Битирувчиларнинг бизнес ғоялари
янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилаяпти
Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қанча кўрик-танлов ва лойиҳалар ташкил этилмоқда, ёшларнинг ўз бизнес ғояларини амалга оширишига катта имкониятлар яратилиб, имтиёзли кредитлар ажратилаётир.
— Болалигимдан момомнинг ёнида гилам тўқишни ўрганганман, — дейди Сурхондарё вилоятидаги Халқобод педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ойжамол Ўтамуродова. — Гилам тўқиш учун дастгоҳ ва асосий хомашё — арқоқ ип зарур. Бу табиий жундан урчуқ ёрдамида йигирилган ипдир. Унга ранг берилгандан сўнг қуритиб гилам тўқиш бошланади. Момом — Морол ая Ғаффорова ҳозир ҳам билмаганларимни ўргатиб туради. Жуда кўп қадимий гилам нақшларини билиши билан хазинага ўхшайди. Мен қадимий услубларга замонавий безакларни киритиб, гилам гулларини такомиллаштириб бормоқдаман. Иқтисод, тадбиркорлик ва бизнес асослари фани ўқитувчимиз Муҳаббат Пирнафасова менга «Гулдай ҳунаринг бор, бизнес ғоя ишлаб чиқиб, ҳунармандчиликни давом эттиришинг керак», деганидан кейин устозим ёрдамида бизнес режа ишлаб чиқдим. «Микрокредитбанк» бизнес ғоямни амалга ошириш учун 5 900 000 сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Ҳозирча якка ўзим иш бошлаган бўлсам-да, келгусида шогирдлар тайёрлашни ва янги иш ўринларини яратишни ният қилиб турибман.
Ойжамолнинг интилишлари нафақат қўллаб-қувватланди, балки рағбатлантирилди. У «Менинг бизнес ғоям» танловининг республика босқичида ғолиб бўлди.
— «Менинг бизнес ғоям», «Ёш тадбиркор — элга мададкор» каби танловлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган, — дейди «Менинг бизнес ғоям» лойиҳаси координатори, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар бўлими ходими Сардор Жўраев. — Бу йил мазкур танловда иштирок этиш учун 156 354 нафар, республика бўйича жами битирувчиларнинг 30,1 фоизидан аризалар келиб тушди. Танловнинг 3-босқичида (ҳудудий) 1 930 нафар ёшлар иштирок этди, уларнинг 353 нафарига умумий қиймати 3 587,1 миллион сўмлик лойиҳалар ҳудудий босқич доирасида молиялаштириш учун тавсия этилди. Республика босқичида 33 нафар ўқувчи ғолибликни қўлга киритган бўлиб, уларга 394,3 миллион сўм имтиёзли микрокредит маблағлари ажратилиши юзасидан тавсияномалар берилди.
Мақсадлари аниқ бундай ёшларни юртимизнинг барча ҳудудларида истаганча учратиш мумкин. Бувайда автомобиль-йўллар касб-ҳунар коллежи битирувчиси Лочинбек Усмоновнинг аёллар сумкасини ишлаб чиқариш бўйича яратган бизнес лойиҳасига «Миллийбанк» 22 миллион сўм миқдорида кредит ажратди.
— Иш бошлашга тикув машиналари ва хомашё зарур эди, — дейди Лочинбек. — Ўзимизда ишлаб чиқарилган материалларни танладик. Сумкаларни аёлларнинг кийимларига мослаш мақсадида атлас гулли материаллардан ҳам кенг фойдаланаяпмиз. Устозларим Зулфия Мирзакаримова, Абдулҳамид Раҳимов лойиҳани ишлаб чиқишимга катта ёрдам берди. Лойиҳамиз мақсади туманимиз аёлларини иш билан таъминлаш орқали сифатли ва миллий дизайнга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришдир. Ҳозир 6 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, шуларнинг 3 нафари тенгдошим, касб-ҳунар коллежи битирувчилари. Келгусида иш ўринларини 40тага етказмоқчиман. Шунингдек, тикиш-бичиш ўтириб ишланадиган иш бўлгани учун ногиронларни иш билан таъминлашга ҳам имконият яратилади.
— Мен машина ўриндиқларига қоплама тўқиш бўйича бизнес лойиҳа ишлаб чиқдим, — дейди Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар коллежи битирувчиси Рушона Жонқобилова. — Лойиҳани молиялаштиришга 3 миллион сўм кредит ажратилди. Либослар тўқишни устозим Нилуфар Нажмиддинова ўргатган бўлса, бизнес ғоямни ишлаб чиқишда Ирода Юсупова ёрдам берди. Бизнес лойиҳамнинг асосий ўзига хослиги янгича(паҳмоқ) ипдан фойдаланганимда. Бу қишки мавсум учун ҳам жуда қулай. Дизайннинг ўзгачалиги харидорлар эътиборини тортади, деб умид қилаяпман. Иплар рангини ҳам аралаштириб турли нақш, безак ва суратли қопламалар тўқияпман. Илк буюртмаларни олишга улгурдим. Ўқитувчиларимнинг бир ўгити доимо ёдимда: «Ҳунар — ўлмайдиган бойлик». Чиндан шундай, инсон ҳунар ортидан элда эътибор топар, ҳурмат қозонар экан.
Санобар ЖУМАНОВА