Ёш тадбиркорлар бизнес-форуми
Ҳар қандай давлат иқтисодиётида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш, уларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Чунки меҳнат қобилиятига эга бўлганлар сони иқтисодий тараққиётга мос равишда ортиб бормоқда.
Мамлакатимизда ёшлар ўртасида иш билан таъминланганлик, бандлик имкониятини кенгайтириш, уларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, ёш тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги ёш тадбиркорлар бизнес-форуми ана шу мақсадларга йўналтирилди. Икки кунлик бинес-форумда 120 нафар ёш тадбиркор иштирок этди.
Бизнес-форум давомида соҳа мутахассислари томонидан ёшлар учун бизнесни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, кичик бизнеснинг юридик мақомини танлаш, тижорат банкларининг кредит сиёсати, бизнес-режа тузиш талаблари, кичик бизнес технологияларини топиш, сотиб олиш ва олиб келиш шартлари бўйича маълумотлар берилди.
— Тадбиркорлик фаолиятини ўн етти ёшимда бошлаганман, — дейди фарғоналик ёш тадбиркор, “Ибратли бека” хотин-қизлар ўқув маркази раҳбари Шаҳноза Ғаниева. — Ҳозир ўқув марказимизда 500 нафарга яқин хотин-қиз 25 йўналиш бўйича касб-ҳунар эгалламоқда. Яқинда Ўзбекистон Миллий банкининг Фарғона вилояти филиалидан 200 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, қандолат маҳсулотлари тайёрланадиган ҳамда миллий либослар тикадиган корхона фаолиятини йўлга қўйдик. Ўқув марказимизда касб-ҳунар эгаллаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги мазкур корхонада ишламоқда. Ёш тадбиркорлар учун яратилаётган шароит ва кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли фаолиятимиз йилдан- йилга ривожланиб бораяпти.
Форумда ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш, ёшлар тадбиркорлигига оид солиқ сиёсати, ёш солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёш тадбиркорларга бўш турган бино ва иншоотларни ажратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шўъба йиғилишларида ёш тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар, ғоя ва ташаббуслар соҳанинг тажрибали мутахассислари томонидан кўриб чиқилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири