Омад сизга, битирувчилар!
Республикамиз ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида битирувчиларга диплом топшириш маросимлари бўлиб ўтди. Мухбирларимиз жойларда бўлиб, катта ҳаёт остонасида турган ёшларнинг ҳаяжонларига шерик бўлиб қайтишди.
Қибрай молия-иқтисодиёт коллежида ўтказилган тантанали маросимда Тошкент вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, иш берувчи ҳамкор корхона ва ташкилот вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этишди.
Тадбир аввалида юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, жумладан, касб-ҳунар коллежларида фарзандларимизга касб ўргатиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани ҳақида гапирилди. Шундан сўнг ота-оналар, устоз-мураббийлар сўз олиб, битирувчиларга ўз мутахассисликлари бўйича меҳнат фаолиятини бошлаш ҳамда олий ўқув юртларига ўқишга киришда муваффақият тилашди.
— Бу йил коллежимизни олти йўналишда 390 нафар йигит-қиз тамомлади, — деди коллеж директори Раҳматилла Мўминов. — Ҳозир уларнинг салкам 100 фоизи ишга жойлашиш учун ҳудуддаги 264та корхона ва ташкилотлар билан уч томонлама шартнома имзолади. Ҳатто 15 фоиз ўқувчи меҳнат фаолиятини амалиёт жараёнидаёқ бошлаб юборди.
Эътиборлиси, битирувчилардан 16 нафари жами 160 миллион сўмлик микрокредит олиш имтиёзини қўлга киритди. Фурсатдан фойдаланиб, фаолиятини бошлаган битирувчиларни суҳбатга чорладик.
— Биз чинакам бахтиёр авлодмиз, — дейди битирувчи Азизбек Жўраев. — Президентимиз биз ёшларга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатмоқда. Эндиликда нафақат кичик мутахассис, балки тадбиркор сифатида ҳам фаолиятимизни бошлашимиз мумкин. Имтиёзли кредит олиб чорвачилик ва паррандачилик бўйича иш бошлаш арафасидаман. Ўз бизнесимни йўлга қўйишимда коллеждаги устоз-мураббийларимдан олган билимларим жуда қўл келмоқда. Ниятим — яқин йиллар ичида тухум ва гўшт-сут маҳсулотлари билан элимиз дастурхонини тўкин-сочин қилишга ҳисса қўшиш.
— Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади, — дейди битирувчи Азиза Эркинованинг онаси Шаҳноза Эркинова. — Коллеж нафақат касб бериши билан аҳамиятли, балки келгуси ҳаётга тайёрлаши билан ҳам мени қойил қолдирди. Ёш бўлишига қарамай, фарзандим ҳаётга анча теран қарайди. Ўзимнинг ёшлигим билан солиштирадиган бўлсам, осмон билан ерча фарқ бор.
Маросим давомида битирувчиларга диплом ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Хулқи, иқтидори билан тенгдошларига ибрат бўлган бир гуруҳ ўғил-қизларнинг ота-оналарига касб-ҳунар коллежи маъмурияти томонидан ташаккурномалар топширилди.
***
1-Тошкент педагогика коллежида ҳам битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда уч йил давомида «Ихтисослаштирилган махсус бошланғич таълим муассасалари тарбиячиси», «Мактабдан ва синфдан ташқари ишлар ташкилотчиси», «Жисмоний тарбия ва болалар спорти», «Мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси» ҳамда «Архившунослик ва иш юритиш мутахассиси» йўналишларида таҳсил олган, кичик мутахассис сифатида фаолият бошлаш арафасида турган 856 нафар битирувчига диплом, шу жумладан, 106 нафар ўқувчига имтиёзли диплом топширилди. Тадбирда коллеж жамоаси, ўқитувчи мураббийлар, ота-оналар ҳамда ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган таълим муассасалари вакиллари ҳозир бўлишди.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, битирувчиларнинг 90,6 фоизи идора ва ташкилотлар билан ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиш тўғрисида шартнома тузган.
— Ўқиш давомида устозларимдан керакли билим ва кўникмалар олдим. Амалиётни умумий ўрта таълим мактабида ўтадим. У ерда билимларимни амалиётда қўллашни ўрганиб, ҳозир мактабга етакчи сифатида ишга жойлашдим, — дейди «Ихтисослаштирилган махсус бошланғич таълим муассасалари тарбиячиси» йўналиши битирувчиси Фаёза Арофатова. — Ихтисослигим бўйича сабоқ берган, катта ҳаётга қадам қўйишимда кўмаклашган устозларимдан миннатдорман.
— Битирувчиларимиз юзида акс этган қувонч ва эртанги кунга ишончни кўриб, беихтиёр ёшлик чоғларимиз эсга тушади. Кечагина мактабни тамомлаб, коллежга қадам қўйган ўқувчилар, мана бугун, бир касбнинг бошини тутаяпти, — дейди коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муҳиддин Тошов. — Ўқувчиларимиз амалиёт пайтида ўз билим ва маҳоратини намоён эта олгани боис МТМ ва умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда бошқа ташкилотлар битирувчиларимизни ишга таклиф қилишаяпти.
1-Тошкент педагогика коллежида таълим самарадорлигининг ҳавас қиларли даражада эканлигини ўқувчиларнинг эришган ютуқларидан ҳам билса бўлади. Бу йилги битирувчилардан Азизбек Маликов спортнинг қўл жанги тури бўйича, Мадина Рихсибоева бадиий гимнастика бўйича спорт устаси даражасига эришган бўлса, Дамир Бухорбоев тоғ чанғиси бўйича АҚШда ўтказилган жаҳон кубогида фахрли ўрин олган.
Тадбир давомида аъло ўқиган ва намунали хулқга эга, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этган ўқувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Аброрбек УМАРҚУЛОВ ,
Фурқат АЛИМАРДОНОВ ,
“Ma’rifat” мухбирлари