Ватаним келажаги учун овоз бераман
Навоий вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Сайловчилар, айниқса, биринчи марта овоз бераётган ёшларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқаро демократик талабларга тўла жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилгани, сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган меъёрлар фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаши, конституциявий ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишида юксак самаралар бермоқда.
Жорий йилнинг 4 декабрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 5-Навоий сайлов округидан 641 мингдан зиёд сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Улардан 11 мингдан ортиғи биринчи марта овоз берадиган ёшлардир. Округ сайлов комиссияси томонидан таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этилаётган турли тадбир ва давра суҳбатлари ёшларнинг сайловга оид билимини бойитишга хизмат қилмоқда.
Навоий шаҳридаги 31-сайлов участкасида сайлов куни 42 ўғил-қиз биринчи марта овоз беради.
– Биз тенги ёшлар Ватанимиз келажаги учун муҳим аҳамият касб этадиган сайловда биринчи марта иштирок этамиз, – дейди Навоий давлат педагогика институти қошидаги компьютер ва ахборот технологиялари академик лицейи ўқувчиси Жаҳонгир Қосимов. – Тўғрисини айтсам, бу кунни орзиқиб кутмоқдаман. Сайловда иштирок этиш масъулияти жуда катта экан. Конституциямизда белгиланган ҳуқуқимдан фойдаланиб, юртимиз келажаги учун овоз беришимдан фахрланаман. Сайлов участкасида яратилган шароитлардан фойдаланиб, сайловга оид адабиётлар билан танишиб чиқдим. Сайлов куни юртимиз келажаги учун хизмат қиладиган муносиб номзодга овоз бераман.
Нуриддин Раҳимов,
ЎзА мухбири