108700 нафар ўқувчи ўзаро беллашди
Республикамиздаги 155 та(26 академик лицей ва 129 касб-ҳунар коллежи) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовлари бўлиб ўтди. Мазкур таълим муассасаларига белгиланган қабул режасидан ортиқ ҳужжат келиб тушган бўлиб, шу йил 9-синфни тамомлаган 108700 нафар ўқувчи ўзаро беллашди.
Маълумки, жойларда ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари умумтаълим мактабларининг 10-синфларида, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришига оид фикрлари ўрганилган бўлиб, унда умумтаълим мактабларининг 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қошидаги “Интернейшенл-Хаус” Тошкент академик лицейи эрта тонгданоқ ушбу масканда ўқиш ниятида бўлган ўқувчилар ва уларнинг яқинлари билан гавжум бўлди.
— Таълим муассасамизда ўқувчилар аниқ (иқтисод) ҳамда ижтимоий гуманитар фанлар йўналишида ўқишади, — дейди академик лицей қабул комиссиясининг масъул котиби Фарангиз Юсуфий. — Янги ўқув йили учун 156 ўрин ажратилган бўлиб, 273 та ҳужжат келиб тушди. Имтиҳон давомида улар ҳар бири 15 та саволдан иборат учта фан бўйича тест топширишди.
Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ҳам тўрт мутахассислик — дастурий инжиниринг техниги, коммутация ва узатиш тизимларини монтаж қилиш, ишлатиш ҳамда маълумотлар узатиш тармоғи техниги, коммутация ва узатиш тизимларини монтаж қилиш, ишлатиш ҳамда маълумотлар узатиш тармоғи техниги, бухгалтер касби бўйича жами 689 та ҳужжат келиб тушди. Режа бўйича 296 нафар ўқувчи қабул қилиш кўзда тутилган.
— Сонлар олами мен учун жуда қизиқ, — дейди ўқувчи Маржона Абдиқодирова. — Шу мақсадда ушбу коллежнинг бухгалтер мутахассислигига ҳужжат топширдим. Мактабимиз ўқитувчилари ўтказган қўшимча маш¬ғулотларда олган билимларим имтиҳон жараёнида асқотди.
Кириш тест имтиҳонларида етарли балл тўплай олмаган ўқувчилар ўз истакларига кўра умумтаълим мактабларининг 10-синфида ёки ўқувчилар қамраб олиш имкони мавжуд бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълимни давом эттириши мумкин.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири