«Hirondelle 4» ўқувчиларни ўз устида ишлашга, мустақил фикрлашга ундайди
Ҳар ким ота-бобоси билганидан кўра кўпроқ билимга эга бўлиши лозим, бу — тараққиётнинг жўнгина қилиб ифодаланган қонуни, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки тараққиёт ҳамиша изланишни, янгиланишни ва такомиллашувни талаб этади. Айни шу сабаб замонавийлик тушунчаси ҳам моҳиятан янгиланиб туради. Агар биргина таълим тизимини олиб қарайдиган бўлсак, бундан атиги 30—40 йиллар муқаддам унинг вазифаси фақат аҳоли саводхонлигини таъминлашдан иборат бўлган бўлса, бугун бу тамоман янгича ва юксак мазмун касб этди. Эндиликда замонавий таълим олдига ҳар томонлама баркамол, чуқур билим ва юксак маънавиятга эга, халқаро майдонларда ўзлигини дадиллик билан намоён эта оладиган авлодни тарбиялаш масъулияти қўйилган.
Бу борада бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовор. Хусусан, Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактаб таълимига ўзига хос янги муҳит олиб кирди. 1–4-синфдан чет тилларини ўрганиш бошланиб, ушбу синфлар учун босқичма-босқич янги дарсликлар яратилмоқда. Айни пайтда республикамизнинг турли ҳудудларида тажриба-синовдан ўтказилаётган 4-синфлар учун француз тили дарслиги муаллифи, тажрибали педагог, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 62-ИДУМИ директори Саид Раҳмонов бизга дарслик-мажмуанинг яратилиши ва мазмун-моҳияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Чет тиллар бўйича узлуксиз таълим тизимининг янги давлат таълим стандартлари ўқувчиларнинг гапириш, ёзиш, ўқиш ва тинглаб тушуниш кўникмаларини баравар ривожлантиришга қаратилган. Чет тилини билишнинг умумевропа компетенциялари — ўрганиш, ўргатиш ва баҳолаш (CEFR) 6та даражага асосланган. Янги дарслик-мажмуалар шу талабларга мос бўлиб, ўқувчи бошланғич таълимни тугатганда А1, умумтаълим мактабини тугатганда А2 даражасига эга бўлади.
4-синфлар учун мўлжалланган француз тилидаги “Hirondelle 4” дарслик-мажмуаси ўқувчи дафтари, ўқитувчи китоби ҳамда мультимедиа иловасидан иборат. Дарслик-мажмуада 14 мавзу берилган бўлиб, жами 68 соатга мўлжалланган. Мавзулар ўтишда ўқувчи китоби, машқ дафтари ва мультимедиа материалларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланилади. Яъни, ўқувчи эшитади–гапиради, ёзади–гапиради, кўради–гапиради, ўқийди–гапиради. Натижада мавзу бўйича мулоқотга киришиш, муносабат билдириш кўникмасига эга бўлади.
Дарс мавзуларини пухта ўзлаштириш учун машқлар икки хил бетда жойлаштирилган. Жуфт бетдаги мавзулар расмлар, техник воситаларни қўллаб эшитиш, кўриш орқали берилиб, бунда кичик диалог ёки монолог орқали ўқувчилар нутқи ривожлантириб борилади. Тоқ сонли бетлардаги мавзулар ўқувчининг тушуниб гапириши, фикр билдириши, грамматикадан, фонетикадан олган амалий билимларини ривожлантиришига кенг имконият яратади. Мультимедиа иловаси мавзунинг осон ўзлаштирилишига хизмат қилади. Ҳар бир бўлим учун ўлкашуносликка (Ўзбекистон ва Франция давлатига) оид маълумотлар берилгани ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш билан бирга қизиқишларини ҳам оширади.
Дарслик оддийдан мураккабга, ўрганилган материалдан ўрганилмаган билимларни ўзлаштиришга қаратилган. Дарсликда грамматик, фонетик, лексик бирликларни қоидасиз-ноанъанавий методлар ва ролли дидактик ўйинлар орқали ўргатишга алоҳида эътибор қаратилган. Уларни қай тарзда қўллаш йўриқномаси эса ўқитувчи китобида батафсил берилган.
Дарс жараёнида ўқувчини зериктирмаслик, қизиқишини янада ошириш мақсадида расмлар ёрқин рангларда, машқлар хилма-хил берилди. Ортиқча материаллар билан болаларни зўриқтирмасликка ҳаракат қилинди. Ҳар бир бўлимда қувноқ шеър, қўшиқларнинг берилиши ўғил-қизларнинг тил ўрганишга иштиёқини оширишда, оғзаки нутқини ривожлантиришда ниҳоятда қўл келади.
Дарслик-мажмуада ўқитувчи учун ҳам қатор қулайликлар яратилганки, бу дарс жараёнида вақтдан унумли фойдаланиш ва машғулот самарадорлигига эришишда кенг имконият яратади. Хусусан, ҳар бир бўлим охирида ўқувчилар билими компетенциявий талаблар асосида кичик тестлар орқали баҳолаб борилади. Ота-оналар фарзандлари билан шуғулланиши учун имкониятлар янада кенгайтирилди. 1–3-синфларда ота-оналар учун маслаҳатлар дарсликнинг охирги бетида берилган бўлса, 4-синф дарслигида ҳар бир дарснинг охирига киритилди.
Таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш дарсликнинг асосий ғояларидан биридир. Шу боис ҳар бир дарсда ва машқда таълим-тарбия узвийлигига, юртимиз ва Франциянинг ижтимоий маданиятига, урф-одат, анъаналар, байрамларнинг моҳиятига катта эътибор қаратилган.
Ўйлайманки, дарслик дунё билан бўйлаша оладиган ёшларни тарбиялашдек буюк мақсадни амалга оширишда муҳим пиллапоя вазифасини ўтайди.
* * *
Шу йилнинг 11 январидан бошланган тажриба-синов жараёнида дарсликнинг ДТС талабларига ҳар томонлама мослиги, афзалликлари алоҳида эътироф этилмоқда.
— “Hirondelle 4” дарслик-мажмуаси вилоятимиздаги иккита мактабда синовдан ўтказилаяпти, — дейди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси методисти Маржона Нукарова. — Методистлар ва илмий раҳбарлар кўмагида иккита синфда 4 нафар экспериментатор-ўқитувчи мавзуларнинг ДТСга қай даражада мослиги, мавзулар ўзлаштириш учун қулайлигини амалда синаб кўрмоқда. Жараёнда нафақат педагоглар, балки маҳалла-кўй, ота-оналар ҳам фаол иштирок этаётгани бутун жамоатчилик фарзандларимизнинг чет тилини пухта ўрганишига хайрихоҳ эканидан далолатдир. Кузатувлар асосидаги хулосалар, фикр-мулоҳазалар, таклифлар икки ҳафтада бир марта муҳокама қилиниб, умумлаштириб борилаяпти.
Видеопроектор, компьютер каби зарурий ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган синфхоналардаги ҳар бир машғулот ўқувчилар учун ниҳоятда завқли, мароқли кечмоқда. Буни уларнинг дарсда зўр иштиёқ билан иштирок этиши, мавзуларни тиришқоқлик билан ўзлаштиришидан илғаш қийин эмас.
— Дарслик-мажмуа ўқувчиларнинг ёши ва қизиқишига мос ўйинлар, қувноқ қўшиқлар, тез айтиш ва ёрқин расмлар билан бойитилгани болаларни ўзига жалб этаяпти, — дейди Вобкент туманидаги 21-мактабнинг француз тили ўқитувчиси Гулсара Тўқсонова. — Мавзуларнинг содда ва қизиқарлилиги ўзлаштиришда енгиллик яратмоқда. Мавзулардаги маълумотлар ўқувчининг ёшига мутаносиб ва ўзлаштириш учун қулай ҳолда теварак-атрофдаги ҳодисалар билан боғлаб берилган. Ҳар бир дарсда оғзаки нутқ, ёзув кўникмаларини шакллантириш учун алоҳида-алоҳида машқлар, топшириқлар берилгани ўқувчини ўз устида кўпроқ ишлашга, мустақил фикрлаш ва изланишга ундаяпти. Машғулотларда ўқувчилар матн ва қўшиқларни тинглаб, тушунганларини оғзаки, ёзма ҳолда ва расмлар асосида тасвирлашни ўргандилар.
Баъзи дарсларда ота-оналар ҳам иштирок этиб, машғулотларнинг бориши, фарзанди мавзуларни қандай ўзлаштираётганини бевосита кузатиб, таҳлил қилади. Боласининг билимидаги бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар олади. Янги дарсликда ўқитувчи ва ота-она ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилгани айни муддао бўлмоқда.
— Ҳар бир дарс якунида муҳим тавсиялар тақдим этилгани, машқ ва топшириқ шартлари ҳам француз, ҳам ўзбек тилида берилгани ота-оналарнинг фарзандлари билан ишлаш ва машғулотларни ўзлаштиришда уларга ёрдамлашиш имкониятини кенгайтиради, — дейди Гулсара Тўқсонова. — Қўшимча равишда биз ҳар бир ота-она учун луғат-қўлланма ишлаб чиққанмиз. Бундай қўлланмага эга бўлган ота-оналар болалари билан биргаликда тил ўрганишга қизиқиб кетишди. Масалан, Ситоранинг онаси Дилафрўз Абдуллаева, Миршоднинг онаси Шафоатхон Жамилова худди ўқувчимдек бўлиб қолган. Улар тез-тез дарсларимда иштирок этади ва ўрганганлари асосида уйда фарзандлари билан шуғулланади. Шунинг учун ҳам Ситора ва Миршод синфда ўзлаштириш кўрсаткичи энг юқори ўқувчилардан.
“Hirondelle 4”ни тажриба-синовдан ўтказаётган Ғиждувон туманидаги 34-мактаб ўқитувчиси Севгиддин Абдуллаев дарсликдаги мавзуларни ўқитишда содда ва қизиқарли методлар танланганлигини алоҳида эътироф этди.
— Машғулотлар турли-туман методларга бойлиги дарснинг таъсирчанлигини таъминлайди, — дейди у. — Дарсларда қаҳрамонлар иштироки ниҳоятда тўғри танланган. Ўқувчилар ҳамюрт тенгдошлари Лола ва Азиз, франциялик болалар Эмма ва Марк билан тезда “тил топишиб” кетади. Улар билан кечадиган савол-жавоблар, мулоқотларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилади. Шу орқали ўзбек ва француз халқлари маданияти, урф-одати ҳақида ҳам маълумотга эга бўлади. Шу ўринда ўз таклифимни билдирмоқчиман. Бўлимдаги 4-дарснинг 2-машқида Франция таълим тизими ҳақида тушунча берилган. Аммо бу мавзу анча кенг бўлгани боис уни битта машқ орқали тўла очиб бериш қийин. Бунинг учун алоҳида мавзу ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Синов жараёнида бу каби эътироф, таклиф ва тавсиялар кўплаб билдирилмоқда. Бу дарслар ниҳоятда қизғин бораётгани, ўқитувчи ва ота-оналар жараёнга бефарқ эмаслигидан далолатдир.
Ирода ОРИПОВА,
«Ma’rifat» мухбири