Бувисининг қизи
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, айниқса хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишини янада кенгайтиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада илгари спортнинг кўпгина турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионлари асосан пойтахтдан етишиб чиққан бўлса, бугун республикамизнинг барча ҳудудларида, чекка-чекка қишлоқ ва туманларда ҳам жаҳон чемпионати совриндорлари тайёрланмоқда. Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, улкан ютуқларга эришаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Дзюдо бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби Диёра Келдиёрова шундай иқтидорли ёшларимиздан бири.
Қайсар қиз
Ўтган аср тўқсонинчи йиллари боши. Баҳор. Жума шаҳридаги 28-мактабда битирувчи синфлардан бирида жисмоний тарбия фанидан имтиҳон бўлаяпти. Ўқитувчи энг аввал қизларга мурожаат қилди:
— Бориб кейинги дарсга тайёргарлик кўраверинглар. Баҳоларингни қўйиб қўяман...
Қизлар шундай бўлишини билгандай хотиржам синфхона томон йўл олишди. Аммо бир қиз жойидан жилмай тураверди.
— Сен нега кетмаяпсан? — сўради ўқитувчи.
— Мен имтиҳонни ўзим топшириб баҳо олмоқчиман, — деди қиз қатъият билан...
Бу манзара кўпчилигимизга таниш. Ростдан ҳам ўша пайтлари жисмоний тарбия дарслари ва ундан топшириладиган имтиҳонлар номигагина ўтказиларди. Айниқса, қизлар жисмоний тарбия машғулотларида деярли иштирок этмас эди. Бирон қиз журъат қилиб, спорт формаси кийиб спорт билан шуғуллана бошласа, одамлар гапирарди...
— Ўшанда имтиҳондан беш баҳо олганман, — дейди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 19-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Дилором Шарипова. — Бу қайсарлигим тўнғич қизим Диёрага ўтган экан, мана жаҳон чемпиони бўлди.
Соғлом оила
Жума пахта тозалаш заводи ишчиси Бахтиёр Мардоновнинг оиласига бугун кўпчилик ҳавас қилмоқда. Оилада вояга етаётган тўрт фарзанд одоб-ахлоқи, аъло ўқиши, спортда эришаётган муваффақиятлари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб, барчанинг ҳавасини келтирмоқда.
Диёра Пастдарғом политехника касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси. Гулнисо Пастдарғом педагогика ва спорт касб-ҳунар коллежида таҳсил олаяпти. Қувондиқбек Жума шаҳридаги 21-умумтаълим мактабининг 6-, Оғабек эса 2-синфида ўқияпти.
Болалар дадаси билан бирга ҳар куни тонгда югуриб, бадантарбия машқларини бажаради. Педагогика коллежининг жисмоний тарбия йўналишида ўқиётган Гулнисо ҳам дзюдо, ҳам самбо билан шуғулланади. Туман ва вилоят миқёсидаги мусобақаларда бир неча бор ғолиб бўлган. Диёра эса...
Дуогўй буви
Дилором Шарипова:
— Диёра туғилганида жуда нимжон эди. “Данакча” деб эркалатардик. Яхши эслайман, 6 ёшида 1-синфга чиққанида сумкасини базўр кўтарар, мактабга деярли судраб борарди. Салгина шамол тегса акса уриб қолар, иммунитети жуда паст эди. Раҳматли қайнонам бунга чидаб туролмади. Қўлидан етаклаб спорт мактабига олиб борди. Мана, шунга ҳам ўн икки йил бўлибди...
Диёра — бувисининг қизи. Қайнонам Гулсара Қувондиқова ниҳоятда ғайратли аёл эди. Узоқ йиллар ҳозир мен ишлаётган болалар боғчасида тарбиячи бўлган. Маҳаллада нимаики тадбир бўлса, қайнонамсиз ўтмасди. Ташкилотчи, етакчи эди. Яхшигина доира чалиб қўшиқ ҳам айтарди. Ҳеч кимдан маслаҳатларини аямасди. Невараларини жуда-жуда яхши кўрарди. Айниқса, Диёрани. Чунки уни ўзи катта қилганди-да!..
Бувиси дзюдога қатнай бошлаганидан қизимнинг қулоғига қуйиб келган: “Худо хоҳласа, жаҳон чемпиони бўласан, юртимиз, диёримиз байроғини баланд кўтарасан! Мен бунга ишонаман”.
“Мен кўрмаганни эл кўради”
Қайнонам неварасини мусобақаларга ўзи олиб борарди. Болам билан бирга юришдан ҳеч чарчамасди.
Ҳа, айтгандай, ёшлигида ўзи ҳам бир майдон кураш тушган экан. Одамлар гап қилган. Бирда айтиб қолувди. Энди гап-сўзлар ҳеч тугамас экан-да. Қизларим спорт билан шуғулланиб, катта-кичик давраларда кураш тушиб бошлагач, айрим қўни-қўшнилар, маҳалладошлар ҳам гапирган: қиз болага кураш тушиш ярашмайди, деб. Бугун эса ҳаммаси Диёрага ҳавас билан қарамоқда. Қизларини спорт тўгарагига олиб бораётганлари ҳақида ҳам эшитдик.
Уларга доим айтганман: болангизни спортга беринг. Айниқса, қизларни. Президентимиз ҳам айтдилар-ку: “...қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом авлодни ўзимизга тасаввур қиламиз, наслимиз давомчиларини кўрамиз. Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон бўлади”.
2014 йили Диёра Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасида иккинчи Осиё ўйинларидан бронза медал билан қайтганида қайнонам ҳаёт эди...
Қизимни ҳар сафар мусобақага кузатаётганда, ҳар куни дуо қиларди. Ютқазиб қўйганида кўнглини кўтариб руҳлантирарди.
Диёра биздан кўра кўпроқ бувисига қулоқ соларди. “Қизим, ҳали бундан ҳам катта мусобақаларда ғолиб чиқасан, ишонаман. Мен кўрмаганни эл кўради”, дер эди раҳматли. Мана, бугун қайнонамнинг айтганлари рўёбга чиқди...
“Нимжон бўлса ҳам характери бор эди”
Хуршида Холиқова, Самарқанд вилоят олий спорт маҳорати мактаби ва Пастдарғом туманидаги 1-БЎСМ мураббийи, спорт устаси:
— Диёра илк машғулотга келган кунларни яхши эслайман. Жуда нимжон, лекин ўзига хос характери бор эди. Шуғулланишни бошлагандан сўнг икки йиллар ўтгач, мусобақаларга олиб чиқа бошладим. Аввал вилоят биринчилигида ғолиб бўлди. Ўша йили республика чемпионатида 3-ўринни эгаллади. Кейинги йили мамлакат чемпиони бўлди. Ўшандан бери республика чемпионатида ўз вазнида 1-ўринни ҳеч кимга бермай келмоқда.
Шогирдининг ютуғи мураббийга қанчалар фахр, ғурур, завқ-шавқ, янада кўпроқ меҳнат қилишга рағбат, иштиёқ беришини мураббийлар яхши билади. Ўтган йили жаҳон чемпиони бўлганида қанчалик қувонган бўлсам, Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганида шунчалик ғурурландим. Шу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз, албатта. Яқинда у катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 52 килограмм вазн тоифасида 1-ўринни олди. Эндиги мақсадимиз Олимпиада чемпиони бўлиб, жаҳоннинг энг нуфузли спорт анжуманида Ватанимиз байроғини баланд кўтариш. Диёрага ишонаман, бу унинг қўлидан келади.
“Бувим доим мен билан бирга”
—2013 йили Россиянинг Тверь шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада 5-ўринни эгалладим. Ҳатто бронза медал ҳам ололмаганим жуда алам қилган, — деб эслайди Диёра. — Ўшанда катта энамга йиғлаб СМС ёзганман. Бувим шундай жавоб берган эди: “Йиғлама, болам. Ҳали кўп ютуқларинг олдинда. Мана, шунча дунё кезаяпсан. Кўп элларни кўраяпсан. Билсанг, шунинг ўзиям катта гап. Сенинг кўзинг — менинг кўзим. Сенинг кўнглинг — менинг кўнглим. Шуни яхши билиб қўй. Қачон, қаерда бўлсанг ҳам, сен билан биргаман. Буни ҳеч қачон унутма”.
Олдин мени бувим, ота-онам, мураббийларим дуо қилган бўлса, энди бутун халқимиз, Юртбошимизнинг эътиборига тушдим. Зулфия номидаги давлат мукофоти зиммамдаги масъулиятни чандон оширди. Бундай юксак эътибор, эътирофга муносиб бўлишга, она Ватанимиз довруғини узоқ йиллар дунёга таратиб юришга ваъда бераман.
Ҳусан НИШОНОВ,
“Ma’rifat” мухбири