Янги йўналишлар янги имкониятлар эшигини очади, аммо...
Инсоннинг ҳаёт йўлида, бахтли, саодатли ва фаровон турмуш кечиришида касб-ҳунарнинг ўрни беқиёс. Шу маънода ҳар бир йигит-қиз ўз иқтидори ва қобилиятига мос касб-ҳунарга йўналтирилса, мактаб ўқувчиси келажакда қайси йўналиш бўйича билим ва малакасини оширишни тасаввур қила олса, албатта, унинг келажаги порлоқ бўлади.
Айтиш жоизки, бугун юртимизда, хусусан, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш, иқтисодиётнинг реал тармоқлари учун керакли мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари билан умумтаълим мактаблари ҳамкорлигини кучайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 2014-2015 ўқув йилида вилоят мактаблари 9-синфини 53488 нафар йигит-қиз тамомлади. Битирувчиларнинг 2995 нафари академик лицейларда, 50493 нафари касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттирмоқда.
— Янги ўқув йили учун қабул квотасини шакллантиришда даставвал яқин уч йилда шаҳар ва туманлар иқтисодиёти тармоқлари ва соҳалари учун зарур бўладиган ўрта махсус маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ўрганилди, — дейди Фарғона вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасининг таълим муассасасалари фаолиятини ташкил этиш ва уларга қабул қилиш режасини шакллантириш бўлими бошлиғи Азизбек Абдуллаев. — Жамланган хулосалар асосида давлат комиссиясига 15та касб бўйича кадрлар тайёрлашни тўхтатиш таклифи берилди. Натижада 2015-2016 ўқув йилида 26та касб-ҳунар коллежида қўғирчоқ театри актёри, интерьер ва мебеллар дизайнери, архившунос ва иш юритувчи, менежер ёрдамчиси, товаршунос, маркетолог, молиявий масалалар бўйича кичик мутахассис, бухгалтер, электрон техникаларни монтаж қилиш ва созлаш техниги, металларга ишлов бериш механиги, матбаа ишлаб чиқариш техник-технологи, компьютер инжиниринги техниги, тиббий лаборант, мураббий-инструктор, кўтарма транспорт ва йўл қурилиши машина ва механизмларини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича техник-механик каби мутахассисликларга 9-синф битирувчиларини қабул қилиш тўхтатилди.
Шунингдек, вилоятда 2018—2021 йилларда яратиладиган иш ўринлари инобатга олинган ҳолда 62та касб бўйича 70дан ортиқ касб-ҳунар коллежларида янги йўналишлар очилди. Марғилон педагогика ва Қува педагогика ва иқтисодиёт коллежларида “Мусиқа асбобларини ясаш ва таъмирлаш бўйича уста”, “Фарғонаазот” АЖнинг янги ишга тушаётган қоғоз ишлаб чиқариш цехи учун кадрлар етказиб бериш мақсадида Қиргули электротехника касб-ҳунар коллежида “Целлюлоза ва қоғоз ишлаб чиқариш техник-технологи”, вилоят ҳокимлигининг 2015 йил 31 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 мартдаги “Республиканинг санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини янада такомиллаштириш, уларда талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 68-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган 96-сонли қарорига кўра Фарғона транспорт ҳамда Қўқон автотранспорт касб-ҳунар коллежларида “Санитария тозалаш махсус машина ва жиҳозларини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича техник-механик йўналишига ўқувчилар қабул қилинди.
Бундан ташқари, Фарғона саноат, Қўқон политехника, Марғилон хизмат кўрсатиш ва сервис коллежлари коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш бўйича базавий таълим муассасалари этиб белгиланди. Бу ўқув даргоҳларида “Сув, газ таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш, таъмирлаш ва ишлатиш устаси”, “Коммунал хўжалиги объектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог”, “Магистрал, маҳаллий ва тармоқ қувурларини монтаж қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш механиги (соҳалар бўйича)” ихтисосликларида кадрлар тайёрлаш режалаштирилди.
Қўштепа агросаноат касб-ҳунар коллежи қайта ихтисослаштирилиб, номи Қўштепа қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежига ўзгартирилди.
Азизбек Абдуллаев тақдим этган маълумотларга кўра, вилоятда янги ҳисобланган касблардан бири — коммунал хўжалиги объектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог касби бўйича 4та — Фарғона саноат, Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт, Қўқон политехника, Марғилон хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар қабул қилиш режалаштирилган экан.
Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида юқорида айтилган йўналиш бўйича таълим олаётган ўқувчилар билан суҳбатлашиш, уларнинг келажакдаги режалари билан ўртоқлашиш мақсадида коллежга бордик.
— Бугунги кунда коллежимизда 729 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда, — дейди 2015-2016 ўқув йили қабул комиссияси масъул ходими Авазбек Асқаров. — Уларнинг 264 нафарини ўғил болалар ташкил этса, 465 нафари қизлар. Коллежимизда вилоятда янги ҳисобланган коммунал хўжалиги объектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог ихтисослиги бўйича 30 нафар ўқувчи қабул қилишимиз режалаштирилган эди. Аммо бу йўналишга ўқувчилар ҳужжат топширмади, қизиқиш билдирмади. Коллежимиз учун янги ҳисобланган яна бир йўналиш — қурилиш-пардоз ишлари устаси касби бўйича ўқувчиларни ўқитаяпмиз. Бу гуруҳга ҳам 30 нафар ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган эди. Аммо фақатгина 17 нафар ўқувчининг ҳужжати келиб тушди, холос. Қўқон шаҳридаги барча мактаб битирувчилари учун эшигимиз очиқ бўлишига қарамай, асосан 29-, 2-, 33-, 31-мактаб битирувчилари коллежимизга ҳужжат топширишади.
Коллежга энг яқин бўлган Қўқон шаҳридаги 29-умумтаълим мактабининг 26 нафар битирувчиси коллежда турли касблар бўйича билим олмоқда. Мактабни 2014-2015 ўқув йилида 114 нафар битирувчи тамомлаган. Аммо уларнинг аксарияти таълим муассасасидан анча узоқда жойлашган бошқа касб-ҳунар коллежларида таҳсил олишмоқда. Бундан хулоса келиб чиқадики, бир-бирига қўшни ҳисобланган ушбу мактаб ва Қўқон қурилиш ва касб-ҳунар коллежи жамоаси ўртасида ўзаро алоқалар, ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган, ота-оналар билан мактаб психологи етарли даражада иш олиб бормаган...
— Коллеж атрофида 102та кўп қаватли тураржой бинолари жойлашган, — дейди касб-ҳунар коллежи директори Бахтиёр Ҳамроқулов. — Ҳар бири тўрт қаватдан иборат бўлган бу биноларда нечта хонадон борлигини ҳисоблаб олаверинг. Уларга, албатта, коммунал хўжалиги обьектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог, яъни халқ тилида айтганда, “сантехник” сув ва ҳаводек зарурлигини кўп қаватли хонадонларда истиқомат қиладиганлар яхши билади. Аммо ота-оналар фарзандларини бу йўналишда ўқитишни исташмаяпти. Ваҳоланки, бу касб энг сердаромад ҳунарлар сирасига киради.
17 октябрь куни 29-умумтаълим мактабига ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари қандай аҳволдалигини билиш мақсадида борганимизда мактаб директори, мактаб психологи йўқ экан. Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наргиза Раҳматова барча маълумотлар психологда эканлигини айтиб, фақатгина 2014-2015 ўқув йилида мактабни 114 нафар ўқувчи битирганлиги ҳақидаги маълумотни беролди, холос.
9-“В” синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимизда, улар психологнинг исми-фамилиясини айтиб бера олишмади. 34 нафар ўқувчидан 13 нафари дарсда қатнашаётган экан. Уларнинг бири — Саидахон Каримова Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг архитектура йўналишида таълимни давом эттирмоқчи эканини айтди. Бу йўналиш ҳақида қаердан маълумот олгансиз, деган саволимизга “Бир қариндошимиз ўша ерда, шу йўналишда ўқийди”, деб жавоб берди.
Фақатгина бир мактаб ёки коллеж мисолида вилоятдаги касб-ҳунар таълими муассасалари ва мактаблар ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида салбий хулоса чиқариш керак эмасдир. Биргина мактаб мисолида умумтаълим мактаблари психологлари фаолиятига ҳам баҳо бериб бўлмас. Фақатгина кузатишларимиз натижасида олган хулосаларимиздан бири шуки, ўқувчиларга ён-атрофидаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар тўғрисида 9-синфда маълумот бермасдан, қуйи синфларда ўқиётган даврдан бошлаб касб-ҳунарга йўналтириш, қизиқтириш ишлари изчил йўлга қўйилса, натижа кутилганидек бўлиши тайин.
Касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ўқитувчи ва мураббийлари ҳам фақатгина 9-синф битирувчилари билан учрашув ва давра суҳбатлари, “Очиқ эшиклар куни”, “Касблар фестивали” ўтказмасдан, бу каби тадбирларга 5-, 6-, 7-, 8-синф ўқувчилари ҳам таклиф қилиниши зарурий ҳолат ҳисобланади. Ўқув йили аввалида, педагогларнинг август кенгашларида юқоридаги ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинганида, илғор тажрибалар иштирокчилар ҳукмига ҳавола қилинганида бундай аччиқ фикрлар айтилмасди ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари учун қабул режаси бажарилмасдан қолмасди. Назаримизда, бу вазият вилоят мутасаддилари, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарлари ўртасида кенг муҳокама этилади ва бу улар учун ўзига хос сабоқ вазифасини ўтайди, деган умиддамиз.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ma’rifat” мухбири
ЎзА сурати.