Ташаббускор ва навқирон авлод
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан «Эртанги кун бизники, марра бизники!» шиори остида «Ёшлар ҳафталиги» ўтказилмоқда. Ҳафталикнинг навбатдаги тадбирлари ҳам юксак савияда бўлиб ўтди.
Ёшлар ижод саройининг модалар саҳнасида бу сафар жажжи ўғил-қизлар бежирим либосларни кўз-кўз қилди. «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган «Болажонлар — ширинтойлар» болалар мода фестивалида маҳоратли ижодкорлар, ёш дизайнерлар, болалар ижодиёти марказлари ва бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар болалар учун мўлжалланган либослар қандай бўлиши, кийим танлашда кичкинтойларнинг фикрига ҳам қулоқ тутиш лозимлиги, ота-оналар фарзандига кийим-бош харид қилишда маҳаллий мато ва экологик тоза либосларга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Иштирокчиларнинг болалар ва ўсмирларга мўлжалланган, замонавий тенденция ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган ранг-баранг либослар коллекцияси фестиваль қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, бу кейим-кечакларнинг сифат жиҳатдан хориж маҳсулотларидан қолишмаслиги, ҳамёнбоплиги алоҳида эътироф этилди.
— Фарзандларимизнинг баркамол бўлиб улғайишида либосларнинг ҳам алоҳида ўрни бор, — дейди «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси раиси Холида Комилова. — Тоза, озода кийинган бола доим ўзини эркин, ҳар ишга қодир сезади. Шу боис ўғил-қизларимизнинг кийинишига эътибор қаратишимиз керак. Фестивалда йигирма нафар моҳир дизайнеримиз яратган либослар коллекцияси намойиш этилди. Тақдим этилган либослар тўплами эскизини чизишда болажонлар ҳам иштирок этгани ҳаммамизни қувонтирди. Улар орасида мода соҳасига қизиққан, қобилиятли ўқувчиларнинг борлигидан хурсанд бўлдик. Бундай тадбирлар болалар мода индустрияси ривожи, ёш авлоднинг кийиниш одобини шакллантириш, эстетик дид ва маданиятни камол топтириш, ёш дизайнер ва модельерларни аниқлаш, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Фестиваль доирасида ташкил этилган «Замонавий моданинг долзарб йўналишлари» мавзусидаги маҳорат дарсларида таниқли дизайнер ва модельерлар, профессор-ўқитувчилар, соҳада фаолият юритаётган йигит-қизлар қатнашди. Машғулотлар давомида тажрибали мутахассислар ёш дизайнерларга либосларни лойиҳалаш, янги услуб ва моделлар яратиш, мураккаб чизмалар чизиш ва уни амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар берди.
— Ўқувчиларимиз ўтказилган маҳорат дарсларида муҳим кўникмаларга эга бўлди, — дейди Республика дизайн коллежи ўқитувчиси Наргиза Қоирова. — Биз маҳорат дарсларигача «Денгиз мавжлари» коллекциясини намойиш этдик. Коллежимиз ўқувчиси Ноила Қосимова ижодига мансуб мазкур либослар тўплами ноанъанавийлиги балан томошабинлар эътиборини тортди.
* * *
«XXI аср — интеллектуал авлод асри» шиори остидаги ёш олим ва талабалар илмий-амалий конференциясида турли соҳа ва йўналишларда меҳнат қилаётган тадқиқотчилар иштирок этди. Унда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети магистранти И.Бобожонов «Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни», Тошкент давлат техника университети катта илмий ходими И.Холиддинов «Паст кучланишли электр тармоқларидаги юкламалар носимметриялигида қўшимча исроф ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичларини қайд қилувчи «Малика» деб номланган қурилмани ишлаб чиқиш», Бухоро давлат университети талабаси С.Иброҳимов «Инглиз тилини ўргатувчи дастур», Молия вазирлиги ғазначилигининг амалиёт бошқармаси 1-тоифали инспектори Э.Турдиев «Корхоналарда стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилишнинг назарий жиҳатлари», Тошкент тиббиёт академияси магистранти Б. Эгамов «Ички уйқу артериялари окклюзияси билан касалланган беморларда ташқи уйқу артерияларида реконструктив амалиётлар» мавзуларида яратган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Мутахассислар истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида ўз таклиф ва тавсияларини берди.
* * *
Ёшлар фестивалидан ўрин олган «Тафаккур синовлари» кўрик-танловининг финал босқичида Фарғона давлат университетининг «Сарбон», Урганч давлат университетининг «Ал-Хоразмий ворислари», Самарқанд давлат университетининг «Истиқлол», Тошкент молия институтининг «Истиқлол фарзандлари», Тошкент давлат аграр университетининг «Агроислоҳотчи» ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг «Адолат» жамоалари ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
— Бу интеллектуал беллашув номига муносиб танлов, — дейди «Адолат» жамоаси аъзоси Дилноза Ўринбоева. — Чунки, ўрганган билим ва кўникмаларимиз мазкур беллашувда яққол намоён бўлди. Биз рақибларимизга рақиб сифатида эмас, балки ҳамфикр, маслакдош дўст сифатида эътибор бердик. Улардан ўзимиз билмаган кўп нарсани ўргандик ва тенгдошларимизга ҳам ўз салоҳиятимизни намойиш этдик.
Дарҳақиқат, «Тафаккур синовлари» кўрик-танловини кузатар эканмиз, иштирокчилар кўзида бир-бирига меҳр, дўстлик туйғуларини, билим олишга бўлган иштиёқни кўрдик.
* * *
Ҳафталикда олий таълим муассасаларининг театр студиялари томонидан намойиш этилган томошалар кўпчиликка манзур бўлди. Жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг «Педиатр» жамоаси Ш.Бошбековнинг оила муқаддаслиги, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларга бағишланган «Эски шаҳар гаврошлари» пьесасини, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Камолот» жамоаси гиёҳвандлик ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Умидага аталган гуллар» номли саҳна асарини намойиш этди. Қарши давлат университети талабалари томонидан тайёрланган «Зарба», Қорақалпоқ давлат университети жамоасининг «Тебранмас юраклар» спектакли ҳам томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Театр томошаларининг якуний қисми Ўзбек миллий академик драма театрида ўтказилди. Унда Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Жалолов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов ва бошқалар ёш авлод маънавиятини оширишда театрнинг ўрни ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимига навбат берилди. Тошкент кимё-технология институтининг
«Кимёгар» жамоаси тақдим этган «Тортадурман жабрини» асари «Энг яхши ижро маҳорати учун» ҳамда Қарши давлат университетининг «Зиё» студияси намойиш қилган «Зарба» спектакли «Глобал муаммонинг саҳнавий талқини учун» номинациялари бўйича ғолиб бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари «Ёшлар ҳаётини акс эттирган долзарб мавзулар талқини учун», Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Шекспир ихлосмандлари» жамоаси «Жаҳон мумтоз асарларининг ўзига хос талқини учун» ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти йигит-қизлари «Маънавий-маърифий мавзулар талқини учун» номинациялари бўйича мукофотланди. «Энг яхши спектакль» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоқ давлат университетининг «Тебранмас юраклар» спектакли Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида намойиш этилди.
* * *
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, кайфиятини кўтариш мақсадида ташкил этилган «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови муросасиз баҳсларга бой бўлди. «Туркистон» санъат саройида бўлиб ўтган мазкур беллашувнинг якуний босқичида Самарқанд давлат университетининг «Илҳом», Нукус давлат педагогика институтининг «Турон», Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг «Оғалар», Тошкент автомобиль йўллар институтининг «Осмондаги болалар», Ўзбекистон Миллий университетининг «Шоввозлар» ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Дув-дув гап» жамоалари иштирок этди.
— Биз саҳнага фақат кулдиришга эмас, балки ёшлар ҳаётида учраб турадиган муаммо, камчилик ва нуқсонларни ҳазил-мутойиба орқали кўрсатиш учун чиқдик, — дейди «Шоввозлар» жамоаси аъзоси Дилшод Абдукаримов. — Мақсадимиз инсонларга кулгу улашиб, уларни эзгу ишларга чорлаш, ёт иллатлар таъсирига тушиб қолишдан огоҳлантиришдир.
Кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, «Бу кунларга етганлар бор...» мавзусидаги таништирув, савол-жавоб ва «Орзулар оғушида» деб номланган шартларда фаол ҳаракат қилиб, долзарб мавзуларни саҳнага олиб чиққан Нукус давлат педагогика институтининг «Турон» жамоаси ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар «Осмондаги болалар» ва «Шоввозлар» жамоасига насиб этди.
* * *
Ҳафталикда продюсерлик, актёрлик ва режиссёрлик маҳорати бўйича ташкил этилган маҳорат машғулотлари ёш киноижодкорлар учун ёрқин таассуротларга бой бўлди. Маҳорат дарсларида юртимиз ва хорижлик профессионал режиссёрлар санъат оламига энди кириб келаётган ёшларга ўз тажриба ва малакалари ҳақида гаприб берди.
— «PROlogue» — ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлар намойишини кузатиб, ўзбек ёшларининг интилувчанлигига яна бир бор амин бўлдим, — дейди чехиялик кинорежиссёр Эмилия Гавиарова. — Фильмлардаги тасвир, овоз сўнгги технологиялар ёрдамида амалга оширилган. Сценарий ва сюжет мукаммаллаштирилиб, актёрлар ижроси кучайтирилса, бундай киноларга талаб янада ортар эди. Бу йўлда эса биз — катталар кино оламига илк қадамларни ташлаётган ёшларга ўз вақтида тўғри йўналиш беришимиз керак.
«Ёшлар ҳафталиги» доирасидаги «Янги нигоҳ» видеороликлар танлови, «Модадаги сиймолар» кўргазмаси, продюсерлик иши бўйича маҳорат дарслари, турли семинар ва конференциялар ҳам юқори даражада ташкил этилди. Тадбирларда фаол иштирок этиб, ўз иқтидорини намоён қилган иштирокчилар фестиваль ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига уюштирилган саёҳат ва таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари ҳафталикка янада жўшқинлик бағишлади.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири