Тугатилган академик лицей ўқитувчилари қаерга ишга жойлашмоқда?
Президентимизнинг шу йил 14 мартдаги «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Самарқанд вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
— Бугунги кунда вилоятимиздаги академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, — дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азиз Насимов. — Жумладан, моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қошидаги 2- ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошидаги 2-академик лицейларга 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 1-босқичга ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилди. Тугатилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қошидаги 1- ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошидаги 1-академик лицейларга кўчирилди. Олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг олий таълим муассасаларга ўқишга кириш кўрсаткичи паст бўлган Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 2-, Самарқанд давлат университети қошидаги 3-, Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги 2-академик лицейларни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш кўзда тутилган. Айни пайтда Самарқанд хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига айлантирилган Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 2-академик лицейнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейга ўтказилди.
Қарорда кўзда тутилган талабларга мувофиқ, жорий ўқув йилидан бошлаб академик лицейнинг ҳар бир гуруҳида 26 нафардан ўқувчи бўлиши белгиланди. Чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилди. Ўқувчиларга сифатли таълим бериш мақсадида педагоглар олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида қабул қилинмоқда. Академик лицейларнинг олий таълим муассасалари тасарруфига ўтказилгани ҳам ўқув жараёни самарадорлиги ортиши ва академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичлари ошишига хизмат қилади.
Тугатилган академик лицейлар ўқитувчилари бошқа академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ҳамда умумтаълим мактабларида ўз педагогик фаолиятини давом эттирмоқда. Жумладан, Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти қошидаги 2-академик лицейнинг 22 нафар ўқитувчисидан 1 нафари Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига, 18 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига, 3 нафари эса умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошидаги 2-академик лицейнинг 2 нафар ўқитувчиси олий таълим муассасаларига, 27 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига, 5 нафари умумтаълим мактабларига ишга жойлаштирилди. Бошқа ходимларнинг эса рўйхати шакллантирилиб, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этилди.
Айни кунда касб-ҳунар коллежларида кадрларни мақсадли тайёрлаш, уларнинг сонини мақбуллаштириш, фаолиятини давом эттирадиган касб-ҳунар коллежларини ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларга мақсадли бириктириш, шунингдек, келгусида фаолияти тугатилиши режалаштирилган касб-ҳунар коллежларининг бўшайдиган бино, иншоот ва бошқа мол-мулкларини сақлаш ва самарали фойдаланиш, педагог кадрларни аниқ иш жойларига тақсимлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири