Ғаллаоролда китобхон ўқувчилар йўқми?
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган “Энг ёш китобхон” танловида бир неча салбий ҳолатлар гувоҳи бўлиб, рости, ажабландим.
Танловнинг Ғаллаорол туман босқичида уч ёш тоифасида 1000 дан ортиқ китобхон сараланди. Туман тарихида биринчи бор бундай юқори натижа қайд этилгани қувонарли. Эътирофга молик томони, Иқтисодиёт коллежидан гарчи 10 нафар иштирокчи сўралган бўлса-да, 50 нафардан ортиқ китобхон иштироки таъминланди. Аммо тумандаги Булоқбоши компьютер технологиялари, Лалмикор саноат, тиббиёт, Жума, Гулистон қишлоқ хўжалиги, Қипчоқсув транспорт ва хизмат кўрсатиш коллежларидан жиллақурса, бир нафардан ўқувчи иштирок этмади. Савол туғилади: таълим даргоҳларида китобхон ёшлар йўқми? Албатта, бор. Аммо ушбу таълим муассасаларида бошқарув тизими ишдан чиққан. Маънавиятчилар ўз йўналиши бўйича фақат қоғозда ишлайди. Ёшлар етакчиси ўз ўрнини топиб ололмаяпти. Уларнинг ўзлари етакловга муҳтож.
Бундай ҳолатлар туман мактабларида ҳам учрамоқда. Китобхонни етаклаш кимнинг вазифаси? Директор “Бу иш директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига тааллуқли”, деса, ўринбосар масъулиятни кутубхоначига юклаб қўяқолади. Кутубхоначи эса бунга ёшлар иттифоқи етакчисини масъул деб билади. Бундай тортишувга йўл очиб берган раҳбар қай даражада ҳақ? У, аввало, давлат миқёсида қўйилаётган масаланинг масъулиятини ҳис қиляпти. Уч кунлик танловда, 6,8,32,46,47,51,52,68-мактабларнинг бир нафар ҳам вакили иштирок этмаганлиги маълум бўлди. Бу таълим даргоҳларида китобхон ёшлар бўлмаслиги мумкин эмас.
Тадбирга ўқувчи таклиф қилиниши, ҳар бири билан телефон орқали боғланиб, жиддий огоҳлантирилгани ҳам кор қилмаган бу мактаб мутасаддиларига нисбатан туман халқ таълими бўлими жиддий чора кўриши керак, назаримда.
Тайёргарлик суст. Натижа ҳам шунга яраша — 100 баллик тизимда айрим ўқувчилар 6 балдан 22 балгача тўплагани мактаб раҳбарларига сабоқ бўлиши керак. 1000 дан ортиқ иштирокчининг бирортаси юқори натижани қўлга киритмагани туманда таълим сифати ҳаминқадар эканини кўрсатмайдими? Гап китобхонликни ривожлантириш, оммалаштириш ҳақида кетар экан, буни қўл силташ билан ҳал этиб бўлмайди.
Бекназар ҚОРАЖОНОВ