.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири