Узлуксиз малака ошириш жараёнлари
Сергели туманидаги таълим муассасаларида халқ таълими тизимида узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
Унда Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ходимлари, олий ўқув юрти ўқитувчилари, таянч мактаб раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, МТМ мудиралари, амалиётчи-психологлар, ёшлар етакчилари ҳамда фанлар бўйича методистлар ва ёш мутахассислар иштирок этди.
268-мактабда “Замонавий таълим муассасаси”нинг директорлари учун “Ёшлар тарбиясидаги бугунги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари”, 285-мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари учун “Таълим-тарбия жараёнида ўқитувчилар масъулиятини ошириш”, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун 7-мактабда “Келажак Алпомишлари” тўгарагини ташкил этиш ҳамда кутилаётган натижалар”, 266-мактабда Ёшлар етакчилари учун “Ёшларда буюк аждодларимиздан фахрланиш, миллий ғурур туйғуларини ноанъанавий мунозара ва тренинглар ўтказиш орқали ривожлантириш”, 2-мактабда амалиётчи-психологлар учун “Муаммоли ўқувчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш йўллари” мавзуларида ўқув семинарлари бўлиб ўтди. Шунингдек, фанлар бўйича ҳам машғулотлар ўтказилиб, унда ўқитувчилар касбий билим ва маҳоратини оширди.
Жумладан, 300-мактабда “Методист ўқитувчи мактаби”нинг бошланғич синф методист ўқитувчилари учун “Бошланғич таълим жараёнида коммуникатив компетенцияларни шакллантиришда фаол методлардан фойдаланиш” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди.
Пойтахтимизнинг 11 та туманидан йиғилган ўқитувчилар, методистлар учун қуйи синфларда болаларнинг эгаллаган билим, кўникма, малакаларини ҳа¬ё¬¬тий вазиятларда қўллай олишини таъминлашга қаратилган тренинг машғулотлари кенг қамровли тарзда олиб борилди.
— Ўқувчиларда бешта йўналишда компетенцияларни шакллантиришни машғулотларда кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик, — дейди методист-ўқитувчи Флюра Афлеева. — Масалага бу тарзда ёндашув барча иштирокчиларнинг ўз туманига, мактабига борганида ҳамкасбларига зарур методик кўмак беришида асқотади.
303-мактабда ҳам ижтимоий фанлар методист ўқитувчилари учун ана шундай семинар бўлиб ўтди. Унда мактабнинг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси М.Аҳмедова “Кибермаконда дин ва ахборот истеъмоли маданияти”, Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси С.Шермуҳаммедова “Дарс жараёнида ўқувчиларни мустақил фикрлашга йўналтирувчи методлардан самарали фойдаланиш” каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтишди.
Семинар якунида иштирокчиларга зарур методик тавсиялар берилди.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири