Самарқандлик ёшлар даврасида
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остидаги ёшлар фестивали Самарқандда ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.
Фестиваль ёшлар марказида ташкил этилган матбуот анжумани билан бошланди. Унда сўзга чиққан Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳиммат Оқбўтаев, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар фестивалнинг аҳамияти ҳамда унда амалга ошириладиган лойиҳалар мазмун-моҳияти хусусида гапириб ўтдилар.
Анжумандан сўнг самарқандлик ёшлар ташаббуси билан мустақилликнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб ҳунарманд ва тадбиркорларнинг турли буюм ва жиҳозлари кўргазмаси ташкил этилди. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган «Темур тузуклари» медиа-тўпламини яратиш лойиҳаси ҳам ўзига хос тарзда ўтди.
«Юлдузлар билан тарихга саёҳат» лойиҳаси доирасида фестивалнинг тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирок этаётган маданият ва санъат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, эстрада хонандалари, театр ва кино актёрлари, ёш олимлар, давлат мукофоти совриндорлари билан Самарқанднинг тарихий обидалари, муқаддас зиёратгоҳларга саёҳат уюштирилди. Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним мадрасаси, Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби диққатга сазовор қадимий масканлар тарихига оид маълумотлар фестиваль қатнашчиларида алоҳида таассурот қолдирди. Ёшлар ўз аждодларига муносиб авлод бўлиш, улар қолдирган бебаҳо меросни асраб-авайлаш, келажакка етказиш кераклигини англаб етдилар.
— Элимиз суйган ижодкорлар, санъат, маданият, спорт, фан ва таълим соҳасида юксак марраларга эришаётган тенгдошларимиз билан учрашишни интиқлик билан кутамиз, — дейди ҳаяжонини яширолмай Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Асқар Абдуллаев. — Улар билан фикр алмашиш, тажрибасини ўрганиш орқали биз ҳам ўз устимизда ишлаб, мустаҳкам билим олиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишга интиламиз.
Самарқанд шаҳрида «Марра бизники» шиори остида мустақиллик марафони ҳам ташкил этилди. Ёшларни соғлом турмуш тарзига чорлаган мазкур лойиҳада уч мингга яқин талаба ва ўқувчи иштирок этди. Маррани биринчилардан бўлиб кесиб ўтган ҳаваскор спортчиларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. Регистон ансамблида эса «Ёшлар — жонли ижро тарафдори» лойиҳасида умидли ёш хонандалар ўз иқтидорини намоён этишди.
«Талабаларнинг театр студиялари» лойиҳасида Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театрида Қорақалпоқ давлат университети «Жайҳун» ижодкор талабалар жамоасининг «Тебранмас юраклар» спектакли намойиш этилди.
— Тўғри йўлдан адашган, ор-номусини унутиб, ота-онанинг юзига оёқ қўйган баъзи ёшларнинг қилмишларининг аянчли оқибатини ушбу спектаклда акс эттирдик, — дейди спектакль муаллифи ва режиссёри Ажиниёз Исмоилов. — Ёшлар вақтнинг қадрига етишсин. Турли иллатлар домига тушиб қолмасин, ниятимиз шу. Саҳна асаридан сабоқ олган ёшлар ҳаётда қоқилмайди, деб ўйлайман.
«Нуронийлар — эъзозимизда», «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» лойиҳалари доирасида маҳаллалардаги якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шунингдек, саховат уйидаги кекса нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, уй юмушларига ёрдам берилди. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун хайрия тадбирлари уюштирилди.
Ёшлар фестивали иштирокчилари энг чекка туманлардаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда ҳам бўлишди. Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи, 41-умумтаълим мактаби, 5-болалар мусиқа ва санъат мактабларида «Одам савдоси — давр муаммоси», «Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид», «Биз — соғлом турмуш тарафдоримиз» мавзуларида учрашув ва давра суҳбатларининг ўтказилиши ёшлар аудиториясига манзур бўлди.
— Баъзи ёшларнинг пул топиш илинжида ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов. — Бунга ким айбдор? Агар ота-оналар, педагоглар ёшларни вақтдан, яратилаётган қулай имкониятлардан унумли фойдаланишга ундаса, улар турли иллатлар домига тушиб қолмайди. Ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилинаётган ўзлигимиз, қадриятларимизга зид нарсалардан ёшларни асраб-авайлашимиз керак.
— Коллежимизга таниқли хонанда ва актёрларнинг ташриф буюргани биз учун кутилмаган воқеа бўлди, — дейди Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Маҳлиё Отамуродова. — Уларнинг таклиф ва тавсиялари бизга сув ва ҳаводек зарур.
Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матжонов қаторида ёш киноактёр ва актрисалар гуруҳи Нарпай туманида ҳам бўлишди. Нарпай йўл қурилиш ва автосервис коллежида «Бу — менинг Ватаним» лойиҳаси ўтказилди. Президентимизнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» номли китобини ўрганиш юзасидан давра суҳбати ташкил этилиб, мамлактимизда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий соҳалардаги ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Президент асарларини чуқур ўрганаётган салоҳиятли ёшлар билан фикр алмашилди.
Туманда «Замонамиз қаҳрамонлари», «Ватаним — менинг фахрим», «Нуронийлар эъзозимизда» каби қатор лойиҳалар бўйича ўтказилган турли тадбирлар ҳам маърифий, ҳам тарбиявий аҳамият касб этди.
Фестиваль иштирокчилари вилоятнинг Самарқанд, Пастдарғом, Ургут, Тайлоқ, Булунғур, Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Пайариқ ва Пахтачи туманлари марказлари ҳамда чекка қишлоқлардаги, қатор таълим муассасаларида бўлиб, ёшлар билан дилдан суҳбатлашдилар. Пастдарғом, Ургут, Пахтачи туманлари марказлари, истироҳат боғларида ташкил этилган концерт дастурлари қишлоқ ёшларида унутилмас таассурот қолдирди.
Самарқанддаги муҳташам «Мўъжиза» амфитеатрида «Мустақиллик фарзандлари» гала-концерти бўлиб ўтди. Фестивални ўтказишда яқиндан ёрдам берган муассаса ва ташкилотлар, унда фаол иштирок этган тарғиботчилар ҳамда ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири