Билим ва тафаккур синови
Олимпиада билимлилар майдони. Ушбу тадбир мана бир неча йилдирки, кўплаб истеъдодларни кашф қилаяпти. Қувонарлиси, бундай қобилиятли ўқувчиларимиз халқаро фан олимпиадалари ва турли кўрик - танловларда ҳам муваффақиятли иштирокэтаяпти.
Жорий йилнинг 25 май куни 1-Тошкент педагогика коллежида ташкил этилган мамлакатимиз академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари олимпиадаси якуний босқичи очилиш маросимида сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида таълимга қаратилаётган юксак эътибор, ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар тўғрисида атрофлича фикр юритишди, ўқувчиларимизнинг халқаро миқёсдаги турли мусобақа, кўрик-танловларда эришаётган ютуқларини фахр билан тилга олишди.
Ташкилий қўмита аъзолари тадбирга йиғилган ўғил-қизлар орасидан ҳам юртимиз шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган ёрқин истеъдод соҳиблари етишиб чиқишига ишонч билдиришди ва иқтидор эгаларига омад тилашди.
Ташкилий қўмита аъзоси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг бошқарма бошлиғи Ўктам Худойбердиев иштирокчиларга олимпиада низоми тартиб-қоидалари, баҳолаш мезонлари хусусида батафсил тушунча берди. Иқтидорли ўқувчиларнинг билимлари икки тур (ёзма иш ва тест синовлари) асосида синовдан ўтказилишини таъкидлади.
— Фан олимпиадалари — билимли, иқтидорли, қобилиятли ва истеъдодли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган муҳим тадбирлардан бири, — дейди ташкилий қўмита аъзоси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг Ахборот-методик таъминлаш хизмати гуруҳ раҳбари Муродхон Шораҳимов. — Олимпиадани ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча масалалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Давлат тест маркази биланҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жумладан, фан олимпиадаларини ўтказиш тўғрисидаги низом ушбу ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилиб, йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда. Олдинги йилларда ёзма иш ва тест синовларига 50 балдан бериларди. 2013 йилдан эътиборан ёзма ишларга 30 балл, тестларга 70 балл бериладиган бўлди. Бу ўзгаришлар, аввало, ўқувчи руҳиятига таъсир қилади. Илгари биринчи турда етарли балл тўплай олмаган ўқувчининг умиди сўниб, тест синовларида бутун билими ва имкониятини ишга солмасдан суст иштирокчига айланарди. Эндиликда ҳар бир ўғил-қиз ғолиблик чўққисига чиқишга даъвогар сифатида майдонга кириб, бутун истеъдодини намоён этмоқда.
26 май куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган беллашувларда ғолибликни қўлга киритган 389 нафар энг иқтидорли ва билимли ўғил-қиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш учун бор билимларини намоён этишга киришди.
Беллашув жараёнини нуфузли ҳакамлар ҳайъати — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг малакали ва тажрибали педагоглари баҳолаб боришмоқда.
Олимпиада жараёни тафсилотлари билан газетамизнинг навбатдаги сонида батафсил танишасиз.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ