Зукко ва иқтидорлилар танлови
Шу кунларда умумтаълим муассасаларининг 9—10-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг учинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Нурафшон шаҳридаги 1-мактабда 748 нафар 9-, 607 нафар 10-синф ўқувчиси Тошкент вилоят босқичида юқори ўрин учун беллашди.
— Олимпиада мактаб таълим сифати кўрсаткичларини ҳам белгилайди, — дейди Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурҳонов. — Кейинги уч йилда ўқувчиларнинг билим сифати кўрсаткичларининг асосий параметрлари бўйича вилоятимиз республикада 8-ўриндан 5-ўринга кўтарилди.
Олимпиадада 9-синфлар 19 та, 10-синфлар 17 та фан бўйича синовларда иштирок этди. Танлов шартларини эркин ва мустақил бажариш учун барча шароитлар муҳайё этилди. Синф¬хоналарга кузатув камералари ўрнатилди.
— 20 йилдан буён фан олимпиадаси ва билимлар беллашувида ҳакамлик қиламан, — дейди Зангиота туманидаги 19-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Озод Абдураупов. — Мисол ва масалалар ДТС талабларига мос равишда танлаб олинмоқда. Бироқ фан олимпиадаси шартларидаги топшириқлар умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун бир хил экани бироз тушунарсиз. Чунки оддий мактабда ҳафтасига икки соат ўтиладиган фан ихтисослаштирилган мактабда беш соат ўқитилади.
Шайхонтоҳур туманидаги 34-мактабда ҳам фан олимпиадасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда 561 нафар 9-синф ҳамда 550 нафар 10-синф ўқувчиси ўз иқтидорини намо¬йиш этди. Жумладан, география фани бўйича қатнашган 42 нафар ўғил-қизнинг ёзма ва тест жавобларини текширган ҳакамлар ҳайъати аъзоси Озода Турдиева танловнинг бу босқичида истеъдодли ўқувчилар иштирок этганини таъкидлади.
Шоира БОЙМУРОДОВА