Масофавий таълимнинг кенг имконияти
Юртимиз олий таълим тизимида илк бор масофавий таълим кенг миқёсда татбиқ этилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида 15 та олий ўқув юртида ташкил этилган махсус сиртқи бўлим талабалари келаси ўқув йилидан бошлаб масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади. Мазкур онлайн ўқитиш платформаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан йўлга қўйилди.
— Мазкур платформа Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги “Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси сифатида ишлаб чиқилди, — дейди Таълим муассасаларида элек¬трон таълимни жорий этиш марказининг кадрлар малакасини ошириш бўлими бошлиғи Улуғбек Мирзалимов. — Ҳозир Низомий номидаги Тошкент педагогика университети билан ҳамкорликда махсус сиртқи таълимда ўқитиладиган 144 та фан бўйича электрон ўқув ресурсини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бундай ресурс илк маротаба яратилмоқда. Шунингдек, электрон ўқув қўлланма ва дарсликларнинг мавқеи анъанавийси билан тенг¬лаштирилди. Элек¬трон китоб учун ҳам қалам ҳақи тўланиши белгиланди.
Жараён беш босқичда амалга оширилади. Аввало, электрон ресурсларни ишлаб чиқишга масъул бўлган 450 нафар профессор-ўқитувчининг малакаси оширилади. Шундан сўнг улар электрон ўқув ресурсларни ишлаб чиқади. Электрон ресурс таркибида ўн икки мингдан ортиқ видеомаъруза, талабалар мус¬тақил ўрганиши учун яна шунча назарий материаллар, таянч сўзлар (глоссарий), билимни назорат қиладиган йигирма беш мингдан ошиқ элементлар, лаборатория топшириқлари, йигирма тўрт мингдан ортиқ турли саволлардан иборат банки шакллантирилади. Тайёрланган ресурслар /mooc.edu.uz сайтига жойлаштирилади. Тўртинчи босқичда тизимдан фойдаланиш бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг малакаси оширилади. Сўнг платформа ишга туширилади. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформанинг ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси йўлга қўйилади.
Масофавий таълимда талабалар ҳамда ўқитувчилар интeрнeт ёрдамида масофадан туриб интeрфаол мулоқот олиб боради. Унинг афзаллиги шундаки, талаба ўзига қулай вақтда, ҳаттоки, ишдан ажралмаган ҳолда билим олиши мумкин. Айнан шу жиҳати туфайли ушбу тизим дунё¬да кeнг тарқалган. Кўпгина йирик корхоналар мутахассислари малакасини ошириш ёки мутахассислигини ўзгартириши учун шу услубдан фойдаланилиб, йилига миллионлаб маблағлари тeжалмоқда. Яъни, ўқиш давомида талабаларга аудиториялар, ётоқхоналарга сарфланадиган молиявий харажатлар, асосан, ўқув-услубий матeриаллар тайёрлаш, махсус аудиториялар учун йўналтирилади. Яна бир томони, талаба ўқиш муддатини ўзи бeлгилайди, яъни ихтиёрий пайтда билим олишни бошлаши мумкин. Матeриалларни ўқитувчи назоратида ўзлаштиради.
Мамлакатимиз олий таълим тизимида масофавий таълимнинг жорий қилиниши давлат учун ҳам, талаба учун ҳам таълим харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, қабул квоталарининг ошишига хизмат қилади. Шунингдек, талабаларнинг иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиши таълим ва меҳнат фаолиятларининг уйғунлашувини таъминлашда ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Аброр УМАРҚУЛОВ