Иқтидорли ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди.
2003 йилдан буён “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан юксак ватанпарварлик, фидойилик туйғуси, меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳратини юксалтиришга, унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар тақдирланмоқда. Бугунги кунда бу кўкрак нишони билан мукофотланган ёшлар сони 551 нафарни ташкил этади.
Ушбу кўкрак нишонига номзодлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қуйи ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан тақдим этилиб, совриндорларга мукофот Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг қарори асосида берилади.
Маросимда илм-фан, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда ўқиётган, ишлаётган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган 41 нафар йигит-қизга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони тантанали топширилди.
Тақдирланганлар орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтидорли талабалари илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Боймуродов ҳам бор.
– Мана шундай мукофот билан тақдирланишимиз мамлакатимизда биз, ёшларга катта эътироф ва эътибор самарасидир, – дейди Ш.Боймуродов – Ёшларга дарс бериш ва машғулот ўтиш тизимининг янгича усуллари бўйича 4 та шахсий муаллифлик технологиясини ишлаб чиққанман ва айнан шу технологиялар учун кўплаб ютуқларга эришдим. Илмий изланишларим ёшларни амалиётга тайёрлигини, уларнинг билими ва салоҳиятини аниқлаш учун шароит яратиб беради. Албатта, асосий мақсадим – барча ёшлар қатори келгусида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишдир.
Жорий йилда мазкур кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ҳам тақдирланди. Хусусан, “Россия ёшлар иттифоқи” Умумроссия жамоат ташкилоти раиси ўринбосари Татьяна Селиверстова ҳамда "Hi China" дунё ёшларини ривожлантириш форуми ижрочи президенти Лью Сининг фаолияти мазкур мукофотга муносиб топилди.
– Мана шундай юксак мукофотга лойиқ кўрилганим менда чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотди, – дейди Лью Си. – Бу халқаро тоифадаги биринчи мукофотимдир. Биз Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасида 2+2 лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бораяпмиз. Лойиҳада икки давлат ёшларининг таълим соҳасида тажриба алмашиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, инвестиция соҳасида ҳам бир қанча ишларни амалга оширмоқдамиз. Хусусан, келгуси йилда бир миллиард долларлик сармоя жамғармасини ташкил қилиб, Хитойдан инвесторларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшамиз.