“Вазирлик ва ўқувчи-ёшлар” лойиҳаси
Пойтахтимиздаги Ёшлар марказида «Вазирлик ва ўқувчи-ёшлар» лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди. Унда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ёшлар етакчилари ва «Камалак» сардорлари ҳамда юртимизнинг барча ҳудудидан келган 70 нафар ўқувчи иштирок этди.
— Ушбу ташаббус умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этишга қаратилган, — дейди Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Азиз Баҳодиров. — Бугунги учрашувда ўқувчи-ёшларнинг таълим сифати тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари, “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича таклифлари тингланди. Тадбирда барча вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасидан келган ўқувчилар ўз лойиҳаларини изоҳлаб, истиқболдаги режалари билан ўртоқлашишди.
Ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ҳар бир вилоят ва шаҳардан ўз лойиҳаси билан қатнашаётган ўқувчилар фикри билан танишди. Таъкидлаш жоизки, илк бор ўтказилаётган мазкур лойиҳада республикамизнинг 14 ҳудудидан келган ўқувчилар фаол иштирок этишди. Лойиҳа натижасига кўра, ўқувчи-ёшлар билан ишлаш йўналиши бўйича «йўл харитаси» қабул қилиниши белгилаб олинди. Тадбирда учрашув давомида айтилган мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасадди ходимларга аниқ вазифалар топширилди. Тадбир якунида энг сара лойиҳа эгалари аниқланди. Унга кўра, сирдарёлик ўқувчилар биринчи, Фарғона вилояти ёшлари иккинчи ва Тошкент вилоятидан келган ўғил-қизлар учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга вазирликнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА