Гўзал оҳанглар гулдастаси
халқ чолғулари бўйича “Она юрт оҳанглари” II халқаро танлови якунланди
Сўз тугаган жойда соз бошланади. Бу ҳикмат – азалий ҳақиқат. Сўзга шайдо кўнгилга соз билан кириб бормоқ дил қулфига калит солмоқ кабидир. Ишқ, вафо, садоқат, дўстлик... ўйласак, улар худдики чолғулар бағрида қават-қават жойлашган: чалингани сайин ўзни бир-бир аён қилади. Шу маънода “Она юрт оҳанглари” қалбга самимий ташриф, ёш ижрочилар учун истеъдод мактаби бўлди, десак асло янглишмаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида иккинчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро танлов том маънода дўстлик тараннумига айланиб улгурди.
— Салкам тўрт юзга яқин иштирокчини тинглаб, энг муносибларини ажратдик, — дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси “Халқ чолғулари ижрочилиги” кафедраси мудири, ҳакамлар ҳайъати аъзоси, профессор Анвар Лутфуллаев танловнинг биринчи тури якунлари бўйича фикрини баён этаркан. — 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган гуруҳдан ўттиз олти; 16 ёшдан 19 ёшгача гуруҳдан эса қирқ, жами 96 нафар қатнашчи иккинчи босқичга ўтказилди. Шуни ишонч билан айтаманки, ёшларнинг ижро маҳорати жуда юқори. Буни нафақат ўзимиз, балки танловни биз билан бирга кузатиб, баҳолаб бораётган халқаро тоифадаги мутахассислар, мусиқашунос олимлар ҳам эътироф этишаяпти. Иштирокчилар биринчи турда ўз диёри оҳангларини, йирик шаклдаги куйларни чалган бўлса, иккинчи тур шартига кўра ўзбек композиторлари асарларини оркестр жўрлигида ижро этади.
— Оркестр билан деяпсиз. Демак, танлов шарти бироз қийинлашади...
— Бироз эмас, анча. Чунки илк босқичда боланинг маҳорати яккахон тартибда синовдан ўтказилди. Бу ҳолда хато-камчилик нисбатан кам кузатилади. Бунга сабаб ёш ижрочилар ўз дастурида келтириб ўтган куйларга узоқ тайёргарлик кўрган, ҳатто ноталарни сув қилиб ичиб юборган. Бу сафар эса улар ижродан ташқари, жамоани тинглай билиш салоҳиятини намоён этиши керак. Ёшларнинг профессионал созанда бўлиб етишишида кўповозликнинг, яъни оркестр ёки ансамблнинг ўрни беқиёс. Бунда унинг эшитиш қобилияти шаклланади, жамоа бирлигини ўрганади.
— Баҳолаш мезонида ҳам шунга яраша ўзгариш борми ёки...
— Ижро хоҳ яккахон бўлсин, хоҳ оркестр билан бирга, аввало, асарнинг бадиий хусусияти муҳим. Иштирокчилар куйни қандай ҳис қилаяпти, чолғуга меҳри, муносабати қандай, саҳна маданияти — барчасини инобатга оламиз.
— Демак, мезон ўша-ўша.
— Ўзгармаган. Айтайлик, биринчи турда йигирма баллдан юқори тўплаган ижрочилар кейинги босқичда қатнашадиган бўлди.
— Неча баллик баҳолаш тизимидан келиб чиқиб...
— Йигирма беш! Фақат... бу сафар ёш ижрочилардан кўпроқ диққат-эътибор талаб қилинади. Агар озгина хатоликка йўл қўйилса, куйни оркестрга ҳамоҳанг “илиб” кетиш қийин.
— Анвар ака, иккинчи тур бўйича ижро дастурини кузатдим. Тўқсон олти нафар ўғил-қиз дедингиз, уларнинг аксари битта куйни чаларкан. Мана масалан, мизробли чолғулар йўналиши иштирокчилари учун Хуршида Ҳасанованинг “Орзулар парвози” ёки Шерзод Собировнинг “Пьеса”си белгиланган.
— Ўнта мисол ечган эмас, битта мисолни ўн хил усулда ишлаб, аниқ жавоб топган ўқувчи маҳоратлироқ саналади. Математикада шунақа. Мусиқа бошқа, албатта. Бироқ бу ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Қозоғистонлик қизимиз қўбизда чалган куйни озарбойжонлик ўғлимиз камончада ижро этади. Ўша куй яна рубобда, торда, найда... янграйди. Дастурдаги куйларнинг ҳар бири чолғунинг ўзига мослаб басталанган вариантга эга. Шундай экан, ким зўрроқ ё истеъдодлироқ – биз айтмасак ҳам, иштирокчиларнинг ўзи ажратиб олади.
В.А.Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи залидамиз. Бунда навбатини ҳаяжон билан кутаётган, соз билан хаёлан машқ қилиб, бармоқларини ноталар устида юргизаётган ўғил-қизларни кўриб, энтикиб кетасиз. Улар ўз келажагини соз билан боғлаган болалар!
Залнинг бир бурчида бевосита иккинчи босқични кузатар эканмиз, профессор Анвар Лутфуллаевнинг “математика” ҳақида айтганлари хаёлимга қуйилиб келаверди. Мусиқани илмий-назарий жиҳатдан тушунмасам-да, оддий тингловчи сифатида ўзим учун баҳолаб бордим. Ҳатто ким ғолиб бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахмин қилдим. Чунки айрим ижрочилар куйни қиёмига етказиб чалаётган бўлса, бирлари маромда эмас. Демак, булар ҳам асарнинг бадиий хусусиятига таъсир қилади.
Мисол учун, озарбойжонлик Моҳир Гаджиев “Вальс”ни камончада ижро этиб бўлгач, зални олқишлар тутиб кетди. Ижродан сўнг болакайни суҳбатга чорладик. Унинг ўзига ишончи, дастуридан кўнгли тўқ эканини кўзлари айтиб турарди.
— Ўзбек куйлари бизнинг чол¬ғуларга ҳамоҳанг экан, — дейди Моҳир. — Устозим билан куйни ўргандик, нола-қочиримлари устида ишладик. Камончага мослаб уйғунлаштирдик.
— Қайси мактабда ўқийсиз?
— Боку шаҳридаги 21-болалар мусиқа мактабида.
— Танлов сизга ёқдими?
— Жуда гўзал, — деди у шевасига хос мулойимлик билан.
Она юрт оҳанглари чиндан гўзал. Бири найга хос маҳзунлиги, бири дутордек майин экани билан, яна бири доирадек жўшқин, бошқаси эса танбурдек сокин бўлгани учун... гўзал!
Бугун Ўзбекистон давлат консерваториясида халқаро танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилади.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ