“Конституция — бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Конституция — бахтимиз пойдевори” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Ўқувчиларни қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, улар онгига Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур сингдириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтидорли ва фаол ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичларида 4 миллиондан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Улар орасидан сараланган 28 нафари республика босқичида иншо ва тасвирий санъат йўналишларида ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.
Танлов комиссиясига тақдим этилган ишлар Асосий қонунимизнинг маъно-мазмуни теран ва кенг очиб берилгани, муаллифнинг мавзу доирасида мустақил фикр юритиш кўникмаси, уни эркин ифода этиш усули сингари мезонлар асосида сараланди.
— “Конституция — ҳуқуқлар кафолати” мавзусидаги иншомда Конституциянинг бугунги ҳаётимиздаги ўрнини ёритдим, — дейди Хонқа туманидаги 49-ИДУМ ўқувчиси Д.Қуронбоева. — Бош қомусимизнинг ўзига хослигини оила ва маҳалла институтлари мисолида ифодаладим. Бу эса ёш авлоднинг бахтли келажаги, фаровон ҳаёти, ўзлигини англаши ва баркамол улғайишида муҳим ўрин тутади. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз Рашида Ҳамроевадан олган билимларим менга асқотди.
Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, Республика таълим маркази директори Абдусалом Умаров ва бошқалар Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган ушбу танловнинг нуфузи йилдан йилга ортиб бораётгани, ўқувчиларнинг ушбу беллашувга пухта тайёргарлик кўргани, бунинг замирида устозларнинг машаққатли меҳнати борлигини алоҳида таъкидлади.
Адлия вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилган ушбу кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, иншо йўналишида 1-ўринга Хонқа туманидаги 49-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Динара Қуронбоева сазовор бўлди. Самарқанд шаҳридаги 67-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Меҳрибон Шавкатова, Жиззах шаҳридаги 16-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Нафиса Назирова 2- ва 3-ўринларни банд этди.
Тасвирий санъат йўналиши бўйича Шеробод туманидаги 66-мактаб ўқувчиси Гулҳаё Шокирова 1-ўринни қўлга киритди. Урганч шаҳридаги 24-мактаб ўқувчиси Зуҳра Назарова ҳамда Шаҳрисабз туманидаги 42-мактаб ўқувчиси Бегойим Олимжонова кучли учликдан ўрин олди. Ғолибларга вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари берилди. Шунингдек, ҳар икки йўналишнинг барча иштирокчилари турли номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
“КОНСТИТУЦИЯ – БАХТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ - 2019” КЎРИК-ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ
Иншолар йўналиши:
I ўрин: Хоразм вилояти, Хонқа тумани ИДУМ 8-синф ўқувчиси Қуранбоева Динара Худойберган қизи
II ўрин: Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳар 67-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шавкатова Меҳрибон Шуҳратовна
III ўрин: Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар 16- сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Назирова Нафиса Бозорбой қизи
Тасвирий санъат йўналиши:
I ўрин: Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани 66-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шокирова Гулҳаё Ўктам қизи
II ўрин: Хоразм вилояти, Урганч шаҳар 24-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Назарова Зуҳра Ўринбой қизи
III ўрин: Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, 42-сонли 10-синф ўқувчиси Олимжонова Бегойим Мансур қизи
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
"Ma‘rifat" мухбири