Бир туманда икки хил манзара
Фарғона вилоятида бугунги кунда 913 умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши, фанларни пухта ўзлаштириши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши учун барча шароит яратилмоқда. Масалан, жорий йилда вилоятда 26 умумтаълим мактаби реконструкция қилинди ва қайта таъмирланиб, замонавий тарзда жиҳозланди.
Бувайда туманидаги таълим масканларида ҳам ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, 2-умумтаълим мактабида ёшларнинг замон талаблари асосида пухта билим олиши учун барча шароит яратилган.
1 минг 730 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган таълим масканининг ўқув хоналари илғор технологик воситалар, кўргазма ва ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фан, спорт, касб-ҳунар йўналишидаги тўгаракларда мазмунли ўтказмоқда. Қиш мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилган. Бироқ бу фикрни тумандаги барча умумтаълим мактабларига нисбатан айтиб бўлмайди.
Айрим умумтаълим мактабларида қиш мавсумига кўнгилдагидек тайёргарлик кўрилмаган. Масалан, Чиркай қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабини олайлик. Бу ерда замонавий ўқитиш ва ўқиш учун шароит йўқ, деса ҳам бўлаверади.
Икки сменада 787 нафар ўқувчи таҳсил олаётган таълим маскани буткул таъмирталаб. Баъзи синф хоналари аянчли аҳволда. 1975 йилда қурилган авария ҳолатидаги бино хоналаридан зах ҳиди келади.
Мактабда бундан бир неча йил олдин 5 миниқозон ўрнатилган, лекин улар умуман ишламайди. Айни пайтда синф хоналари 38 та печка билан иситилмоқда. Баъзан кўмир ҳиди шу қадар бўрқсиб кетадики, бу ўқувчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини наҳотки мутасаддилар билишмаса?
Директор Эъзозхон Қипчоқова бу ердаги шароит ва мактаб таъмирталаб экани ҳақида туман ҳокимлиги ва тегишли мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилган. Аммо негадир у томонларда ҳамон жимлик, сукут сақланмоқда. Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Шуҳрат Эргашев билан учрашмоқчи бўлдик. Аммо у киши йиғилишда бўлгани боис учрата олмадик.
Мактаб ҳудудининг айрим қисми девор билан ўралмаган. Ободонлаштириш ишлари ҳам кишини ранжитади. Наҳотки, мутасаддилар бу аҳволдан бехабар бўлишса? Ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари ҳам негадир бу ишга бефарқ. Катта йўл ёқасида жойлашган ушбу таълим маскани эътибордан четда қолиб келаётгани, жиддий муаммолар йиғилиб қолгани билан туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирининг иши йўқ. “Кун ўтса бўлди” қабилида иш тутаётган бундай раҳбарлар бу билан келажагимизга хиёнат қилишаётганини билишармикан?
Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг замонавий билим олиши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилаётган бир пайтда, кам бўлса-да, бундай ҳолатлар учраётгани ачинарли, албатта.
М.СУЛАЙМОНОВ
ЎзА