Коллеж битирувчилари учун имконият
Бугун касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларга ўз бизнес режаларини амалга ошириш учун кредитлар ажратиш ташкилот ва корхоналар, банк муассасаларининг энг асосий вазифаларидан бирига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш, шу орқали уларнинг жамиятдан муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнга юртимиздаги тижорат банклари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Банк ходимлари таълим муассасаларига келиб ўз хизмат турларини, кредит бериш тартиб-қоидаларини ёшларга атрофлича тушунтиришмоқда.
Сергели тиббиёт коллежида бўлиб ўтган тадбирда ҳам Халқ банки, Капиталбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Микрокредитбанк, Ипотекабанк каби тижорат банклари вакиллари иштирок этиб, ўз хизмат турларини таклиф қилдилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги битирувчиларга маслаҳатлар бериб, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшларга кредит маблағлари олиш бўйича сертификатлар тақдим қилдилар.
— Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани биз каби ёшларнинг ўз бизнесимизни йўлга қўйишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди коллеж битирувчиси Мухлиса Акрамова. — Тенгдошларим қатори хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиққан лойиҳам асосида менга тижорат банкидан етарли миқдорда маблағ ажратилди. Энди бир марталик турли тиббиёт жиҳозлари, яъни тиббий қўлқоп, бинт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, тенгдошларимни ҳам иш билан таъминламоқчиман.
Акмал Исломов