Ота-оналар кенгаши қандай ишлаяпти?
Коллежда навбатдаги ота-оналар йиғилиши ҳам доимгидек сокин, руҳсизгина ўтди. Гуруҳдаги 30 ўқувчидан атиги 8 нафарининг ота-онаси иштирок этган йиғилишда давомат, ўқувчилар одоб-ахлоқи, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз борди. Гарчи ота-онаси келмаган бўлса-да, кўнгилсизликларга бош-қош бўлаётган ўсмирларнинг қилмиши, ўзини тутиши таҳлил этилди...
Бу каби йиғилишларни бугун кўплаб коллежларда учратиш мумкин. Педагоглар аввал “Ота-оналар йиғилишига, асосан, оналар келади”, дея нолиган бўлса, айни пайтда оналарнинг ҳам фарзанд таълим-тарбиясидан бошқа юмушлари кўпайиб кетди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ота-оналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг таълим муассасасида соғлом муҳитни яратишдаги фаоллигини ошириш, ўқувчиларнинг давомати, одоб-ахлоқи ҳамда кийиниш маданиятига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ота-оналар кенгаши ташкил этилган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2015 йил 4 декабрдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари гуруҳ раҳбарлари ва ота-оналар кенгаши фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи асосида тузилган мазкур кенгашнинг фаолиятини, афсуски, қониқарли, деб бўлмайди. Таълим муассасаларини кузатиб, гувоҳ бўлдикки, айрим ота-оналар кенгаши номигагина тузилган. У ҳар чоракда камида бир марта ота-оналар йиғилишини ташкил этиши керак, бироқ педагогларнинг таъкидлашича, ота-оналарни йилда икки марта ҳам жамлашнинг имкони бўлмаяпти.
Гуруҳ раҳбарлари ҳарчанд уринмасин, фарзанди таълим-тарбиясига масъулиятсиз ота-оналар йиғилишга, келмайди. Назоратсиз ўсмирлар эса турли кўнгилсизликларни одир этишда авом этади.
Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси содир этган ҳуқуқбузарликка ҳам ота-онасининг фарзанд тарбиясига масъулиятсизлиги сабаб бўлди. Ўқишини академик лицейдан коллежга кўчирган ўсмирнинг сумкасидан гиёҳванд модда топилди.
— Таълим муассасамизда 1100 нафар ўқувчи беш йўналишда таҳсил олади. Ўқувчиларнинг аксарияти ўғил болалар бўлгани учун уларнинг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланамиз. Ёшлар иттифоқи етакчиси Сарвар Худойназаров бошчилигидаги сардорлар гуруҳ раҳбарларининг яқин кўмакчисига айланган, — дейди Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежи директори Комилжон Мусаев. — Ҳар бир гуруҳда ота-оналар кенгаши ташкил этилиб, аъзолар сайланган. Бироқ фарзанди келажагига бефарқ айрим ота-оналар йиғилишларда қатнашмай, кенгаш фаолиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Яқинда сумкасидан тақиқланган модда топилган ўқувчининг ота-онаси ҳам ана шундайлар сирасига киради. Оила бошлиқларини қанча чақиртирмайлик, вақти йўқлигини, тирикчиликни важ қилиб келишмади. Охир-оқибат назоратсиз қолган ўсмир ҳуқуқбузарлик содир этиб, оиласи, маҳалла-кўй, таълим муассасаси номига доғ туширди.
Юнусобод машинасозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчисининг ўғриликка қўл уришига ҳам оиладаги носоғлом муҳит сабаб бўлди. Таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруза Чинтошеванинг таъкидлашича, ота-оналар йиғилишларида ўқувчининг на отаси, на онаси қатнашган. Гуруҳ раҳбари Яшин Қўлдошев ўсмир хонадонига бир неча марта борса-да, вазиятни ижобий томонга ўзгартира олмаган. “Юнус ота” маҳалласи раиси Абдурашид Самедов ва профилактика нозири Шерзод Нурматовнинг кўрган тегишли чораси ҳам лоқайд хонадон бошлиқларига наф бермади. Бувиси қўлида қолган ўсмир эса дарсга келмай, вақтини турли кўнгилочар масканларда ўтказган.
— Эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик фарзанд таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Ота-онасининг уруш-жанжалидан безган бола тинч жой ахтариб, кўчага талпинади. Қинғир ишга қўл урган ўқувчимнинг ҳаётида ҳам шундай вазият рўй берди, — дейди Яшин Қўлдошев. — Ота-онаси ўртасидаги келишмовчилик унинг ниятларини ўзгартириб юборди. Боланинг ота-онаси билан ҳар сафар суҳбатлашганимда, ҳафсалам пир бўлиб қайтардим. 2–3 кунлаб уйда бўлмайдиган ота-она фарзанди билан деярли мулоқот қилмасди. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганидек бола ҳам ўзи истаган ишни қилди, масъулият ва мажбуриятини унутди. Безорилар тўдасига қўшилиб, пул топишнинг осон йўлини тутди.
Айрим ота-оналар зиммасидаги масъулиятига бепарволик билан қараб, фарзандини таълим муассасасига юбормай, пул топишга ундайди. Бу баъзи ўсмирларнинг турли иллатлар гирдобига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчисининг тунги вақтда кафеда ишлаши, жанжал чиқариб, ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига тушишига ҳам ота-онасининг лоқайдлиги асосий омил бўлди.
— Бола ҳаётда, энг аввало, ота-онасидан намуна олади. Фарзанд тарбияси ҳамма нарсадан устун бўлган оилада ёмон бола улғаймайди, — дейди Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи директори Сайёра Нишонова. Оиладаги нотинчлик, ота-она ўртасидаги зиддият ўсмир онгини зўриқтирган. Чунки у намунали, билим олишга иштиёқи баланд ўқувчи эди. Ота-она хатоси учун бола азият чекмаслиги керак. Акс ҳолда ўсиб келаётган ниҳол бўй чўзмай, синади, пайҳон бўлади. Ўсиб-улғаяётган ўғил-қизлар ҳаётида бундай салбий ҳолатларнинг бўлмаслиги учун ҳамма — ота-она, маҳалла фаоллари, педагоглар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши зарур. Фикримча, болани безориликдан асраш учун, аввало, унинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш керак. Таълим муассасамизда ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун тўгараклар мавжуд. Бироқ ўсмирларни мажбуран тўгаракка жалб этишнинг иложи ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Шу боис, уларни ўзлаштираётган касб-ҳунари бўйича ишга жалб этиш керак. Бу борада коллежимиз ўқувчиларининг дарсдан сўнг меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароит яратганмиз. Уларнинг кўпчилиги турли фирма ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида “Иш кўплигию, вақт йўқлигидан нолиманг. Вақт кўплигию, иш йўқлигидан қўрқинг. Одамни абгор қиладиган нарса – бекорчилик”, дея таъкидлаган. Ҳақиқатан ҳам, барча иллатларнинг илдизи, энг аввало, бекорчилик ва лоқайдликка бориб тақалади. Сўнгги пайтларда коллеж ўқувчилари ўртасида турли жанжал, ҳатто инсон ҳаётига суиқасд ҳолатлари учраётгани ҳар қандай кишини ташвишга солади. Бундай аянчли ҳолатлар арзимаган сабаб билан, тўқликка шўхлик туфайли содир бўлаётгани хавотиримизни икки карра оширади.
Шу ўринда бир мулоҳаза: ўсмирлар давомати пасайишию ахлоқи тубанлашишида фақат ота-оналарни айблаш адолатдан бўлмайди. Қарс икки қўлдан чиққанидек, ўқувчининг ҳуқуқбузарликка қўл уришида айрим педагогларнинг ҳам “ҳиссаси” борлигини инкор этиб бўлмайди. Уларнинг касбига масъулиятсизлик билан ёндашиши, дарсларни номига ўтиши ўқувчиларнинг илм олиш ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишини сўндирмоқда.
— Ўғлим ўзи ёқтирган йўналиш бўйича компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежига ўқишга кирганди. Ярим йил ўтар-ўтмас, гуруҳ раҳбари “Фарзандингиз ўқишга келмай, вақтини интернет-клубда ўтказяпти”, дея хабар берди. Шундан сўнг оила ташвиши билан ўралашиб, боламнинг таълим-тарбиясини эътиборсиз қолдирганимни анг¬ладим, — дейди бахмаллик Шоира Бўриева. — Ўғлимдан нега дарсга бормай, компьютер ўйнаб юргани сабабини сўрадим. У мутахассис ўқитувчиси компьютерда ишлашни яхши билмаслиги, дарсда етарли кўникмага эга бўлмаётгани боис интернет-клубда компьютер дастурларини мустақил ўзлаштираётганини айтди. Унинг айрим гаплари ҳақиқатдан йироқ эмаслигини билсам-да, ўғлимга ҳар қандай ҳолатда ҳам устозини ҳурмат қилиши кераклигини, ўқитувчидан ўрганадиган нарсалари кўплигини таъкидладим.
Мазкур муаммолар республикамиздаги барча касб-ҳунар таълими муассасаларига дахлдор. Кузатиш ва таҳлилларга кўра, бугун қарийб барча коллежда ота-оналар кенгаши ташкил этилган. Бироқ ота-оналар қатнашмайдиган, таъбир жоиз бўлса, менсимайдиган кенгаш фаолиятидан қандай натижа кутиш мумкин? Ўқувчи машғулотда қатнашмаса, ота-она фарзанд тарбиясига бефарқ бўлса, педагог касбига масъулиятсиз ёндашса, муаммога ким ечим топади? Мақсадимиз — фарзандларимиз таълим-тарбиясига бефарқ, беписанд бўлмайлик. Йўқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ — улар ҳам биздан бегоналашади. Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради”.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири